КОСМОНАВТ СОЛИЖОН ШАРИПОВ СОЯСИДАГИ ФИРИБГАРЛАР

солижон

Ўзбекистонинг ифтихори бўлган космонавт Солижон Шариповни билмаган киши бўлмаса керак. Миллатимизнинг асл ўғлони нафақат Марказий Осиё ва Россия Федерациясида, балки дунёда таниқли фазогир. Унинг шуҳратидан юртимиз, миллатимиз фахр туяди. Бу қаҳрамоннинг мавқеи, мартабаси биз учун доим ғурур бахш этади.

Аммо ана шу одамнинг соясига беркиниб, фирибгарлик содир этаётганлар ҳам бор. Унинг номини суиистеъмол қилиб, уни ўз ширкати таъсисчиси ўлароқ кўрсатиб, мақсади йўлида ўзгалар ҳаққидан ўзини тия олмайдиган бундай нопок кимсаларни ким деб аташ мумкин? Балки қаҳрамонимиз бундай шериклари борлигини билмас, аммо бу ҳақда эшитгач, кўзи очилар деган умиддамиз.

Таҳририятимизга мурожаат қилган Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшовчи Одинахон Ғафуржонова бугун ўз жигарларининг қилмишидан азиятда. Моли, ҳамёни учун бир жони ачиса, жигарларининг оқибатсизлиги, ўзига нисбатан фирибгарлигидан бир куйинади. Бир қориндан талашиб тушган жигаринг сени алдаса, еб турган нонингга чанг солиб, уни фирибгарлик йўли билан тортиб олса, бундан аламли нарса бўлмас экан.

Хуллас, Ғафуржоновлар оиласи мамлакатимизга асосан автомобиллар учун ёғ-мой материаллари импорт қилувчи “MEGATEK-AVTO” ширкатига асос солишди. 2002 йилнинг 26 августида 08-000464-рақами билан давлат реестридан тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган мазкур ширкатни кўпчилик соҳа эгалари билишади.

Одинахон опа ана шу ширкат бошида турган, аввалига укалар Июроҳимжон, Октамжон ва Османжонларнинг бошини бириктириб, ана шу бизнесга пул тиккан тадбиркорлардан. Жумладан, Одинахон опанинг жамият таъсисчиларидан бири сифатидаги улуши 96,33 фоиз, ука Иброҳимжонники эса 3,67 фоиз эди.

Ширкат юксалиб борди. Ҳисоб рақамига Одинахон опа 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб 6,83 миллиард сўм маблағлар киритди. Ният ширкатнинг юксалиши, ҳам давлатга, ҳам хонадонга хизмат қилиш, юртнинг корига яраш эди. Чунки президент тадбирокрларга кенг йўл бўлиб, миллатимизнинг фаровонлиги, давлатнинг бойлиги ана шу тадбиркорлар қўлида эканини бот-бот уқтираётган эди.

Жамиятда Одинахон опанинг улушлари 99,60 фоизга етди. Бу энди опа жамиятнинг салкам мутлақ эгаси эканини билдирарди. Опа ҳаволанмади, укаларини бизнесдан сиқиб чиқармади. Хонадон манфаатлари, жигарлар, кўздан яқин жиянларига ишонди. Бир қарашда ҳаммаси яхши кетаётганди, аммо орага шайтон кириб, жигарларнинг нияти бузилди.

Таҳририятга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра Одинахон Ғафуржонова 2019 йилнинг апрелида Республика Нейрохирургия илмий амалий марказига умуртқа чурраси хасталиги билан ётқизилади. Операциялардан сўнг қизи Дилафрўзнинг хонадонида постел режимида даволанишни давом эттиради. Бу орада эса Одинахон опанинг укаси Иброҳимжон Ғафуржонов Россия Федерациясида эди. Унинг ўғли, яъни Одинахон опанинг жияни Даврон жамият ишларини юритаётганди.

2019 йилнинг 5 май куни гўё аммаси Одианхон опа саломатлигидан хабар олиш учун келган жиян Даврон опага айрим ишларни расмийлаштириш учун унинг имзоси керак бўлаётганини айтиб, бир неча бўш қоғозларга қўл қўйдириб олади. Ҳолбуки, Одинахон опа бундай ғамхўрлик орқасида қинғирлик, ёвуз мақсад борлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Буёғи, воқеалар ривожи худди “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувидаги каби тус олди. Жиян Даврон имзоланган бўш қоғозлар орқали жамиятдаги улушларни дарҳол отаси Иброҳимжон Ғафуржонов номига ўтказибди. 2019 йилнинг 20 май куниёқ олди-сотди шартномалари тайёрлаб, таъсисчиларнинг қарорларини ҳам чиқариб қўйибди.

Бунга жамиятнинг иш юритишдаги фаоллари Икромжон Сидиқов, Савдохон Ғафуржонова ҳамда Ольга Умновалар ҳам бош-қош бўлишган. Аммо негадир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бунга кўз юмишмоқда.

Хуллас, шаҳар бедарвоза эмас. Қонун устивор юртда яшаяпмиз. Тошкент шаҳар ИИББнинг тергов бошқармаси томонидан ота-бола Иброҳимжон ва Даврон Ғафуржоновларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олди суриштирув ишлари бошланди. Аммо иш негадир силжимаяпти. Айтишларича, катта пул бор жойга катта одамлар аралашаркан, катта-катта ўйинлар бўларкан.

Бироқ Тошкент шаҳар ИИББнинг тергов бошқармасини бундай шубҳа-гумонлар гирдобида қолдираётган қандай арзирли сабаб бор эканки, терговчилар йиллар бўйи мисқоллаб йиққан обрўсини ана шу фирибгарлар туфайли бой беришса? Ажабо.

Одамзод ҳали дунёда яратилганидан бери мол-дунё, ўткинчи ҳаваслар учун шунчалар пасткашликка борганки, бу қариндошларни ўзаро душманга айлантирган, жигарларни бир-биридан ажратган. Аммо доим адолат, ҳақиқатни ҳимоя қилгувчилар, ана шу вазифа учун маъсулиятли бўлганлар бор. Биз ана шу касб эгаларини ҳушёрликка чақирамиз.

Раҳмон Абдуллаев, журналист