“УЛУҒ”ЛАРГА ТИЛ ТЕККИЗМАНГ!

Собиқ шўронинг доғули йилларида мамлакатга узоқ йиллар раҳбарлик қилган Шароф Рашидов тириклигида ўзига ҳайкал қўйдирмаган, номини абадийлаштириш мақсадида бирор маҳалла ёки кўчага исмини бермаган. Ҳатто Ўзбекистоннинг тарихий бурилиш палласида тахтга ўтириб, яқин йилларгача мамлакатга раҳбарлик қилган Ислом Каримов ҳам тириклик чоғида номини абадийлаштириш ҳаракатидан қочди. Бу улуғларга муносабат, уларнинг ўлимидан сўнг ёдиини абадийлаштириш, уларнинг номларини маҳалла-ю гузар, туман ва кўчаларга қўйиш эса бу бошқа масала.
Аммо ён-веримизда шундай “улуғ”лар ҳам борки, улар ўз гузарларини, воҳасини ўз номи билан атамаса, маҳалласи пештоқи-ю, вилояти остонасидаги дарвозага улкан расмини остирмаса, уларнинг улуғлигини англаш мушкул. Миллатимиз назарига туша олмаётган шундай “улуғ”лардан бири — Қўқон ўрмон хўжалигининг қарийб 35 йиллик раҳбари Мансур Хўжаевдир.
Юқорида номлари зикр қилинган шахслар фаолиятини муқояса қилиб, улуғлик ва тубанлик орасидаги масофани ўлчамоқчи эмасмиз. Қолаверса, бу форматдаги мақолаларни ёзмай қўйганимизга анча бўлди, эҳтимол шунинг учундир қаҳрамонимнинг бор таъриф-у тавфсифини келтиришга қўлимиз келишмаяпти. Фақат шу мавзуга тўхталишга суднинг ўта бир адолатсиз ва ноҳақ ҳукми сабаб бўлганини айта оламиз.
Шу йилнинг 7 август куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоятининг Фурқат тумани суди судьяси О. Ҳасанов фуқаро Абдупатто Мадаевга оид жиноят ишини кўриб чиқди ва уни 2 йилга озодликдан маҳрум қилди. (“Жазо қаттиқ тартибдаги колонияларда ўталсин…” дея таъкидлади судья.) Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 239-моддаси 3-қисми билан судланган Мадаев Қўқонда “ҳазрат” деб улуғланадиган Мансур Хўжаев ва унинг Республика Бош прокуратураси 11-бўлими прокурори бўлган ўғли Алишер Хўжаевнинг хатти-ҳаракатлари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига шикоят қилгани сабаб бўлган.
Воқеалар хроникаси жуда оддий. Фуқаро Мадаевнинг қудаси Қурбонбой Субхонбоевнинг “Субхонбоев” фермер хўжалигига 1996 йилнинг 26 октябрида 49 йил муддатга ажратилган 1,2 гектар ерни ҳазрат ва унинг амалдор ўғиллари ҳокимият идораларига турли босимлар орқали ўзларининг “Данғара Сайёд Стил” фермер хўжалиги манфаатига тортиб олади. Кейинчалик давлат заҳирасига олинган ерда кўкариб турган дарахтларга арра солади, барча гиёҳларни қуритади. “Босим”лар сўзи ҳазратнинг ўғиллари Алишер Хўжаевга нисбатан туҳмат эмиш, гўё бу жаноб қўй оғзидан чўп олмаган, виждонан ишлайдиган прокуратура мулозими эмиш.
Суд мажлисига бориб, жараённи кузатган бўлдик. Судья Ҳасанов камгап, камтарин, фарғоналикларга хос мулойим табиат бир йигит экан. Афсуски, шахсий фазилатларнинг барчаси ҳам судьянинг адолатли, инсоф-диёнатли бўлишига кифоя қилмас экан. Суд жараёнида буни кўрдик: қози икки томонни ҳам эшитиши, гувоҳларнинг барчасини сўраб, адолат тантанаси учун лозим чораларни кўриши керак. Лекин судья бундай қилмади. Жилла қурса, нима бўлган ўзи, ҳазрат Мансур Хўжаев ва унинг Тошкентдаги амалдор ўғли ким, бу жанобларнинг жамолини, турқи тароватини судда кўрайлик (бошқа жойда кўрса кўргандир) дейишга журъат қила олмади.
Абдупатто Мадаев эса ҳазратнинг устидан шикоят қилиб, шаккоклик қилган биринчи фуқаро эмас. У жанобнинг устидан Фарғона вилояти Миллий Хавфсизлик Хизматига қўқонлик фуқаро М. Пирматов қариндошлари бошига тўппонча тирагани ҳақида 2006 йилнинг 8 сентябридаёқ ариза ёзган. Ўша аризада қаҳрамонимизнинг ўзини “Водий Президенти” дегани ҳақидаги иддаолар ҳам бор.
Аслида Мадаевнинг қамалишига асос бўлган шикоят (!) мазмунан судда чуқурроқ ўрганилса, адабиётшунослик, хатшунослик экспертизаси масалага таҳлилий ёндошса, шикоятда Хўжаевларнинг бирор бир масалада камситилган жойи йўқ. Аксинча, шикоятда юртдошларимиздаги журъатсизлик, маддоҳлик сингари одатларнинг шахсга нисбатан имплементацияси, қоришиқ кўринишидан келиб чиққан оддий таклиф кўриниши намоён бўлади. Яъни, шикоятчи президент Мирзиёевга мавқеи турлича бўлган фуқароларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солишни таклиф қилмоқда.
Мадаевнинг шикоятларида туҳмат, ҳақорат элементлари ҳам мавжуд эмас. Унинг тахминлари шикоятидаги воқеаларнинг мантиқий боғланиши билан ўз исботини топади. Қолаверса, Мадаев ҳазрат ва унинг ўғиллари кирдикорларини биринчи марта гапираётган одам ҳам эмас. Шунга кўра, Жиноят Кодексининг туҳмат ва ҳақоратга оид моддалари диспозицияси Мадаевга муддатли жазо берилишини талаб қилмайди. Агар Мадаевнинг шикояти жиноят бўлса, Ўзбекитон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига шикоят қилган 1 050 000 нафардан ортиқ фуқаронинг барчасини жавобгарликка тортиш мумкин бўларди.
Мадаевнинг шикояти мазмунида Хўжаевлар ўзининг обрў-эътибори, Республика Бош прокуратурасида хизмат қилувчи ўғилнинг мавқеидан фойдаланиб, еримизни тортиб олди, дейилади. Агар ҳазрат ва унинг ўғилларига тааллуқли бўлмаган, айтайлик, чинозлик Аҳмадбой бу ерни олган бўлса, у ҳолда Мадаевни туҳматчи дейиш мумкин эди. Ҳозирги ҳолатда эса бу ҳол ошкоралик ва плюрализм тамойилларига тўла мос ва бунинг учун жавобгарлик бўлиши мумкин эмас.
Модомики, Мансур Хўжаев чориғини зўрға судраб, масжидга чиқиб келишгагина қодир чол бўлганида, Бош прокуратуранинг бўлим прокурори бўлган Алишер Хўжаев гараж қоровули бўлганида, Субҳонбоевнинг кўкариб турган боғини кестириб ташлашга қодир бўлармиди? Мансур Хўжаев ўзининг зўровон ҳайдовчисига қаҳрамонимиз Мадаевни куппа-кундузи ўз уйида ўласи қилиб калтаклата олармиди?
Мана гап қаерда: ижтимоий нотенглик, бойнинг фуқарога феодалча муносабати ва прокурорларнинг Шавкат Мирзиёев айтганидек, оёғи аллақачон ердан узилиб, коррупция ботқоғига ботиб қолганида. Гап судларимизнинг ана шундай қабиҳликларни қонунлаштираётганида.
Одамлар орасида бугун биз тилга олган ҳазратнинг аллақандай “алимбой”, “салимбой”лар билан алоқалари, прокуратура органининг “кўча” билан дўстлиги ҳақидаги миш-мишлари юрибди. Биз буни ўз номи билан миш-миш бўлгани учун ҳам тилга олмадик. Лекин шу ўринда аввалига “миш-миш” бўлган Гулнора Каримов иши нималар бўлганини эслаш зарар қилмайди.
Ёзувларимни маҳаллий матбуотда доим айтиладигандек “ҳуқуқий жамиятда яшаяпмиз”, “мамлакатимизда қонунлар устивор” деган чучмал жумлалар билан битиришни хоҳламайман. Қонун устивор бўлган ҳуқуқий жамиятда яшамаётганимизга юқоридаги фактнинг ўзи исбот бўлади олади.
Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқинда прокуратура мулозимларига қарата: “Ҳамманг порахўрсан!” деди. Агар ана шу “ҳамма”га Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 11-бўлими прокурори Алишер Хўжаев ҳам кирса, порахўрнинг устидан шикоят қилган фуқаро Мадаев нега қамалди? Агар Мирзиёев туҳмат қилаётган бўлса, Мадаев билан биргаликда икки йиллик қаттиқ тартибдаги колонияда жазо муддати ўташи керак эмасми?
Абдураҳмон Ташанов, журналист