Сўнгги умидим Сиздан, Шавкат Миромонович!

Сиз Ватанимизда “Маҳалла” институти фаолиятини янада мустаҳкамлаб, эл-юртнинг иссиқ-совуғидан, ҳолидан хабар олиб турадиган, ўз оталиғидаги ҳар бир хонадоннинг аҳвол-руҳиясидан хабардор бўлиш бевосита вазифаси бўлган маҳалла оқсоқолларини танлаб сайлашга катта аҳамият бераётганингиз ҳурматга сазовордир.
Бироқ, бу катта эътибордан ўзини “ҳокими мутлақ” ҳис этиб, босар-тусарини билмай қолган, оддий камбағал фуқароларни менсимайдиган, кўнглининг кўчасига келган қарорни ўйламай қабул қиладиган маҳалла оқсоқоллари ҳам вужудга келиб қолаяпти, бор. Мисол – бизнинг “Сузук ота” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собитхон Турсунов.
Сиз маҳалламизга ташриф буюрганингизда бу жойда “Сузук ота” зиёратгоҳ мажмуйи барпо этилишини айтиб, шу зарурат туфайли бошқа жойга кўчиши лозим бўлган барча аҳоли рози бўлиб кетишини гапирганингизни биз телевизор орқали кўриб-тинглаб қалбимизда шукроналик туйдик. Сўнгра маҳаллада йиғилиш ўтказган шаҳар ҳокими Р.Усмонов ҳам ўз сўзида бу маҳаллада узоқ йиллардан бери яшаб келаётган ва айрим сабабларга кўра рўйхатга ўтолмаган фуқаролар ҳам кўчада қолмайди, уй-жой берилади, деб айтдилар.
Маҳалла раиси Собитхон Турсунов эса бугун ўзи хон, кўланкаси майдон: мурожаат қилган фуқароларга хохласа ундоқ, хохламаса бундоқ маълумотнома ёзиб беради. Гап шундаки, унинг бу маьлумотномаси, имзоси уйи бузилаётган фуқароларга бериладиган квартира тақдирини ҳал қилиш ваколатига эга. Ва, бунинг асносида хохлаганча суистеъмолликлар ҳам содир бўлмоқда.
Қисқаси, маҳалла оқсоқолининг кўнглига йўл топилса – имзо силлиқ бўлади, йўқса, бизга ўхшаб шикоятбозлик қилиб юраверади…
Мен эрим руҳий касал бўлгани, ҳеч қаерда ёлчитиб ишлаёлмаслиги туфайли 2002 йилда никоҳдан ажрашиб, ота уйимда рўйхатга ўтиб, яшаб келаяпман.
Қизим Азиза Бабахановани қўлим калталиги сабаб сеп қилиб тўй-томоша билан узатолмадим. У ҳам 2002 йилдан бери биз билан бирга яшайди. Ёлғиз она. Уч нафар фарзанди бор. Неварам Жахонгир Шайхонтоҳур туманидаги 34 – ўрта мактабда 6 – синфда аъло ўқийди, икки эгиз неварам тўрт ёшда, шу ердаги боғчага боради.
Қизим Азиза Бабахановага, невараларимга бирнеча йиллар давомида ўзимиз яшаётган шу “Сузук ота” МФЙ поликлиникага, мактабга, боғчага “шу ерда яшайди” деб маълумотномалар берилган. Маҳалла оқсоқоли С. Турсунов бугун маҳалла муҳри босилган бу маълумотномаларни тан олмаяпти. “Мен бермаганман” дейди. Сен бу маҳаллага оқсоқол бўлганингга икки йил бўлган бўлса, сендан олдинги раислар раис эмасми, уларнинг имзоси ва муҳри қалбакими? Бунинг устига, бошқа маҳалладан қатнаб “оқсоқоллик” қиладиган Турсунов маҳаллада ким яшаш-яшамаслигини билмаса бева-бечора фуқаролар айибдорми?
Гап шундаки, менга қизим Бабаханова Азиза ва уч набирам билан бирга квартира ажратишини сўраяпман. Бунинг учун барча зарур хужжатларни тақдим этдик. Хусусан, қизим Бабаханова Азизанинг номида уй-жой йўқлиги ҳақида шаҳар кадастр маълумотномаси, ФХДЁда рўйхатдан ўтмагани, невараларимга мактабга, боғчага бориш учун “Сузук ота” МФЙнинг “шу ерда яшайди” деган маълумотномалари нусхаси, Шайхонтоҳур туманидаги 34-ўрта мактабнинг 6-синфида неварам Бабаханов Жахонгирнинг ўқиётгани ҳақида маълумотнома (нусхаларини илова қиламан) ва бошқалар.
Энг асосийси – қизим Бабаханова Азиза 2002 йилдан бери шу ерда яшаётгани тўғрисида 6 нафар кишилар гувоҳлик бериб имзолаган Далолатнома ва бу Далолатномани МФЙ раиси С.Турсунов гувоҳлар имзоларини тасдиқлаб мухр босиши керак эди. У мухр босиб, “Рўйхатда йўқ яшашини кўрмаганман. Лекин имзоларни тасдиқлайман” деб “дастхат” ёзиб берибди.
Қизим бу хужжат билан уй-жой ажратиш комиссияси қабулига кирганида, маҳалла оқсоқоли “яшамайди” дебди-ку, “яшайди” деб берганида сизга квартира ажратилар эди, деб рад жавоби беришди.
“Хазрати олий” Турсуновнинг бир оғиз тўғри ё нотўғри сўзи бутун бир оиланинг тақдирини, фарзандларининг келажагини ҳал қилиш қудратига эга эканини кўрдингизми?
Унинг кўнглига йўл топганлар ўн, йигирма, ўттиз йиллаб бошқа жойда яшаётган ва бу ерда рўйхатда турган бўлса – квартира ажратилаяпти. Камхарж бечорага эса юқоридагича муносабат.
Жаноб МФЙ раиси С.Турсунов икки йиллик оқсоқоллик фаолиятида бизнинг хонадонга бирор марта бош суқмаган бўлса, “яшашини кўрмаган” бўлса ва 6 нафар қўшнининг ҳам “2002 йилдан буён яшайди” деган гувоҳлигига ишонмаса, аниқроғи “ишонишни хохламаса” биз айибдормизми? Хохлаши, ҳақиқатни ёзиб бериши учун биз нима қилишни билмаяпмиз.
Бульдозер эса “уйни бузамиз” деб эшигимиз тагида турибди.
Муҳтарам оқсоқол С.Турсунов мен Бабаханова Назира бу уйда 2002 йилдан рўйхатда туриб қизим ва уч нафар набирам билан бирга яшашим тўғрисида қўшнилар гувоҳлик имзоларини қўйган Далолатномани ҳам “рўйхатда туради, болалари билан яшамайди” деб “тасдиқлаб” берди. Яшаш уйлари номери ва паспортларининг маълумотларини кўрсатиб “яшайди” деб гувоҳлик берган бирнеча қўшнилар хаммаси ёлғончими, фирибгарми – маҳалла оқсоқоли яккаҳокимона тасдиқ мухрини қўйишдан олдин нега уларнинг биронтасини чақириб “бу ростми” ёки “нега ёлғон кўргазма бераяпсизлар?” деб сўрамади?
Сўраса, ўзининг ёлғончилиги аён бўлишини билади, шунинг учун “сиртдан” ҳаммани ёлғончига чиқариб, ҳалқ фикрига қарши ҳокимона “виза” қўйди. Бу “виза” – унинг кўнглига йўл тополмаганга жазо!
Маҳаллада “эвини қилаётганлар” ошиғи олчи. Агар текширилса, ҳақиқий камхарж бечораларга рад этилиб, “йўлини” топганлар ноқонуний равишда иши битиб кетаётган фактлар анча-мунча топилади.
Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович! Сизни барча авлиёлар, хусусан Сузук ота руҳи қўлласин, шиддаткор фаолиятингизда Аллоҳ мададкор бўлсин. Ёрдам беринг, мен фарзандим ва невараларим билан бошпанасиз ижарама-ижара сарсон бўлиб қолмай, қонуний уй-жой ажратилишига кўмак беринг.
Сизга нажот-илинжи ва чуқур эҳтиром билан,
уч фарзанд ва олти неваранинг онаси Назира Бабаханова.
Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, “Сузук ота” маҳалласи, Хуррият тор кўча, 27-уй