Судлар сиёсатга хизмат қиладими?..

111
Ўзбекистон Республикаси Олий суди яқин ўтмишда советлар режимига қатағонига учраган — миллат равнақи учун хизмат қилган юзлаб аждодларимизни оқлади. Офарин! Бунинг миллий ғуруримиз, ҳуррият ва маърифатпарварлик йўлидаги аҳамияти беқиёс. Биз ҳуқуқ фаоллари судлов тизимининг бу каби зафарли юришини олқишлаймиз.
Аммо судлов тизими ҳали тирик бўлган, қамоқда бўлган, ноҳақ жарбланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатламас экан, бу каби ислоҳотлардан самара қанчалик? Ёки булар ҳам ҳам орадан 100 йил ўтиб оқланадими?.. Унда бундай оқлов нега керак?..
Олий суднинг кассация судлов ҳайъатида ҳимоямиздаги Сардор Миралиевнинг иши кўрилмоқда. Бу иш жамоатчилик учун яхши таниш бўлган иш — тадбиркор Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига ўз мулкларининг талон-тарож қилингани бўйича 2019 йилнинг декабрида ариза берган. Шу асосда ака-ука Ойбек ва Сардор Миралиевлар қамалишган.
Ойбек ва Сардор жазо муддатини ўтамоқда, бироқ Сардор Миралиевнинг ягона айби акасидан ишончнома олгани. Фирибгарликда айбланган Сардор Миралиевга нисбатан бирорта қарши кўрсатма ёки жабрланувчи йўқ. Буни ўша номдор Раҳимовлар хонадони ҳам судларда бир неча марта таъкидлашди, бу йигитни ҳатто танимаслигини айтишди.
Қуйи инстанция судлари шу қадар разолатга ботиб кетган эканки, адвокатларнинг илтимоснома-ю, талаблари бир тийинга олинмади. Гуноҳсиз, айбсиз бир одамга 8 йил қамоқ жазоси берилди. Бу ҳақда ёзарканман, жамоатчилик олдида маъсулиятни ўз зиммамга оламан.
Сиз ҳам эътибор берганмисиз: кўп ҳолларда судлар фуқарога “шикоят қилиш муддатини ўтказиб юборгансиз — мана 5 кун ўтиб кетибди, 10 кун ўтиб кетибди” деган баҳона билан аризаларни қайтаришади. Бироқ Олий суд оқлаган Иброҳим Лақай, Абдулла Қодирийнинг аппеляция, кассация… ва ҳоказо муддатлари ўтиб кетмайди! Демак, суд ҳам сиёсатга боғлиқ экан!
Келинг, айбсизларни тириклигида оқлайлик, токи у оиласи, фарзандлари бағрида яшасин. Суд маълум даражада сиёсатга хизмат қиларкан, сиёсатнинг пойдеворини адолат ва ҳақиқат пойдеворига қурайлик. Шахснинг ўлгандан кейин оқланиши эҳтимол бизга фойдаси бордир, аммо унинг ўзига фойдасиз.
Abdurakhmon Tashanov. Facebook