ТАРВУЗ ДАРАХТИДАН ХУДО АСРАСИН

Девларни ўзига тобе қилган Сулаймон алайҳи вассалам ҳазратлари вафотидан сўнг пайдо бўлган: – Сулаймон ўлди, девлар қутулди., деган нақл бор. Улуғ пайғамбар бизни кечирсин. Бизнинг “Сулаймон” ўлгач, унинг девлари қутулмади, балки тутилди…
Узоқ йиллар Сурхондарёни оч бўридай талаган Нодир деган дев қамоққа олингач, унга қўшилиб ўз элини талаганларга сичқон ини милён доллорга чиққан…
Энди, Алпомиш авлодлари кайфияти чоғ. Жони бор мелисалар тепанинг топшириғи билан қонун ниқобидаги талончилардан тортиб олинган мулкларни эгаларига қайтариш билан оввора.
2015 йилда дастлаб, дўконларини талаб, акаларини қамоққа олган Нодир Тўрақулов ва унинг қудаси Эркиндан дод деб келган Анвар Кўчаровга баҳоли қудрат ёрдам бергандик. Анварнинг жуда кўп шикоятлари “Дунё ўзбеклари”да чоп этилган. Шуларни эшитиб, 15 та Дамаз машинаси, бир автобусини Нодиржон тортиб олиб, бошига қоп кийгазиб уйидан олиб кетган Чори (асли исми шарифи Ёдгор Муродов ўтган йили вафот этган) деган тадбиркор ҳам жияни билан етиб келди.
Чорининг “Дунё ўзбеклари”да чоп этилган хатлари қўлма – қўл ўқила бошлагач, Жайлов бобо рўза кунлари етиб келдилар. Бобонинг ўғли Пардабойнинг юкларини тортиб олганлари камдай юк машинасини ҳам тортиб олганлари ҳақида ўзбекча ва русча шикоятларига “Дунё ўзбеклари”да чоп этилган нусхаларини ҳам илова қилиб Бош прокурор И.Абдуллаевга топширганимизда, мулозимлари бобо кетмай турсин., деб тайинлашди. Бобой билан ифтордан сўнг, саҳаргача гурунг қилганимиз кечагидай эсимда.
Сизни оввора қилмай ўғлингиз ўзи келса бўлардику., десам, Пардавой ҳам қолганлари ҳам қўрқоқ., деганлар бобо хўрсиниб. Нега қўрқади десам, Нодирдан бутун сурхон., ҳатто бешикдаги бачалар ҳам қўрқади., мен қаридим., менга барибир, қўрқмайман., деганлар.
Эртаси куни Бош прокуратура мулозими яна қўнғироқ қилиб, бобо келгунимча кутиб турсин., деди. Кейин билсак, уни Бош прокурор Сурхонга жўнатган экан. Соат 16 ларда Пардавой мен билан бирга яна 4 шеригининг машиналари қайтарилганлигини хабар қилди…
Жайлов бобо прокурорни чин дилдан дуо қилдилар…
Анвар Кўчаровнинг шикояти бўйича Эъзгулик жамияти раиси Васила Иноятова ҳам ҳаққа завол йўқ., деб Сурхандарёга бориб келди. Ўша пайтда Васила Иноятова жуда катта жасорат кўрсатиб, “Қоч, Нодир келаяпти.,” сарлавҳали мақола ёздилар. Бу мақолани бошқа сайтлар қатори “Дунё ўзбеклари” ҳам кўчириб босганди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёдаги нутқи, худди Алпомиш достонидай машҳур бўлиб кетди десак муболаға эмас.
Президентимиз жасорати боис, мазлумлар дили ёришди, шеърлар тўқилди, давраларда ўқилди:
Халқ учун ишла,
Халқим деб яша,
Қайтар энди олганларингни!
Агарда сен маршал бўлсанг ҳам,
Юлиб ташлайдирман погонларингни!
Улуғ Чўлпон ҳазратлари айтганларидек, халқ денгиздир., кеча уни булғаганлар, бугун жазосини олмоқда. Кеча зўравоннинг малайи бўлган амалдорларнинг ичига илон ўйнайди…
Устидан шикоят ёзгани учун Нодиржон дарҳол жиноят иши қўзғаб, қидирувга берган Анвар Кўчаров ҳам уч йиллик таъзийқлардан халос бўлди. Анварнинг оиласи бағрига қайтиши Алпомиш тарихини эслатади. Унга таъна қилганлар бугун хижолатда.
Сурхондарёликлар бугун бир – бирига Нодиршоҳ ҳақидаги янги хабарларни бир – бирларига жўнатиш билан оввора. Улар энди интернет тармоғи қимматлиги ва секин ишлаши, “Дунё ўзбеклари” сайти очилмаётганидан нолишади.
Президентимиз бир ҳафсала қилсалар Интернет ҳам тезлашиб, балким текин ҳам бўлиб қолар, энг муҳими зулм даф бўлди, элни Чингизхондан баттар талаганлар ҳибсда!
Бугун 40 дан ортиқ Бош прокуратура ходимлари жиддий текширув ўтказмоқда. Нодирнинг қудаси Эркин Норқобилов ҳовлисидан топилган катта миқдордаги доллар ана шу тафтишларнинг илк меваси.
Қутайбадан олдин Ўрта Осиёга юборилган араб лашкарбошиси сояда овқатланиб ўтирса, тақир бошига хом ёнғоқ тушипти. Қўлига олиб дастурхондаги тарвузга ўхшатгач, бу биз тагида ўтирган мана шу ёнғоқ дарахтининг меваси дейишипти. Шунда араб лашкарбошиси: – Ёнғоқ дарахтики шунчалик катта, тарвуз дарахтидан худо асрасин., деб юртига қайтиб кетган экан.
Вилоят МХХ терговчисининг қудасининг ўнлаб ҳовлисининг биридан шунча бойлик чиқса, қолган девларнинг тўплаган бойлигини жиндай тасаввур қилиш мумкин.
Шу кунлар Сурхондарёда байрам. Зўравон Нодир ва унинг шериклари тортиб олинган мулклари, машиналарини қайтариб олаётган мазлумларнинг Президент Шавкат Мирзиёев шаънига дуолари илк баҳор еллари билан омухта бўлиб еру кўкга таралмоқда…
Хамроқул Асқар