Учкўприкликлар президентнинг ҳақоратланганини иддао қилишмоқда

5465

Шу йилнинг 15 июль куни Ўзбекистон Респбулкаси президентининг виртуал қабулхонаси ва Адлия вазирига мурожаат қилиб, жиноят ишлари бўйича Риштон тумани суди судьяси Ниёзали  Пайғомов томонидан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳақоратланганини иддао қилишмоқда. Президентнинг шаън ва қадр-қиммати топталганини таъкидлаётган фуқаролар унинг жавобгарликка тортилиши сўрашмоқда.

 “Биз фарғоналик таниқли тадбиркор Зиябиддин Сидиқов устидан сохталаштирилган, махсус сценарий асосида олиб борилаётган сохта суд мажлисида қатнаша туриб, судья Пайғомовга унинг адолатсизлиги устидан президентимизга мурожаат қилишимизни айтдик. Судья эса суд залида 40 га яқин кишилар олдида “Президентингга фалончим…” деб ўшқирди. Шундай сўнг биз бу хусусда далолатнома тўлдириб, шикоят ёзмоқдамиз” дейди фуқаро Дилором Ҳайдарова.

Маълум бўлишича, судья Пайғомовнинг бу сийловидан сўнг залда тўпланган конвойлар, фуқаролар бир муддат ўзини йўқотиб қўйишган.

 Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги йирик ғишт заводи ва бошқа  раҳбари Зиябиддин Сидиқов милиция ва прокуратура органи томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг фирибгарлик, товламачилик сингари моддалари билан айбланиб, маҳкамага тортилган. Тадбиркорнинг тарафдорлари хуфя идоралар томонидан унинг синдирилиши учун ёлланган шахслар воситасида уюштирилганини таъкидлашмоқда.

“Президентимиз Шавкат Миромоновичнинг “Тадбиркорлар – менинг қанотим” деганига ишонгандик. Афсуски, МХХ Зиябиддин акани подвлга олиб кириб, ўласи қилиб калтаклаган. Ҳозир ҳам ишнинг устида улар туришибди. Судья, прокурорларга босим ўтказиб, тадбиркорни узоқ йилларга қаматиб, эҳтимол ўлдириб юборишни кўзламоқда. Ҳолбуки, тадбиркор Сидиқов ўнлаб фуқароларни иш билан таъминлаган одам эди” дейди фуқаро А. Ҳошимов.

 Учкўприкликларнинг иддаоси текширувлар давомида тасдиқланса, қонунчиликка мувофиқ, Ўзбекистон Адлия вазири томонидан Ўзбекистон Респбуликаси Олий судига даъво аризаси киритилиши лозим.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг шаън ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўйи Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаситнинг “Ўзбекистон Республикаси президенти тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси кодекслари орқали ҳимоя қилинади.