Охират тегирмонидан эҳтиёт бўлинг!

3

Шу йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикасининг Олий суди кассация судлов ҳайъати судьяси Илҳом Раҳмонқулов бошчилигидаги ҳайъат омавий ахборот воситаларида “240 томлик жиноят иши” номи билан машҳур бўлган жиноят ишини қайта кўриб тугатишди.

Жиноят ишини қуйи инстанцияда кўрган Тошкент шаҳар Олмазор тумани суди судьяси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тасдиқланган 240 томлик жиноят ишининг 11 нафар қаҳрамонларини оқлаб, суд залидан чиқариб юборганди.

Уларнинг зиммасига қўйилган 257 милиард сўмлик зарар, зарар туфайли солиқ тушумларидан қарзлар шунчаки ёпилиб кетди. Жабрлунавчилар қанчалик додд-вой қилишмасин, маблағлари, бизнеси туфайли орттирган бойликларига куйиб қолаверишди.

Жамоатчилик бугун қама-қамалардан безор, адолатсизликлар туфайли ҳуқуқни муҳофақаз қилиш органларига ишончи йўқ экан, бу оқловни гўё адолат тантанасидек қабул қилди. Аммо ишда судланувчилар ҳақиқатан ҳам айбсиз эдими? Жиноят иши ростдан ҳам Бош прокуратура ва Ўзбекистон Репсубликаси Ички ишлар вазирлигининг Тергов департаменти томонидан тўқиб чиқарилган эдими?

Албатта, бу саволларга жаоб берилиши керак. Токи адолат қарор топиши учун аслида сувни лойқалатаётганлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларими ёки Президент таъбири билан айтганда, ахлат судларми?

Мазкур оилавий бизнес иши бўйича кўп ёзилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси А. Ташановдан, собиқ депутат Р. Кушербаевгача жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари топталгани, судларнинг адолатсиз қарорлари  туфайли ҳам давлатга, ҳам фуқароларга катта заҳмат етганини таъкидлашди.

Мамлакатнинг таниқли нашрлари — Kun.uz, Human.uz, Effect.uz бу масалаларда судларнинг адолатсизлиги хусусида бонг урди. Аммо натижа бўлмади. Негадир судлар ўзаро келишиб олишгандек, жиноятчиларни оқлаш йўлидан боришди. Ҳатто айрим судлар дастлабки тергов органи ходимлари устидан хусусий ажрим чиқаришгача боришибди. Жиноят ишига фирибгар ўлароқ тортилган айрим адвокатларнинг оқланганини байрам қилиб ётишибди.

Аммо судларнинг асл башараси Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация ҳайъати маслисида кўриниб қолди. Масалан, Олий суд қуйи инстанция судида сохталаштирилган суд баённомаларини, қалбаки иш ҳужжатларини ишда далил ўлароқ қабул қилиб, мамлакат судлов тарихида шармандали из қолдиришди.

Жабрланувчиларнинг адвокати Р. Рафиқовга кўра, Олий суднинг шу йил 14 августдаги ажрими ЖИБ Олмазор тумани судининг 2022 йил 5 октябрдаги оқлов ҳукми ва Тошкент шаҳар суди ЖИБ судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 13 февралдаги оқловни кучида қолдириш учун “харакат” қилинган ажрими, тўғрирорғи, сериалнинг давомидир.

“Чунки, дейди адвокат, ушбу жиноят иши биринчи босқич судида кўрилган вақтда суд мажлиси баённомаси 3 та котиб (М.Бозоров, Ш.Каримов ва Ш.Юлдашев) томонидан юритилгани суднинг хукмининг биринчи варағида ёзилган бўлса-да, суд мажлиси баённомаси  эса фақатгина битта  котиб томонидан имзоланган”.

Ҳолбуки, 2022 йил 14 майдаги “Жиноят ишларини биринчи инстанция судида муҳокама қилиш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги  7-сонли қарорининг 21 бандида берилган тушунтиришга кўра, суд мажлиси баённомасини юритган котиблар улар баённомани ўзи юритган қисмини имзолаши шартлиги кўрсатилган.

 

Бироқ ишни биринчи инстанцияда ва апелляция тартибида кўриб чиқиш жараёнида суд мажлиси жараёнини аудио ёзувга олишга рухсат этилган бўлса-да, аудио ёзув сақланаётган электрон ёки бошқа манбалар суд мажлиси баённомасига илова қилинмаган.

 

Суд мажлиси баённомаларида ишда иштирок этгани айтилган адвокат Р. Рафиқов ҳатто хорижда бўлган. Унинг хорижда эканини тасдиқловчи тегишли Ўзбекистонга кирим-чиқим қайдлари ҳам мавжуд. Ҳатто жабрланувчи-фуқаровий даъвогар М.Эргашевнинг, гувоҳлар К.Турапов ва Н.Урунбаеванинг кўрсатувлари тўлиқ киритилмасдан, яъни суд мажлиси баённомаси реал вакт режимида ёзиб борилмасдан, суд мажлисидаги ҳолатлар баённомада тўлиқ акс эттирилмаган.

 

Суд мажлиси жараёнини аудио ёзувга олишга рухсат этилган бўлса-да, аудио ёзув сақланаётган электрон ёки бошқа манбалар суд мажлиси баённомасига илова қилинмаган. (Сохтакорлик билиниб қолишидан қўрқишган бўлишса керак).

 

Халқимизда “Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик” деган мақол бор. Бу мақол айнан судья Раҳмонқуловнинг иддаоларини асослайди. Яъни, Раҳмонқуловга кўра, гўё, суд мажлислари баённомаларининг қалбакилаштирилгани бўйича шу пайтгача тарафлар эътироз билдирмаганмиш. Кечириб қўясиз, адвокатларнинг апелляция судида бу ҳақида гапиравериб, жағи оғриб кетганига ўзим гувоҳман.

 

Ана шундай хом-хатала, фақат судланувчиларни оқлашга қаратилган жиноят иши судлар муҳокамасидан ўтиб, Олий судгача келди. Ҳатто бу ўринда маърузачи судьялар иш борасида Олий суд раҳбариятига хабар беришмоқчи бўлишгани, раҳбарият эса маълумотларни эшитмай туриб ҳам ҳукмни кучда қолдиришга кўрсатма беришгани қулоғимизга чалинди.

 

Наҳотки, бу мамлакатда одил судлов халқнинг азалий орзуси эканлигича қолади. Президент Олий суд раҳбарини одамларнинг судлардан норозилиги ортиб боргач, катта ишонч билан бу лавозимга тайинлаганди. Афсус, минг афсус.

 

Ҳадиси шарифда шундай ривоят бор: “Охиратда шундай тегирмонлар борки, унда бошлар янчилади. Бу адолатсиз ҳукм чиқарган қозиларнинг бошларидир”. Охират тегирмонидан эҳтиёт бўлинг, қозилар!

 

Собир Абдулла, журналист