Сирдарёдаги 15 та оғриқли муаммо

сирдар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчиси-Т.Худойбергеновнинг ўқиши шарт эмас…

 

 …Ҳар бир Инсон эътиқод эркинлигига ва уни эркин

 ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ҳеч бир тўсиқсиз

 ўз эътиқодига амал қилиш эркинлигини ҳамда ахборот

 ва ғояларни ҳар қандай восита билан давлат

 чегараларидан қатъий назар, излаш, олиш ва тарқатиш

 эркинлигини ўз ичига олади.

 

(Инсон Ҳуқуқлари умумжахон Декларацияси, 19 модда)

 

 …Ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан

 биргаликда ваколатли давлат органларига, таклиф ва

 шикоятлар билан мурожаат қилишга эга. Аризалар,

 таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда

 ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

 

(Ўзб. Респ. Конститутсияси 8-боб, 35-модда)

 

 …Мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва

 профилактикаси, айбдор шахслар жавобгарлигининг

 муқаррарлигини таъминлашга доир чора-тадбирларни

 ишлаб чиқиш: Давлат органлари… ҳамда уларнинг

 мансабдор шахслари мурожаатлар тўғрисидаги

 қонунчилик талаблари ва нормаларини бузганликлари

 учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган

 жавобгарлик хусусида қатъий огоҳлантирилсин.

 

 ( Ўзб. Респ. Президентининг “ Жисмоний ва

 юридикшахсларнинг шахсларнинг мурожаатлари

 билан ишлаш тизимини тубда такомиллаштиришга

 доир чора – тадбирлар тўғрисида ” ги 28.12.2016-

 йилдаги Фармони)

 

 …Жисмоний ва юридик шахсларга, Давлат органларига,

 ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка

 тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этиш ҳуқуқи

 кафолатланади. …Мурожаат этувчига кўриб чиқиш

 натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида

 мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг ёзма ёхуд электрон

 шаклда дарҳол хабар қилинади…

 

 ( “ Жисмоний ва юридик шахсларнинг

 мурожаатлари тўғрисида ”ги Ўзб. Респ. нинг янги

 таҳрирдаги Қонуни )

 

 … Ўзбекистонда жамиятни демократиялашувига ўз

 ҳиссасини қўшиш, Инсонларнинг сиёсий ва фуқаролик

 ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “Эзгулик” Жамиятининг

 бош мақсадидир. Вазифаси: Инсон ҳуқуқлари соҳасида

 аҳборот тўплаш, уни таҳлил қилиш (мониторинг) ва

 тарқатишдир…

 

 (Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти

 Низоми 2-боб.)

 

 

Сирдарё вилояти прокуратурасининг Ўзбекистон Республикаси

Президентига ҳиёнати

 

1.Ўзбек давлатчилиги узоқ тарихга эга. Мустақилликка эришганимизга яқинда 27 йил тўлади. Давлатимиз Конституция бўйича суверен демократик республика деб эълон қилинган. Демак, давлат раҳбари-Президент Ҳалқ тарафидан тегишли муддатда умумий овоз бериш йўли билан сайланади. Давлатнинг бирдан-бир манбааси-бу ҳалқ ҳисобланади. Демак, амалдаги Ҳокимият (Давлат, Хукумат) ҳам Ҳалқ иродасига тегишли. Президентлик бошқарув шакли мутлоқ ҳукумрон (гегемон) бўлиб қолмаслиги учун Давлатчилик бир-бирини тийиб туриш мақсадида 3 мустақил тизимга (ҳокимиятга) бўлинган. Улар;

 

 - Қонун чиқарувчи орган; (2 Палатали Олий Мажлис)

 - Ижро этувчи орган; (Президент Девони, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳокимликлар, вазирлик, Давлат қўмиталар, агентликлар, корпорациялар ҳамда Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳоказолар)

- Суд ҳокимияти; (Вилоят, туман ва шаҳар судлари, Олий Суд ҳамда унинг таркибий тузилмалари)

 

Ушбу Давлат тузилмалари орасида ижро ҳокимиятчилигига тегишли Қонунийликни ҳимоя этувчи, ўз функциясига кўра, Республика бўйича амалдаги қонунларни бир хилда бажарилишини назорат қилувчи, қонунларнинг ва унинг ижросини барча (Инсонлар, фуқаролар) учун тенглиги принцпини амалга оширувчи орган бу-Прокуратура ҳисобланади.

 

 2. Шу сабабдан ҳам биз ҳуқуқ ҳимоячилари жамиятимизга ўз бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш борасида ёзма мурожаат этишган фуқаролар манфаатида амалий ёрдам сўраб, асосан Прокуратура органларига тегишли тартибда мурожаатлар йўллаймиз ва асослантирилган жавоб кутамиз…

Хўш, тартиб шундай экан, Ўзб. Респ. Бош Прокуратурасига бўйсунувчи Сирдарё вилояти прокуратурасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига муносабат қандай?

 

3. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Сирдарё вилояти фаоллари 2016/2018-йиллар давомида фуқароларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида дастлаб Сирдарё вилояти прокуратурасига, сўнгра натижа 0 (ноль) га тенг бўлгач, тартиб бўйича Ўзб. Респ. Бош прокуратурасига, бир вақтнинг ўзида республика Президентининг 2016-йил 28-декабрь кунги Фармонига асосан ташкил этилган Ҳалқ қабулхоналарига жами 102 та йўлланган асосли мурожаатларимиздан бирортаси ижобий ечим топмади!!! (3 тагина мурожаат натижаси шахсан ўзимизнинг иштирокимиз натижасида масала жойида ижобий ҳал бўлди)

 

 4. Бу мурожаатлар замирида Халқаро ва миллий қонунчилигимиз томонидан ҳам оғир жиноят деб эътироф этилган жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан содир этилган жиноятлар ва бошқа турдаги жиноятлар;

 - Одам ўлдириш, (қотиллик)

 - Номусга тажоввуз этиш,

 - Босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик ва ўғирлик,

 - Коррупция, мансаб сохтакорлиги, меҳнат қонунчилиги,

 - Фуқаролик паспорти олишдаги коррупция, Ҳокимият ва Прокуратура ҳаракатсизлиги,

 - ИИБ тизимидаги, МИБ фаолиятидаги босқинчилик ва зўравонликлар ҳамда шу каби жамиятимиз учун ҳавфли иллатлар ташкил этади… (Биз муқаддам ҳам бир-неча марта республика Президенти виртуал қабулхонаси ва ижтимоий тармоқлар орқали “Сирдарё вилоятида очилмай қолган жиноятлар” сарлавҳаси остида мақолалар чоп этган эдик)

 

Қуйида эса жиноятчилик ва қонунбузарликлар аҳволининг ўзгармаётганлиги ҳамда Сирдарё вилояти Прокуратурасининг бу вазиятга нисбатан муносабатини янги далиллар асосида шарҳлашга ҳаракат қиламиз.

 

 5. Яқин тарихга назар: Бундан 7, 8 йиллар аввал вилоят ёки Республика Прокуратурасига йўллаган мурожаатлар ўз вақтида кўриб чиқиларди, Прокуратура (ва мансабдорлар) қабулига бемалол кириларди. Мурожаат муаллифларига қандай Қарор қабул қилинганлиги, иш назоратга олинганлиги, жиноят иши қўзғатилганлиги ёки протест киритилганлиги тўғрисида ўз вақтида асослантирилган жавоб хатлари йўлланарди. Хатто ўзимизга кўплаб “масалани мурожаат муаллифи иштирокини таъминлаб, маҳкама кучи билан муаммони бартараф этиб, қонуний қабул қилинган Қарор нусхасини илова этган ҳолда Республика Бош Прокуратурасига фалон йили фалон ойининг фалон кунигача юборишингиз сўралади” деган жавоб хатлари келар эди.

 

6. Ҳозир аҳвол қандай?.. Биз ушбу навбатдаги мурожаатимиз ва очиқ хатимиз орқали 2016-йилдан шу кунгача жамиятимизга неча нафар ҳақ-ҳуқуқлари Давлат органлари ва уларнинг мансабдорлари тарафидан бузилган фуқаролардан тушган ёзма мурожаатлар ва уларнинг мазмун-моҳиятини тўлиқ баён этмоқчи эмасмиз. Бу ўта зерикарли жараён. Биз қуйида Президентимизга ҳамда кенг жамоатчилигимизга фақат 2018-йилнинг 5 ойи давомида ёзилган мурожаатлар ҳамда уларга нисбатан вилоят Прокуратураси ва Ҳуқуқ-тартибот органларининг муносабати қай аҳволда эканлиги бўйича айрим далилларнигина келтириб ўтамиз.

 

7. 2012-йилда бир гуруҳ шахслар томонидан ичкилик оқибатида аввал номусига тажоввуз этилиб, сўнгра олган оғир тан жароҳатлари натижасида вафот этган, Гулистон туманида яшаган 1982-йилда туғилган И.Холиқназарова ўлими ва уни содир этганликда гумонланувчилар хозиргача муқаррар жазога тортилмаганлиги факти юзасидан (эксгумация натижасига кўра, марҳума ўлими олдидан жинсий зўрланганлиги илмий исботланиб, Ўзб. Респ. ЖК.нинг 118-моддаси бўйича иш қўзғатилса-да, бироқ вилоят МХХБ (ДХХ) аралашуви натижасида иш ёпиб юборилгач, биз жараённи давом эттириб, 2017-йилда ҳам Президентнинг виртуал қабулхонасига такроран мурожаат йўллаган эдик. 2017-йил 1-июнда аввалги қарор бекор қилиниб, Сирдарё вилоят ИИБ ТБ томонидан жиноят иши янгитдан иш юритувига олиниб, гўёки барча тергов ҳаракатлари олиб борилиб, (?) натижаси ўлароқ 22.06.2017-йилда ЖПК.нинг 364-моддаси 1-қисми, 1-бандига кўра, гўёки иш бўйича айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши лозим бўлган шахс аниқланмаганлиги сабаб, жиноят иши яна ёпиб юборилган эмиш….)

Қизиқ, гумонланувчилар кимлигини, исми-шарифини, марҳуманинг яқин қариндошлари, маҳалла-кўй, улар орқали биз ҳам биламиз-ку? Нега жаноб “ғўддайган” Прокурорлар, ИИБ ходимлари бирров марҳумани яқинларидан ёки мурожаат муаллифи-бизлардан бир-бор сўраб кўришга журъатлари етмади экан?..

…2018-йил 9-июнь куни гўёки бизнинг манзилга жўнатилган Ўзб. Респ. ИИВ Тергов департаменти Бошқарма бошлиғи-Б.Э.Бердалиев томонидан тайёрланган жавоб хатини ўз ташаббусимиз билан интернетдан олиб танишсак, юқорида қайд этилган Сирдарё вилояти ИИБ ТБ томонидан муқаддам ноқонуний, юзаки (сохта) текширув хулосаларидан айнан кўчирма сифатида кўчириб қўйилганлигига амин бўлдик.

 

8. Яна шу туманда яшовчи фуқаро-С.Абдуалимовани Ўзб. Респ.Бош Прокуратураси хузуридаги СВОЖ ва ЖЛҚКД.нинг собиқ ходими-М.Бадиев номусига тажоввуз этганлиги ҳолати юзасидан республикамизнинг барча Қонунийлик ва Ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат этгач, гарчи гумонланувчи-М.Бадиев 2013-йил 6-июнь куни буйруқ асосида вазифасидан четлатилса-да, фуқаро-С.Абдуалимованинг номусига тегиш жинояти аломатлари аниқланмаганлиги сабаб, ЖПК.нинг “машҳур” 82-моддаси 2-бандига асосан иш қўзғатиш рад этилган…

Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, жавоб йўллаган масъул-Б.Э.Бердалиев бизга “гумонланувчи-М.Бадиев Департамент ходими бўлганлиги учун ушбу ҳолат бўйича Прокуратура органларига мурожаат қилишимиз”ни маслаҳат берган!..

 

9. Яна шу каби оғир жиноят-номусга тажоввуз этиш жинояти юзасидан ташкилотимизга мурожаат этган Боёвут туманида яшовчи-И.Миррабиевани Сирдарё вилояти Молия Бошқармаси масъул ходими-О.Сувонов томонидан Гулистон шаҳар 3-мавзе, “Боғишамол” (собиқ Т.Ахмедов) МФЙ, 7-уй, 25-хонадонга олиб кириб, зўрлик ишлатиб номусига текканлиги, бунинг оқибатида жабрланувчи-И.Миррабиева ўзининг чап билагини 2 жойидан венасини лезвия билан кесиб юбориши ҳолати юзасидан 2015-йил 14-июль куни ЖИБ Мирзаобод туман Суди (С.Расулов) қарорига кўра, “гумонланувчи” Ўзб. Респ. МЖтК.нинг 41-моддасига (?) кўра маъмурий жавобгарликка (?) тортилиб, энг кам иш ҳақининг бир баробари (?) миқдоридаги жарима жазоси тайинланганлиги тўғрисидаги Сирдарё вилояти ИИБ ТБ томонидан муқаддам ёпиб юборилган иш жилдидаги айни жумлалар Б.Э.Бердалиев томонидан ҳеч бир таҳлилсиз кўчириб қўя қолинган…

 

 10. Жамиятимизга навбатдаги оғир таркибли жиноят юзасидан 2015-йилда мурожаат йўллаган Гулистон шағрида истиқомат қилувчи фуқаро-Ф.Орзиқуловани унинг собиқ турмуш ўртоғи-П.Худойназаров сурункали маст ҳолда уйига бостириб келиб ғайри оддий усулларда жинсий эҳтиёжини қондиришлиги, хаттоки уни кўчада бир неча бор йўлини тўсиб, “орқанг оғримаяптими?” деб инсоний шаьни, қадр-қимматини, ор-номусини хўрлаётганлиги, энг асосийси “Мени қамайдиган хали онасини қорнидан туғилгани йўқ” деб, нафсониятига тегаётганлигини, бу ҳақда Прокуратура, ИИБ органларига мурожаат этиши ортидан экспертиза тайинланиб, хулосасига кўра жиноят аломатлари аниқланиб, унга нисбатан Ўзб. Респ. ЖК.нинг 119-модда, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилсада, ушбу жиноят иши бир-неча марта очилиб, яна ёпиб юборилган…

 

11. Шу каби жиноят туркумлардан яна бири-ташкилотимизга дастлаб 2018-йил 18-апрель куни, сўнгра такроран 09.06.2018-йилда шикоят йўллаган Сардоба тумани, Пахтаобод шаҳарчасида яшовчи фуқаро-Ж.Шодмонқулов ўз мурожаатида унинг синглиси-Л.Шодмонқуловани фуқаро-О.Бегматов 2017-йил февраль ойида Гулистон шаҳрининг 5-мавзесида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирига алдов йўли билан олиб бориб, унга куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказиб, номусига текканлиги жинояти бўйича Гулистон шаҳар ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиши натижасида фуқаро-О.Бегматовга нисбатан Ўзб. Респ. ЖК.нинг 118-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлиги (2 та Судга оид тиббий экспертиза хулосаси мавжуд. Тан жароҳати етказиш ҳамда номусга тегиш бўйича) бироқ муаллифнинг баён этишича фуқаро-О.Бегматовнинг Прокуратура, ИИБ органларида ишлаган яқин қариндоши “аралашуви” натижасида иш ёпиб юборилганлигидан норози бўлган Ж.Шодмонқуловнинг такрорий шикоятида такидлашича шу кунларда ушбу жиноят юзасидан иш қайта қўзғатилиб, (ташкилотимиз мурожаатидан сўнг) натижасига кўра 2018-йил 20-май куни гўёки “Л.Шодмонқулова фуқаро-О.Бегматов билан ўз хохишига кўра (?) жинсий алоқада бўлганлиги аниқланганлиги сабаб,” (?) ЖПК.нинг “машур” 83-моддаси 2-бандига асосан иш ёпиб юборилганлигидан жабрланувчи, қўлида бир эмас, 2 та тиббий экспертиза хулосаси бор Л.Шодмонқулова, унинг яқин қариндошлари тушунолмай, ҳайратда?!.

Энг қизиғи 20.05.2018-йилдаги ИИБ хулосаси бизнинг ташкилотга 1 ойлик муддатда ҳам келмагач, биз ўз ташаббусимиз билан 2018-йил 20-июнь куни (орадан 1 ой ўтиб) тасодифан Интернет кафелардан бирида мурожаат ҳолатини текшириб кўргач, ҳабардор бўлдик! Шикоят муаллифи эса, яқинда телефон орқали Гулистон шаҳар ИИБ ТБ терговчиси (ушбу жиноят ишини 1 ярим йилдан бери “ўрганаётган”) Музаффар исмли ходимдан вазиятни сўраса, у “ишни қайтадан ўзи ўрганаётганини”айтган. Ваҳоланки, мазкур жиноят иши аллақачон яна ёпилиб юқорига ҳисобот кетган бўлган…

Бу ҳақдаги Сирдарё вилояти Прокурори 1-ўринбосари-О.Қўлдошев бизнинг номимизга 15.05.2018-йилда ёзган, бироқ жўнатилмаган юзаки жавобини ҳам тасодифан интернетдан

олдик.

 

 12. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти томонидан Президент номига аниқ далиллар асосида йўллаган мурожаатларимиз ҳолатини интернет орқали текшириб кўришимиз натижасида (ўз вақтида асослантирилган жавоб хатлари берилмагач) вилояти Прокуратураси масъул мансабдорларининг кўплаб “кашфиётлари”га гувоҳ бўлдик…

…2017/2018-йилда жамиятимиздан ҳуқуқий кўмак сўраб, такрорий мурожаат этган Гулистон шаҳрида фаолият олиб борувчи тадбиркор-Х.Оразбоевни товламачилик, фирибгарлик йўллари билан чув тушириб кетган, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг Сирдарё вилояти бўлимига АҚШ элчихонаси томонидан ажратилган 5.500 АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағини талон-тарож қилган фуқаро- К.Бозорбоев иши юзасидан Гулистон шаҳар Прокуратураси томонидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра 31.01.2018-йилда гўёки ўша “машҳур” Ўзб. Респ. ЖПК.нинг 83-моддаси, 2-бандига асосан “унга нисбатан жиноят қўзғатиш рад этилганлиги” тўғрисидаги Сирдарё вилояти Прокурори 1-ўринбосари О.Қўлдошев томонидан 18.04.2018-йилда №15/5-18-263-сонли юзаки жавоб хатидан тасодифан орадан 2 ярим ой муддат ўтгач, (аслида 4 ярим ой) воқиф бўлиб қолдик…

Мазкур иш ёпиб юборилганлиги ҳақидаги жавоб хати билан фуқаро-Х.Орабоевни таништирсак, у ўзини бирор марта ҳам на суруштирувчи, на терговчи йўқламаганидан ҳайрон…

 

13. Ташкилотимизга 2018-йил январ ойидан буён мурожаатлар йўллаётган маҳкум-А.Ташматов ва унинг турмуш ўртоғи-С.Ташматова мурожаатлари мазмунича 24.10.1990-йилда туғилган, маълумоти тўлиқсиз олий, ГДУ.нинг 4-босқич талабаси, фуқаро-А.Ташматовни муқаддам Гулистон шаҳар ИИБ, ТБ ва ЖҚБ ходимлари 2012-йил 13-мартдан 10-августгача (5 ой давомида) ғараз ва паст ниятларда қасддан жазолаш ёхуд бирон-бир ҳаракатни содир этишга мажбурлаш мақсадида ўзбошимчалик билан Ўзб. Респ. ЖК.нинг 166-моддаси 4-қисми “в” банди, 169-моддаси 4-қисми “в” банди, 276-моддаси 1-қисмларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлигига иқрорлик кўрсатуви олиш учун шавқатсизларча қийноққа солишиб, ғайриинсоний қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишиб, (уриб, дўппослаб, жинсий аъзоларига сув тўлдирилган боклашка осиб қўйиш орқали аъзоб бериб, турли-хил тазйиқ ва оғир рухий-босимлар ўтказишиб) сўнгра уни нохақдан 16 йилга озодликдан махрум этилишига сабабчи бўлишганлиги етмаганидек, у жазони турли қамоқ ва манзил колонияларда 6 йилу 3 ойини ўташ даврида ҳам унга нисбатан масъул мансабдорлар томонидан ноқонунийлик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишлик, сохта хужжатларни гўёки “қонунийлаштириш”, турли-хил тазйиқ ва оғир рухий-босимлар ўтказиш каби адолатсизликлар ҳамон давом этаётганликлари, энг қизиғи бундай хўрликлар, қийноқлар натижасида хозирда у “бош-мия жарохатидан кейинги ҳолат, яъни-Постравматик энцефалопатия, симптоматик эпилепсия, талваса (тутқаноқ) хуружи ва ўнг-томонлама кесилган чов-чурраси хасталиклари”ни ортириб олганлиги ва соғлигини буткул йўқотиб, оғир ҳамда ўрта меҳнатга яроқсиз бўлиб қолиши натижасида қолган жазони ўталмай қолиб, 2017-йил сентябрь ойидан то шу кунга қадар турли шифохоналарда изчил муолижа олиб келаётганлиги, 2 нафар ёш вояга етмаган фарзандли турмуш ўртоғи молиявий, иқтисодий оғир шароитда танг аҳволда эканлигини, унинг шу йиллар давомида бор, оқибатини ўйламай содир этган қилмишидан пушаймон эканлиги, бу ҳақда бир-неча маротаба жазони ўташ муассасаси орқали Сизнинг номингизга ва бир вақтнинг ўзида виртуал қабулхонангизга йўллаган 10 га яқин ёзма ва овозли авф сўраган мурожаатлари оқибатсиз қолдирилгач, (?) биз бу ёш оила манфаатида 2018-йилда виртуал қабулхонангиз маҳкум-А.Қ.Ташматовни юқоридаги хасталиклари бўйича истисно тариқасида муддатидан олдин жазодан озод қилишни сўраб 2 бор мурожаатнома йўллаган эдик.

2018-йил 20-июнь кунги интернетдан мурожаатимиз ҳолатини тасодифан текшириб кўриш жараёнидан маълум бўлдики, бизнинг сўровимиз (илтимосимиз) қаноатлантирилмаганлиги, боз устига бу ҳақда бизга (жамиятимизга) жами ИИВ ЖИЭББ томонидан шу кунгача 6 маротаба жавоб йўллаганлиги, бироқ биз бирор марта ҳам олмаган, муассаса бошлиғи-Ш.О.Саибназаровнинг ушбу ёлғон битилган мактубини ўқиб ҳайратимиз яна ортди…

 

14. …2018-йил бошидан буён жамиятимизга Мирзаобод туман “Янги ҳаёт” МФЙ.да истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар; асосан кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи, боқувчисини йўқотган, руҳий ҳамда сил касалликлари диспансерида ҳисобда туриб, қийин шароитларда яшовчи фуқаролар уларнинг фуқаролик паспортлари муддатлари тугаб, янги биометрик паспорт олганликларига ойлаб, ҳатто йил ўтса ҳам Мирзаобод тумани ИИБ М ва ФР бошлиғи-У.Матхоликов томонидан гўёки “мазкур тоифа фуқароларнинг турар-жойлари кадастр хужжати йўқлиги сабаб, узоқ йиллардан бери оиласи билан муқим яшаб келаётган Инсонларни рўйхатга қўймаётганлиги, айрим кадастр хужжати бўлмаган фуқаролар эса, қайсидир воситачи орқали “рағбатлантирилса”, 10 дақиқада паспортига муҳр босиб бераётганлиги” тўғрисида (масалан 2-гуруҳ ногирони-И.Имомқулов шикоят аризасида очиқ, батафсил баён этилган…) мурожаатлар этишгач, биз Прокуратура органларидан ушбу ҳолатни текшириб, таъмагирликни олдини олиш мақсадида мурожаат йўллаган эдик..

…2018-йил 20-июнь куни фуқаролар манфаатидаги мурожаатларимиз ҳолатини тасодифан ўрганиб кўриш асносида маълум бўлдики, Сирдарё вилояти ИИБ М ва ФР бошлиғи-Ш.Н.Ходжаев томонидан 22.05.2018-йилдаги йўллаган, ҳатто жўнатма квитанцияси ксеронусҳаси илова этилган жавоб хати бўйича (қизиқ, вилоят М ва ФР ва мен яшайдиган манзил оралиғи 8 км. Бўлса нима учун 1 ой давомида ҳам почта етиб келмаслиги сабаби нимада экан?) фуқаролар мурожаатлари юзасидан У.Матхаликов иши қонунийлиги текширилиб, бирон-бир қонунбузарлик аломатлари “аниқланмабди” …Қизиқ, у ҳолда 50 йиллардан буён бир манзилда, бир турар-жойда оиласи билан доимий рўйхатда турувчи, МФЙ.нинг хўжалик китобида рўйхатлари бор, уй дафтарлари мавжуд кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, 2-гуруҳ ногиронлари, диспансерларда рўйхатда туриб, доимий муолажага мухтож фуқаролар бизнинг ташкилотга ёлғон маълумот беришдан муродлари нима экан-а?!.

 

 15. …Жамиятимизга 2018-йилнинг февраль ойида Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар, (асосан тадбиркорлар) зарурият юзасидан Гулистон шаҳар, 3-мавзе, «Боғишамол» МФЙ, 54/36-хонадонда яшовчилар 27.04.1980-йилда туғилган Қоз. Респ. фуқароси-Д.А.Ниязметова ва унинг турмуш ўртоғи 18.09.1978-йилда Қоз. Респ.да туғилган ҳозирда Ўзб. Респ. фуқароси-У.Б.Эргешовлар, содда фуқароларга (23.800 АҚШ долларини) катта фоиз устамаси билан АҚШ доллари бериб, судхўрлик, фирибгарлик ва товламачилик билан шуғулланувчи собиқ ИИБ ходими-У.Эргешов ва унинг турмуш ўртоғи-Д.Ниязметовалар устидан шикоят этишиб, (И.Худойбердиев, А.Аҳмеджонов, Н.Насриддинова ва С.Исмоиловлар) гарчи улардан олган АҚШ долларини ўз вақтида беришсада, қарз эвазига ўз тажрибаси, собиқ касбидан, органларда ишлайдиган таниш-билишларини манфаатдор қилиб, нотариал идора ходими орқали уларнинг фирма ва кўчмас мулкларини ўз номига расмийлаштириб олганлиги, фуқаролар қўлида У.Эргешовнинг ўз қўли билан ўз фуқаролик паспорти ксеронусхаси вароғига ойма-ой неча АҚШ доллари олганлиги ва бошқа далиллари бўлсада, ўзининг узоқ йиллик нотариус таниши орқали ўзаро олди-берди шартномаси муддати ўтиб кетганлигини фуқаролар (тадбиркорлар) иш билан банд эканлиги учун вақтлари бўлмаганидан ва бу ҳақда уларни огоҳлантирмай, нотариуснинг Гулистон шаҳар МИБ.га ижро харакатини амалга ошириш хати юзасидан 20 дан ортиқ ишчини иш билан таъминлаган, давлатга солиқларни ўз вақтида тўлаб борувчи тадбиркор-И.Худойбердиевни фаолиятига жиддий зарар келтиришиб, унга тегишли мулкларни ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда хатлашаётганлиги, ҳеч қандай Суд қарорисиз бировнинг мулкини кадастр хужжатлаштираётганлиги, уйидан товар-моддий бойликларини (собиқ У.Эргешов ва унинг турмуш ўртоғи-Д.Ниязметоваларнинг шалақиликлари акс этган видео лавха сўралган жойга тақдим этилади) мусодара қилишаётганлиги, А.Аҳмеджоновнинг эса оиласи билан узоқ йиллардан буён яшаётган турар-жойидан мажбурий кўчиртириш ҳаракатлари, шунингдек, С.Исломов ва Н.Насриддиноваларни 13.700 АҚШ долларига чув тушуриб кетишган ва бошқалар тўғрисида шикоят этишгач, биз 2018-йил 15-февраль куни Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллаган эдик…

…2018-йил 20-июнь куни интернетдан мурожаатимиз тақдирини ўрганиш мақсадида мурожаат қилганимизда кўп сонли мурожаатларимиз тақдири каби, биз ҳамда ташкилотимизга шикоят йўллаган жабрланган фуқаролар: мол-мулки, кўчмас мулклари, турар-жойлари талон-тарож этилган ва этилаётган фуқаролар 5 ойдан буён нега жавоб йўлланмаётганлиги (муқаддам 2-3 бор ҳолат текширилганда, “мурожаатингиз ўрганиш жараёнида” деган жавоблар олган эдик…) фуқаролар эса, нега ўзларини вилоят Прокуратура ёки ИИБ суруштирувчи-терговчилари чақирмаяпти деб кутишаётган бир вақтда, мурожаатимиз вилоят Прокуроридан Гулистон шаҳар Прокурорига, у ердан яна вилоят Прокуратурасига “юмалаб” юрганлиги ойдинлашди…

Сирдарё вилояти Прокурори 1-ўринбосари О.Б.Қўлдошев 21.05.2018-йилда имзолаган №16/10-18-1045-сонли жавоб хати билан (орадан 1 ой ўтиб) ўзимиз танишиб, мурожаат муаллифларини ҳам таништирдик… Жавоб хати мазмунича судхўрлик, фирибгарлик ва товламачилик билан доимий шуғилланиб келаётган, собиқ ИИБ ходими-У.Эргешов ҳеч бир ноқонуний фаолият олиб бормаганлиги, аксинча жабрланган фуқароларнинг ўзлари “ҳуқуқбузар” бўлиб чиқанлиги аниқланганлиги баён этилган эди…

Прокурорнинг ушбу юзаки, айбдорга (судхўр, пулдор) нисбатан қонуний чора кўришдан бўйин товлаш, бос устига таҳқирловчи жавоб хатидан ўта норози бўлишган фуқаролар норозилик белгиси сифатида такроран шикоят ариза бердилар.

Уларнинг такрорий шикоят аризалари мазмунида уларни ушбу мурожаат йўллангач, ўтаётган 5 ой давомида ҳам жабрланган фуқароларни ҳеч ким тегишли давлат идораларига чақириб муаммони бартараф этиш чораларини кўрмаганликлари, Сирдарё вилояти Прокуратураси мансабдорларининг мансаб суиистеъмолчиликлари, ёлғончиликлари, асосийси-масъулиятсизликларини баён этишган…

 

Муҳтарам Шавкат Миромонович,

 

Биз Сизнинг манзилингизга юқорида, очиқ хатимиз муқаддимасида ёзганлигимиздек Сиз Президент этиб сайланганингиздан буён вилоятимиздаги ҳақ-ҳуқуқлари қотиллар мутаҳаммлар, порахўрлар, судхўрлар, товламачилар, фирибгарлар ва бошқа шу каби жамиятимиз учун зарарли (ҳавфли) бўлган ёт унсурларнинг айбли қилмишларидан зарар кўраётган, жабрланаётган кўплаб фуқаролар манфаатларида 100 дан зиёд мурожаатлар йўлладик!

 

Минг афсуски, яна бир-бор такрорлаш лозимки, ушбу мурожаатларимизнинг бирортаси Сирдарё вилояти прокуратурасининг “ғўддайган” мулозимлари томонидан амалий кўриб чиқилмади.

 

Сиз ҳар бир чиқишингизда бежизга уларни “энг катта ўғри, уларнинг ўзи”, “ғўддайганлар” деб таъриф бермадингиз.Бежизга уларнинг 70 фоизини ишдан олганлигингизни ошкор этмадингиз! Жуда асосли, адолатли таъриф! Биз 100% қўшиламиз!

 

Ахир, фуқароарнинг давлат идораларига ўз қонуний манфаатларида мурожаат этишларини деярли Давлат сиёсати даражасига бекорга кўтармадингиз-ку?.

 

Нега бизнинг Сирдарё вилояти прокуратураси ва уларнинг мансабдорлари Сизнинг ушбу ислоҳотларингиз ва кескин чиқишларингиздан тегишли хулоса чиқариб олмаяптилар? Бу танқид фақат бизнинг Сирдарё вилоятидагина эмас кўринади. Биз ҳар куни ТВ ва радиолардан ташқари ижтимоий тармоқларни кузатамиз, уларда ёритилаётган мақолаларни таҳлил қиламиз ва маълум бир хулосага келамиз. Демак:

 

Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам Прокуратура соҳасидаги ишлар мониторинги-бизнинг вилоятдаги вазиятдан яхши эмас кўринади…

Балки бунингдек “халтура”га 2 йил муқаддам Хоразмдан ташриф буюрган вилоят прокурори-Р.Машариповнинг ўзи бош сабабчидир.

 

У вилоятга келгандан буён бирор марта аҳоли билан кенг жамоатчилик билан очиқ мулоқот ўтказганини мониторингимиз давомида кўрмадик, ҳам эшитмадик ҳам.

 

… Яқинда мен яшайдиган уй дарвозаси остига номаълум шахс вилоят прокурори-Р.Машариповнинг “ҳурмача қилиқлари”, маҳаллийчилиги, маишатбозлиги ва ҳакозолар тўғрисида ишорали фактлар билан (Тошкент шаҳрида нечта турар-жойлари ва бойликлари борлиги ва бошқалар….) юридик сўзлар билан ёзилган аноним хат ташлаб кетишибди.

 

Ушбу саводли ва аниқ далиллар асосидаги мурожаатни биз ёпиқ шаклда мониторинг қилиб кўрдик ҳамда аксарияти ҳақиқатга мос келмоқда…

 

Бироқ, хат муаллифи ўз яшаш тумани, исми шарифи бош ҳарфларигина кўрсатилганлиги, яъни аноним хат бўлганлиги учун биз бирор давлат органига ёки ОАВ.ларга айбсизлик презумпцияси бўйича тақдим этмадик…

 

Балки, барча иллатларнинг (саботажнинг) бош сабабчиси, вилоят Прокуратураси раҳбариятининг ўзларидур???

 

Сизга ва барча ижтимоий тармоқлар ҳам ўз ҳаётимизни ҳавфга қўйиб бўлса ҳам йўллаётган навбатдаги танқидий мазмундаги, бироқ очиқ мурожаатномамизни шахсан ўз қўлингизгача етиб боришини, (ижтимоий тармоқлар, Халқаро ОАВ орқали бўлса ҳам) ўз назоратингизга олиб юқорида фуқароларимиз манфаатларида аниқ далиллар асосида баён этилган қонунбузилиш ҳолатларни ишончли, энг мухими виждонли одамларингиз орқали текширтириб кўришингизга ҳамда Сирдарё вилоятида Қонун устуворлигини таъминлаб, Сизга ва Сиз чиқарган Фармон, Қарор ва Қонунларга зид харакатлар содир этишаётгантпрокуратура ходимларига нисбатан тегишли қонуний чоралар кўрилишида раҳбарий ёрдам беришингизни сўрар эдик.

 

 

Ҳурмат билан: И.М.Ризаев,

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик”

Жамияти, Тафтиш комиссия раиси

Ҳ. Алибоев,

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик”

Жамияти фаоли