ДАРДИМНИ ЭШИТИНГ, ЖАНОБ ПРОКУРОР!

5

Аввало Сизнинг қимматли вақтингизни олиб ўз муоаммоларим бўйича мурожаат қилаётганим учун узр сўрайман. Бошқа иложим қолмади, чунки Сирдарёда менинг ва менга ўхшаганларнинг дардини эшитадиган раҳбарлар йўқ деб ҳисоблаб қолдим. Мен истиқомат қилаётган Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ҳокимияти ва прокуратураси томонидан 25 йиллик қилган мехнатим чиппакка чиқарилди. Кимларнингдир топшириғи билан “пашша”дан “фил” ясалиб жиноятчига чиқаришди, бундай иснодга чидай олмай Сизга такрор мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдаман.

Менга нисбатан қилинаётган адолатсизлик, “емаган сомса”га пул тўлатиши, ҳам ишсиз, ҳам қарздор бўлиб қолганим, ўз билимлари билан харбий хизматдан кейин ўқишга киришган, ўз юртига фидойи қилиб тарбияланган фарзандларим  ва барча фарзандларимни келажак хаётга бўлган ишончлари сўнмаслиги умидида қилаётган мурожаатимгаалбатта инсон манфаати ва хақ хуқуқини химоя қиладиган адолатга асосланган қонунларимиз бўйича Сиз ёрдам бера оласиз!

Мен Хуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайман. Давлатимизда “Қонун устувор” бўлишининг тарафдориман, чунки қаерда қонун устун бўлса-шу ерда адолат бўлади.

Сирдарё туман прокуратураси томонидан хеч бир қонуний асосларсиз менга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 167-моддасининг 2-қисми “в,г” бандлари, 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айб эълон қилинганлигидан норозиман, чунки дастлабки тергов органи хулосалари ишнинг хақиқий ҳолатларига мувофиқ эмас, тергов тўлиқ адолатсиз бир томонлама, нима қилиб бўлса ҳам, ҳаттоки амалдаги қонунларни нотўғри талқин қилиб бўлса-да, мени айблаш билан нохолис олиб борилганлиги натижасида Жиноят кодекси нормалари жиддий бузилди ва улар нотўғри қўлланилди.

Мен 2015 йил 12 январдан 2016 йил 21 апрелгача Сирдарё туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келдим. Ободонлартириш бошқормасида ишлаш давомида ноқонуний хатти харакатларга чек қўйиш учун курашиб келдим, лекин бошқарув ваназорат қилиш органлар томонидан хеч қандай амалий ёрдам ололмадим. Охир оқибат улар ўзимни ўзлари тўқиган “ўргимчак тўрига” туширишди.

Бизнинг Ободонлаштириш бошқармамиз доимий бинога эга эмаслиги сабабли доимо 100 нафардан ортиқ ходим ва техникалар билан ижарама – ижара юрар эдик, чунки бошкарманинг биносини ва гаражини махаллий авторитет бир шахс шахсий мулк килиб олган ва 2015-йил 12-январгача бошкармани зимдан бошкариб келган эди.2015 йил 7 ой ижара хақи бюджетдан молияланмаганлиги сабабли шахсий манфаатимдан Давлат манфаатини устун қўйиб оилавий жамғармамиздан ҳисобидан тўлов қилиб олиб юрдим. Иш бошлаганимда таниш- билиш орқали ишга кириб, ишламай юрган ва бошқа ташкилотларда ишлаб юриб бошқармадан ойлик олиб юрганлардан ишхонани тозаладим. Хизмат кўрсатишдан тушадиган тушумларнинг талон -тарожига чек қўйиб, тушумни 10-12 баробарга оширдим.  Доимий бино ажратиш ҳақидаги туман ва вилоят ҳокимиятига қилган мурожаатларим қаноатлантирилмасдан келинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 январдаги “Республика аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 4-сонли, Сирдарё вилоят ҳокимининг 2013 йил 14 январидаги 20-сонли ва Сирдарё тумани ҳокимининг 2013 йил 17 январдаги 104-сонли қарорларига кўра, Бахт шахар ободонлаштириш бошқармаси ва Сирдарё туман фуқароларга хизмат кўрсатиш бюроси тугатилиб, Сирдарё туман ободонлаштириш бошқармаси таркибига киритилиб, фуқароларга қабристон хизматини кўрсатиш бюроси Ободонлаштириш бошқармаси таркибига қабристонларни сақлаш участкаси сифатида қўшилган бўлса-да, участка бошлиғи Анипа Рўзматова томонидан тугатилган фуқароларга хизмат кўрсатиш бюроси тўртбурчак шаклдаги тамғасини ва думалоқ шаклдаги муҳрини туман ИИБга белгиланган тартибда топширмасдан, шунингдек, бюро баланси, ҳисоб-китоби ва кадрлар бўйича хужжатларини Сирдарё туман Ободонлаштириш бошқармасига топширмасдан, уз билганича фаолият юритиб келаётганлиги, қабристонлар хизмати учун фуқаролар томонидан тўланган маблағлар, шунингдек юридик  ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари тўғрисида хисобот тақдим этмасдан ва шартномаларсиз пул маблағларини банк хисоб рақамига тўлиқ туширилишини таъминламасдан келаётганлиги ва бошқарма билан умуман алоқа қилмай ўзбошимчалик билан ишлаб келаётганлиги сабабли туман хокимига ва тегишли назорат қилувчи органларга тегишли тартибда мурожаат қилдим.

Мазкур мурожаатлар юзасидан ва фуқаро Р. Юсупов шикояти бўйича текширув ўтказилиб Сирдарё туман ободонлаштириш бошқармаси участка бошлиғи А. Рузматовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Шундан сўнг ўтказилаётган тергов ҳаракатлари давомида туман прокуратурасига мени терговчи чақириб менга – “агар ишласангиз Рўзматова Анипа билан келишиб ишланг, акс ҳолда сизга ҳам яхши бўлмайди” – деб қатъий шарт қўйди. Рўзматова Анипа ноқонуний ишларни кўп амалга оширганлиги сабабли мен бу шартга кўнмадим ва прокурорга Рўзметова Анипанинг ҳамма ишлари ўрганилмай тақдим қилинган хужжатлар тергов материалларига киритилмаган ва кўпгина буйруқларда менинг имзом йўқ, аризалар тафтишчи томонидан ўрганилмади, жиноятни очиш учун тақдим қилинган хужжатларимиз тергов ишига киритилмаган деганимдан сўнг прокурор:”Сен ким бўлибсанки, тафтишчи сенга учрашса, сен айтаётган ўша ишлар сенга қарши жиноий иш бўлади”,- деб пўписа килиб, хақиқий жиноят ишларини очишга эмас, ёпиш учун ишни фақат менга қарши қилиб олиб борди.Тегишли гувохлар курсатмалари тергов материалларига қўшилмади ва ўзларига тегишли тафтишчидан бошқа экспертлар ишга жалб қилинмади.

Сирдарё вилояти назорат –тафтиш бошқармаси назоратчи   Ж. Эрматов эса ҳеч қандай қонуний ҳужжатли тафтиш ўтказмасдан туман прокуратураси иш юритувида бўлган А. Рўзматовага нисбатан бўлган жиноят иши материалларидан кўчирма олиб, гўёки мен А.Рўзматова билан биргаликда ушбу ўзлаштиришларни амалга оширганлигим ҳақидаги далолатнома тузиб қўя қолди. Ахир шунчалик ҳам кўзбўямачилик бўладими, мен А. Рўзматованинг ноқонуний ҳатти- харакатларига чек қўйишни сўраб қонун ҳимоячиларидан амалий ёрдам сўрасам-у, мен  Рўзматова билан шерикчилик қилишдан бош тортганим учун ўзимни жавобгар қилишса!

Энг ачинарлиси, Сирдарё вилояти назорат –тафтиш бошқармаси назоратчи-тафтишчиси Ж.Эрматов томонидан тузилган далолатномада ва менга қўйилган айбда гўёки мен 2013 йил 1 май санасидаги 19-сонли буйруқ асосида ҳисобчи С.Убайдовага асосий ишга қўшимча равиша 0,5 ставка миқдорида “Бўлим устаси” юклатиш натижасида жами 6.019.600 сўм (олти миллион ўн тўққиз минг олти юз) ортиқча иш ҳақи тўловга йўл қўйганлигим аниқланганлиги.

Шунингдек, бошқарма томонидан 2013 йил 5 июн санасидаги 27-сонли буйруқ асосида ҳайдовчи А.Мудракга асосий ишга қўшимча 0,5 ставка миқдорида “Бўлим устаси” вазифаси юклатилиши натижасида жами 5.789.600 сўм (беш миллион этти юз саксон тўққиз минг олти юз ) ортиқча иш ҳақи тўловига йўл қўйганлигим аниқланганлиги баён қилинган. 2015 йил сентябрь ойида ушбу холатни аниқлаб, хукукий бахо беришга ваколатим булмагани сабабли, тегишли органларга  мурожаат килдим ва “Бўлим устаси” вазифасига уларнинг ўрнига Ризаев М. ва Атабоев Б.ларни вақтинчалик тайинладим, лекин бу ҳолат тергов даврида хам, суд жараёнида ҳам ўрганилмади, инобатга олинмади.

Наҳотки, Сирдарё вилоятидаги назорат-тафтиш бошқармаси назоратчи-тафтишчиси Ж.Эрматовга ва терговчига менинг 2015йил январ ойидан буён Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётганлигим номаълум бўлса, далолатномада қайд қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сонли қарорига илова қилинган “Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабига ва амалдаги қонун талабларига кўра ортиқча иш ҳақи тўловига йўл қўйилишига сабаб бўлган буйруқ чиқарган шахс зиммасига юклатилишини тафтишчи ва терговчи билишмаса.

Ахир мазкур 2013 йил 1 май санасидаги 19-сонли ҳисобчи С.Убайдовага асосий ишга қўшимча равишда  0,5 ставка миқдорида “Бўлим устаси”  юклатиш ҳақидаги ва 2013 йил 5 июн санасидаги 27-сонли ҳайдовчи А.Рўзматованинг куёви А.Мудракка асосий  ишга қўшимча равишда 0,5 ставка миқдорида “Бўлим устаси” вазифаси юклатилиши ҳақидаги буйруқлар Сирдарё туман Ободонлаштириш бошқармасининг 2013-2014 йиллардаги раҳбари Б.Эрназаров томонидан чиқарилган.

Аммо тергов органи ва прокуратура олдида қандай имтиёз ва мавқеъга эга эканки жиноят ишининг Б.Эрназаровга нисбатан қисми Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал Кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1- бандига асосан, яъни “ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган ёхуд вазият ўзгариши оқибатида бу шахс ижтимоий жиҳатдан хавфли бўлмай қолганлиги” сабабли деб жиноят ишининг унга нисбатан қисми айблилик масаласи хал қилинмасдан тугатилган. 

Хақли савол туғилади, амалда Эрназаров Бобомурод Минарович томонидан содир этилган ушбу қилмиш бугунги кунга келиб ишни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш пайтига келиб, қилмиш ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотган  яъни жиноят деб эътироф этилмас экан, нимага унинг қилган иши учун мен жавобгарликка тортилмоқдаман.

Худди шунингдек, тафтишчи томонидан гўёки мен томонимдан ободонлаштириш бошқармаси иқтисод қилинган маблағлари хисобидан ходимларни мукофотлаш тўғрисида буйруқ чиқарилиб, 27 холатда жами 12.296.500  сум (ўн икки миллион икки юз тўқсон олти минг беш юз) ортиқча моддий рағбатлантириш пули тўланганлиги аниқланди деб сохта далолатнома тузилган. Хамда ушбу далолатномага ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисидаги буйруқлар илова қилинган, лекин бирорта буйруқ мен томонимдан имзоланмаган. Ушбу хақида туман прокурорига тафтишчи олдида айтдим, аммо самараси бўлмади.

Ушбу буйруқларни ёзиб тақдим қилган ходимлар бўлими бошлиғи Х.Касимовага нисбатан қисми унинг харакатларида жиноят таркиби йўқлиги важ қилиниб, ЎзР.ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан жиноят ишининг шу қисми тугатилган.

Ахир ушбу моддий ёрдам ва рағбатлантириш учун буйруқ ёзиб ушбу буйруқларни менинг имзоимсиз тўлов учун бухгалтерияга тақдим қилиб моддий рағбатлантириш пулларини тўланишига эришган Х.Касимованинг харакатларида жиноят таркиби бўлмаса, менинг харакатимда қандай жиноят таркиби бўлиши мумкин.

Ахир Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 5-моддаси талабига кўра:

“Жиноят содир этганлар шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил хуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар.” дейилган ёхуд прокуратура тергови олдида Б.Эрназаров ва Х.Касимовалар тергов ва прокуратура олдида бошқача мавқега эгаю, менинг хуқуқларим  исталганича поймол қилиниши керакми?

Шу ўриндаХурматли Юртбошимизнинг Олий Мажлис Сенати иккинчи чақириқ олтинчи сессиясида тергов харакатларида учраётган айрим хато ва камчиликларга бахо бериб: “Энг хавфлиси шундаки,одамлар тақдирига бепарволик,номақбул иш усуллари оқибатида биз оддий,умуман олганда,қонунга итоат этувчи,лекин қонундан бироз чекинган фуқароларни нотўғри жазолаб,улардан хокимиятга ҳам,қонунга хам ишонмайдиган норози одамлар тоифасини ўз қўлимиз билан яратамиз”,- деган гапларингиз тергов органларидаги айрим терговчилар томонидан ханузгача дастурул амал қилиб олинмаганлиги оқибатидаЮртбошимиз ибораси билан айтганда“Емаган сомсага пул тўланяпти”

Олти ойдан ошиқ вақт давомида тинимсиз текширувлардан бошим чиқмай келди. Ишимдан айб топилмади. Охири Сирдарё вилояти назорат-тафтиш бошқармаси назоратчи-тафтишчиси Ж.Эрматов белгиланган тартибга риоя қилмай ишхонага келмасдан, текширувлар дафтарига қўл қўймасданбир йил давомида моддий ёрдамга муҳтож бўлган, туй килган,якинлари вафот этган, операция бўлган ва бошқа йигирмадан ортиқ ходимларга иш ҳақига қўшимча бериладиган моддий ёрдам пулларини давлатга моддий зарар етказиш деб тақдим этди ва туман прокурори Ш.Турдалиев ички ишлар ходимларини жўнатиб, мени ишхонадан туман прокуратурасига олиб бориб, 19-20 апрел кунлари икки кун давомида туман прокурори катта терговчиси Ф.Раҳимов тергов олиб борди. Сирдарё тумани прокуратураси томонидан вилоят назорат-тафтиш бошкармаси мутахассисининг “текшируви”дан кейин 2015 йил давомида корхонанинг 27 холатда ишчи-ходимларига ажратилган 12296500 сум миқдоридаги моддий рағбатлантириш пулини давлатга моддий зарар етказиш деб талқин этишиб, 2016 йил 19-20 апрель кунлари менга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси, 2-қисмининг “в,г” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан айбланувчи сифатида мажбурлов чораси қўлланилиб, туман ИИБ изоляторида 72 соатга ушлаб туриш ҳақида қарор чиқаришди. Бундан ташқари моддий жавобгар шахс бўлган Қабристонларни сақлаш участкаси бошлиғи А.Рузматова томонидан талон-тарож қилинган маблағларни ўзлаштиришда мени ўзаро уюшган жиноий гуруҳ тоифасига киргизиб, айбловни сунъийлаштиришди. А.Рўзметованинг бюджетга етказган зарари ўрганилмай тергов ишидан олиб ташланди.  20 апрелда эрталабдан кечгача тергов давом этди, ҳатто овқатланишга ҳам йўл қўйилмади. Соат 17 лар атрофида бир парча қоғозда 23/1274 – сонли жиноят иши бўйича етказилган моддий зарарни қоплаш учун 12296500 (ўн икки миллион икки юз тўқсон олти минг беш юз) сўм пул маблағлари Сирдарё вилоят прокуратурасининг махсус депозит ҳисоб варағига икки соат ичида тушириб берилишини ёзиб, акс холда мени қамашлари тўғрисида мени оила аъзоларимга оғзаки айтишган ва қўрқитиш йўли билан тўлатишган. Шундан кейин ўзимизда бунча пул бўлмаганлиги учун оила-аъзоларим таниш-билиш, қариндош-уруғларимизга қўнғироқ қилишиб, пул излашган. Мен пул тўламанглар бировнинг ҳақини емаганман деб айтган эдим.Хозирги кунда Рўзметова А. ва унинг жиноий хамтовоқлари мени устимдан кулиб “ишчилар олган пулни Султонназаровни чўнтагидан тўлатдик, бизникини эса давлат тўлаб берди, прокурорга рахмат” деб юришипди. Демак прокурорнинг мени лавозимимдан четлаштиришидан мақсади жиноятни очиш эмас, аксинча А.Рўзметовага ёрдам бериш бўлган эканда. Мени изоляторда қон босимим кўтарилиб кетиб шифокор келиб кўриб, дори ичишини тавсия қилди. Навбатчи милиционер уйга телефон қилиб дорининг номини айтган, дорини олиб келишганда, ичкарига киритишмаган, дори ҳам, овқат ҳам беришмади. Навбатчи милиционерга уйдагиларим “Ҳеч бўлмаса дорини олиб беринг” деб ялинишса ҳам у “Йўқ, у одамга нарса киритишга прокурор рухсат бермаган” деб рози бўлмаган. Бир сутка давомида мени овқатсиз, сувсиз, дорисиз ушлаб туришди, ваҳоланки, бу пайтда қон босимим 170га 110 бўлган. Шундоқ ҳам ноҳақ айбланиб қамалган кишининг жонига қасд қилиш мумкинми? Ҳатто камомад қилган тақдирда ҳам инсон ҳаёти ҳамма нарсадан муҳим эмасми? Эрталаб банкка пулларни тўлашган, керакли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мени қўйиб юборишганча соат 15 дан ўтди. Чиқиб терапевт шифокорга бордим, қон босимим ҳамон 170га 110 эди, керакли муолажалар қилиниб, овқатланганмдан кейин бир оз ўзимга келдим. Прокурор “Менинг устимдан арз қилганинг учун бу ёғини энди кўраверасан қабилида” дўқ-пўписа қилиб, 5 ойдан ошиқ вақт давомида тинимсиз текширилган ишларни яна қайтадан текширтириб, мени ўзимни оқлаш учун тақдим қилган ҳужжатларимни инобатга олмасдан, ҳозирги кунда ишдан четлаштириб, давлатимиз берган шундай катта, масъулиятли лавозимдан фойдаланиб яна (сунъий) моддий зарар чиқартириб жавобгарликка торттиришга эришди. Ҳеч қандай айб қилмаган, хозир хам обрўм ва хаётим хавф остида турган, пул маблағларини шахсий мақсадда ўзлаштирмаган, ишчи ходимларга  моддий ёрдам кўрсатилгани учун “тирноқ остидан кир қидириб” қаматтириш учун ҳаракат қилаётган, қонунлардан ўзининг ғаразли мақсадида фойдаланган туман прокурорининг “Мени айтганимнинг қилмай устимдан арз қилганнинг жазоси-қамоқ” қабилида қилаётган ҳатти-ҳаракати учун қонуний чора кўрилишида ҳамда суднинг  адолатли, қонуний, холис кўриб чиқилиши учун Сирдарё тумани прокурорининг “Қўли етмайдиган” бошқа жойга кўчирилишида амалий ёрдам кўрсатишингизни ва қайта тергов ўтказилишини ва топталган хақ-хуқуқларимни тикланишини сўрайман.

Қолаверса, 2016 йил 21 апрелда тергов харакатлари тугатилиб, хеч бир қонуний асосларсиз менга нисбатан эгаллаб турган лавозимимдан озод қилиш ҳақида ажрим чиқарилди.

Ваҳоланки, Жиноят процессуал кодексининг 255-моддаси талабига кўра, башарти айбланувчи, судланувчи иш жойида қолса, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга ёки жиноят оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини қоплашга тўсқинлик қилади ёхуд жиноий фаолиятини давом эттиради деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, улар лавозимидан четлаштирилиши мумкинлиги баён қилинган.

Терговнинг нохолислиги ва бир томонлама олиб борилганлиги ушбу лавозимдан четлаштириш учун тақдим этилган илтимоснома ва у асосида чиқарилган ажрим билан ҳам ўз тасдиғини топади.

Сабаби ушбу илтимоснома тақдим этилган ва ажрим чиқарилган санада тергов харакатлари тўлиқ тамомланган эди. Бу ҳолат жиноят иши ҳужжатларида хам тўлиқ ўз тасдиғини топган.

Туман прокурори босими остида терговчиҳеч бир асосларсиз бўлса-да, ўзининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиш, мени лавозимимдан четлатиш билан менга руҳий босим ўтказиш мақсадида ушбу ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга оширишди.

          Мен ушбу ариза билан Сизга юксак ишонч билан мурожаат қилиб менга нисбатан қилинаётган адолатсизликларга баъзи кимсаларнинг ноқонуний манфаатларини деб менинг қонуний хуқуқларим  топталанаётганлигига ўз ваколатингиз доирасида чек қўйилишида ҳамда Қонунларимизни фақат баъзи бировларнинг манфаати ва шахсий ғарази йўлида эмас, аксинча ҳамма учун бир хилда адолат мезонлари бўйича давлат ва жамият манфаатлари йўлида қўлланилишини эсдан чиқарган Сирдарё тумани ҳокими, прокурори, бу ишда “ўз ҳиссасини” қўшган прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари ва қўшимча экспертларсиз якка ўзи хулоса берган Сирдарё вилояти назорат-тафтиш бошқармаси тафтишчиси Ж.Эрматовларга эслатиб қўйилиши ва қонуний, адолатли оқлов ҳукми чиқарилишини ўз назоратингизга олишингизни илтимос қиламан.

 

Сирдарё вилояти Сирдарё тумани Сирдарё шаҳри Буюк замин кўчаси 38-уйда яшовчи

Султонназаров Баҳром