Шофиркон прокурори “катта”нинг айбини нега яширяпти?

5

Ғалати замонлар келди-да. Президент “Давлат идоралари халқнинг хизматкори бўлиши керак” деса, ҳурмат-иззатда яшашга ўрганиб қолган ҳокимларимиз, прокурор-у, “началник милиция”ларимиз ҳеч эгардан тушгилари келмайди-я. Сал овозингни баландлатиб гапирсанг, камчиликлар ҳақида ёзсанг, ҳаққингни талаб қилсанг, бошинг маломат-у, туҳматларга қолиши ҳеч гап эмас.

Биз ҳам бир адашиб салгина баландроқ гапириб қўйгандик, ҳалигача жабрини тортяпмиз. Айбимиз – “журналистларнинг орқасида Президент турибди”, деган гапга ишонганимиз. Дарвоқе, бу гапга ҳалиям ишонамиз. Ортимизда давлат раҳбарининг ўзи турган бўлса, курашларга тайёрмиз. Туҳмат-у фитналарга чидаймиз.

Хулласи калом, ҳаммаси “Шофирконлик фермерлар кластерга тариқ сотишга мажбурланяпти” (https://www.xabar.uz/iqtisodiyot/shofirkonlik-fermerlar) сарлавҳали мақоладан кейин бошланди. Ташвишлар, югур-югурлар ва таклифларнинг ибтидоси ана шу мақола.

Мақолада Шофиркон тумани ҳокими Шукрулло Ҳакимовнинг “Салим бобо гарден” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ҳ.Саломовни ҳақорат қилгани ҳамда карантин қоидаларини жиддий равишда бузиб мажлис чақиргани ҳақида сўз борган эди.

“Катта”нинг устидан катта текширув

Шофирконликлар Ш.Ҳакимовни “катта” деб чақиришади.  Айтишларича, мақоладан кейин “катта”нинг устидан хизмат текшируви ўтказилибди. Текширувга вилоят Халқ қабулхонаси ва вилоят прокуратураси “бош-қош” бўлибди. Ўрганиш натижалари эса кутганимиздек: Ш.Ҳакимов айбсиз деб топилибди.

Бировни ҳақорат қилган одам айбсиз бўлиши мумкин экан-да деябсизми? Мумкин экан-да. Президент катта ишонч билан ташкил қилган Халқ қабулхонаси ва прокуратура ҳокимни айбсиз деб топса, додингни кимга айтасан. Боз устига, шикоят қилганинг билан “катта” йўлини қилиб “сувдан қуруқ чиқиб” кетаверса, “қонун ҳаммага баробар”, деган эртакнамо шиорларга ишонасизми?

Аммо биз “ёзиб-чизиш”дан чарчамайдиган халқмиз. Шу боис “айбсизлиги” исботланган Ш.Ҳакимовни айбли деб топиш ва жазога тортишни сўраб, туман прокурорига кетма-кет икки марта ариза ёздик. Хатимизда “катта”ни “Салим бобо Гарден” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ҳ.Саломовни ҳақорат қилгани (МЖК 41 модда) ҳамда карантин қоидаларини қасддан бузгани (МЖК 54-моддаси) учун жавобгарликка тортишни сўрадик. Бор-йўқ айбимиз шу.

Дастурхони битта акалар  

Бундан бир-икки йиллар аввал ҳокимлар фермерни ҳақорат қилса ҳам, ўқитувчи ёки маҳалла раисини обрўсизлантирса ҳам, битта кечирим билан қутилиб кетиш “анъана”си шаклланган эди. Аммо сўнгги пайтларда “катта”лар ҳам ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилаётганини эшитяпмиз. Масалан, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, Мингбулоқ туман ҳокими Нуршод Худойбердиев таълим муассасаси ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарларини ҳақорат қилгани учун жавобгарликка тортилганидан хабаримиз бор. Аммо ҳақорат учун жавобгарлик нима учундир Шофиркон туман ҳокимига келганда ишламай қолмоқда.

Прокуратура эса битта гапни тўтидай қайтаргани-қайтарган. “Терговга қадар суриштирув давомида Ш.Ҳакимов айби исботланмади”.

Дарвоқе, суриштирув давомида 21 сентябрдаги йиғилишда қатнашган фермерлар ҳам сўроқ қилинибди эмиш-да. Улар ҳам “катта” ҳеч  кимни ҳақорат қилмаганини тасдиқлашибди. Не тонгки, айнан ўша куни туман ҳокимлигидаги мажлислар залида ўрнатилган видеорегистатор ҳам ишламай қолган эмиш. Видеокамера фақат вилоят ва республика миқёсидаги селекторда ишлатилармиш. Прокуратуранинг иддаосича, ўша куни туман ҳокимлиги раҳбарлигида фермерлар учун йиғилиш ўтказилган.

Аммо иккинчи хатимизга жавоб йўллаган туман прокурори Ж.Тангриев 21 сентябрь куни Президент Администрацияси раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши бўлганини маълум қилган. Агар прокуратуранинг “видеорегистатор вилоят ва республика миқёсидаги мажлисларни ёзиб боради”, деган гапига ишонсак, демак, ўтган йилнинг 21 сентябридаги йиғилиш ва ҳокимининг ҳақорат ва таҳдидларга тўла оташин нутқи ёзиб олингани шубҳасиз. Аммо прокуратуранинг Ш.Ҳакимов устидан жиноят иши очишга журъати етмаяпти. Негалигини биласизми? Чунки бизнинг “каттамиз” Д.Раҳматуллаев ва Н.Худойбердиев сингари “простой” ҳокимлардан эмас. Боз устига “катта”миз ҳар қандай бало-ю қазони “даф” қилиш йўлини яхши билади. Ахир вилоят Халқ қабулхонаси ва прокуратураси “бош-қош” бўлган текширувни “ёпиш” ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас.

“Катта”мизнинг қўллари ҳар қанча узун бўлмасин, биз ҳаққимизни талаб қилаверамиз. Шукрулло Ҳакимов жавобгарликка тортилиши шарт. Боз устига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41 моддаси “катта”мизнинг ҳаракатига “лоп-лойиқ”. Бунинг устига қонунчилигимизда “шахснинг қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйини тўкканлик учун жавобгарлик”, деган жимжимадор сўзлар ҳам бор эди шекилли.

Шу ўрнида битта талабимизни илгари сурсак, биров бизни Сибирга сургун қилмаса керак. Жавобгарлик очиш масаласини зинҳор ва зинҳор туман прокурорига ишониб бўлмайди. Зотан, адолат пешвоси билан ҳокимнинг дастурхони битта. Дастурхони битта улфатлар бир-бирини хафа қилмаслиги эса ойдай равшан.

“Ҳаммасига Президент Админстрацияси айбдор”

Дарвоқе, хатимизда “катта”ни карантин қоидаларини қасддан бузгани учун ҳам жавобгарликка тортишни сўраган эдик. Не тонгки, Шофирконннинг адолат пешвоси аризамизнинг иккинчи қисми бўйича ҳам ҳокимни “оппоққина” деб топибди.

Эмишки, 21 сентябрдаги йиғилиш Президент Админстрацияси ташаббуси билан ўтказилибди. Аммо прокурорнинг “жавоби”да йиғилиш айнан кимнинг ташаббуси билан ўтказилганига аниқлик киритилмаган.

Майли-да, энг асосийси, прокурор 21 сентябрда 50 дан зиёд фермер иштирокида мажлис ўтказилганидан хабари бўлган. Энг ёмони, ўша йиғилишда тумандаги 4 та сектор раҳбари, жумладан, прокурор жонобларининг ўзлари ҳам шахсан иштирок этганлар. Аммо “Ўртоқлар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 54 моддасини бузяпмиз”, дейишга ҳафсала қилмаганлар. Бизнинг сектор раҳбаримиз шунақа одам. Кўп нарсага кўз юмишлари мумкин. Аммо дўппи тор келганда, “Бизнинг айбимиз йўқ, ҳаммасига Президент Админстрацияси айбдор”, деб хат ёзишни дўндирадиган раҳбарлардан, мен сизга айтсам.

Аммо бизга фарқи йўқ. Боз устида МЖКнинг 54 моддасида “Президент Админстрациядан топшириқ бўлса, карантин қоидаларини бузиш мумкин”, деган истиснони ҳам ўқимаганмиз. Бизнингча, ким бўлишидан қатъий назар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузгани учун жавоб бериши шарт. Ҳоким бузган бўлса ҳоким, Админстрация мансабдори бузган бўлса, ўша акахонимиз давлатга жаримасини тўлаб қўйсин. Илло, “прокурор йиғилиш Админстрациянинг топшириғи билан ўтказилган”, деб нотўғри маълумот тарқатган бўлса, у ҳам жавоб берсин. Ахир қонунчилигимизда атайин нотўғри ва ёлғон маълумот бериш учун ҳам жавобгарлик бор эди, шекилли.

Ҳасан САЛОМОВ,

“Салим бобо гарден”

фермер хўжалиги раҳбари