“Ҳалқ қабулхонаси”даги ўтган бир куним

isroil

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари» бўйича давлат маслахатчиси Т.Худойберганов эшитмасин…

 

 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари «Эзгулик» Жамиятига арз қилган навбатдаги Сирдарё вилояти, Мирзаобод тумани «Тошкент» ҚФЙ, Боғистон маҳалласи Ўрмончилик кўчасида яшовчи 1983-йилда туғилган ватандошимиз-О.Бобоевнинг такрорий (3-бор) мурожаатидан сўнг, Мен «Эзгулик» Жамиятининг Марказий Бошқарув аъзоси ҳамда ташкилотнинг Тафтиш комиссияси раиси сифатида О.Бобоевнинг ўз турар-жойи орқа томонидаги 0,20 га ташландиқ ер майдонини боғ яратиш мақсадида ёрдам сўраб, 3 ойдан буён Мирзаобод туман Ҳокимлигига қатнай вериб, сарсон бўлиб ҳеч нарсага эриша олмагач, туман Ҳокими номига ёзган мурожаатим, Ҳокимнинг 1-ўринбосари Б.Ҳайдаров билан шахсан 18.03.2017-йил куни учрашсак ҳам натижа бермагач, Мен 2017-йил 29-март куни Президент номига йўллаган мурожаатим ҳам айланиб, яна Мирзаобод туман Ҳокимлигига келиб тушиб, ҳеч бир амалий ҳаракат бўлмагач, 2017-йил 24-апрель куни фуқаро-О.Бобоев билан соат 10:30 да Ўзбекистоннинг пойтахти Тошкент шаҳрида жойлашган, атрофлари баланд ва мустаҳкам темир панжаралар билан ўраб олинган, девор бурчидаги 2-3 та Ички ишлар (миршаб) қўриқлаётган мўжазгина қоровулхона олдида, ён атрофида ноқулай ҳолатда (ерда, бетон девор тагида, қоровулхонадан унча олисда бўлмаган усти ёпиқ шийпончада сиқилишиб ўтиришган) аксарияти 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган эркаку-аёл, ёшу қари, турли-хил миллат вакиллари, Улуғ Ватан уруши қатнашчилари, ногиронлар ва бошқа шу тоифадаги Республикамизнинг турли вилоятларидан нажот излаб ташриф буюришган 200-250 дан ортиқ, чарчоқ аломатлари сезилиб турган, айримлари ўта асабий ҳолатдаги, айрим ёш оналарнинг қўлларида биғиллаб йиғлаётган норасида гўдаклари бор оломон ичига кириб бордик… (фотоларда акс этган)

 

…Озроқ муҳитга мослашиб, вазият билан танишиб, шуни билдимки, Миршаблар (ИИБ ходимлари) қаттиқ қўриқлаётган биноча деразасида 2 хил рўйхат бўлиб, 1-вароқда Президент қабулхонасига келган фуқаролар ўз исми шарифини ёзиб, тартиб рақам қўйиб, навбатга ёзилар, 2-вароқда эса, шу бинода Олий Мажлис Сенатининг вакили хузурига арз билан келган фуқаролар: рўйхати ёзилиб, таҳминан ҳар ярим соатда рўйхатдаги исми-шарифи ёзилган фуқароларнинг 10-12 тасининг фуқаролик паспорти йиғиштириб олиниб, (?) ИИБ ходимлари (миршаблар) томонидан, ҳар ярим соатда, 1 соатдан сўнг 10-12 чоғли фуқаролар ичкарига текширилиб, сўнг киритилар экан. Мен 187 навбатда рўйхатга ёзилдим ва қачон паспортимни сўраб олишларини кута бошладим…

 

Бу орада вақт соат 12:00 га яқинлашиб қолганлиги боис, яқин атрофда на бир ичимлик суви борлиги, на бирон енгил тамадди хона бўлмаганлиги сабаб, 200 метрлар узоқликдаги Миллий Музей биноси ёнидаги мўжаз ошхонага шеригим билан бориб, тушлик қилган бўлдик.

 

…Қоровулхона ёнидаги оломон ёнига яна келдик ва уларнинг ғаройиб суҳбатларини тинглай бошладик…

 

Муаммолари ҳам турли-туман: Кимнидир фирибгарлар чув туширишиб кетган, баъзилариники Ҳокимлик тарафидан бузилган уйи ўрнига пул ололмаган, Паркент туманидан келган фермер аёлни ерини тортиб олишган, Бувайда туманидан келган эр-хотин ва унинг ногирон боласи хужжатларини Тошкент вилоятига мавсумий ишлагани келганларида ИИБ ходимлари олиб қўйишиб ҳафа қилишган ва ҳоказо…

 

Худи мен олиб борган такрорий мурожаат мазмуни каби; бир ёш ғайратли йигит (О.Бобоев) 3 ойдан буён турар-жойи орқа томонидаги 0,10 сотих ташландиқ ерни ўз ҳисобидан ўзлаштириб боғ яратиш мақсадида туман Ҳокимлигига тинимсиз қатнашига қарамай, ерни қонуний ололмаётганлиги каби.

 

Шу вақт қоровулхона эшиги қўққис очилиб, қоровул миршабнинг норози қиёфали дарғазаб юзи кўринди ҳамда эшик олдидаги тирбанд оломонни туртиб, зинадан пастга тушириб, «тартибни тиклагач», навбатдаги 10 чоғли фуқароларнинг паспортини рўйхат бўйича йиғиб олгач, ичкарига кира солиб, эшикни ички томонидан қулфлаб олди…

 

Орадан 10-15 дақиқа ўтгач, негадир ичкарига кириб кетганлардан 2 нафар аёл ранг-рўйи ўчиб, дарғазаб қиёфада чиқишди ҳамда эрталабдан тўпланиб турган оломонга қарата, кучли ҳаяжонда «эй, одамлар, бу ерда турманглар, фойдаси йўқ, бекорга вақтларингни сарф этманглар, ҳеч нарса ҳал бўлмайди, булар фақат мурожаатлар сони ва ҳисоботи учун ўтиришибди» дея ҳайқирди.

 

Бу ҳолдан кўпчилик, жумладан мен ҳам ноқулай аҳволга тушдик. Шу пайт тўпланиб турганлар ичидан менимча Навоийдан келган, ўзига хос талаффузли йигит, (кўринишидан анчагина қувга ўхшайди) атрофга секин қараб олди-да, шерикларига паст овозда «мен ҳам 8-марта келишим, булар ҳеч нарсани ҳал қилиб бера олишмайди» деб гап суқди…

 

Менинг эса, бу гаплардан сўнг ҳафсалам пир бўла бошлади. Соат 14:20 да Шу вақт тирбанд автомашиналар оралаб, Тез тиббий ёрдам машинаси сиренасини ёқиб, ҳаммани ваҳимага солиб, қоровулхона ёнига етиб келгач, 2 та шифокор ичкарига кириб кетишди. (бу ҳолат ҳам фотода акс этган) Ичкарида кекса мурожаатчилардан кимнингдир тоби қочибди.

 

Соат 16:00 да навбат кутаётганлардан бири хужжатларини тартибга солаётганида ўзининг фуқаролик паспорти ксерия нусхасига кўзим тушгач, ундан топширилаётган хужжатларга (ариза, шикоят ва таклиф) муаллиф-паспорти нусхаси ҳам илова этилишини ҳам эшитгач, мен ҳам паспортимни нусхалаш ҳамда вақтдан ютиш баҳонасида йўлга чиқдим…

 

Қоровулхона ён атрофида келган фуқароларга консалтинг хизмати кўрсатадиган бирон-бир шаҳобча йўқлиги сабаб, 300 метрлар чамасидаги ягона «Ксерокопия» деб ёзиб қўйилган мўжазгина савдо дўконига кириб, мурожаат қилдим. Ёшгина дўкон эгаси ксерокопия аппарати бузиқлиги учун ишламаслигини айтгач, ундан яқин орада бошқа нусха кўчирувчи шаҳобча борлигини суриштирдим.

 

Йигитча 100 метрлар чамаси масофада жойлашган Миллий музей биноси ичида нусха кўчиргич борлигини айтгач, у томон йўлолдим. Ичкарида бир аёл, мени тинглагач, бизда йўқ, орқа тарафга ўтиб бухгалтериядан сўраб кўринг, балки ёрдам беришар, дегач мен Музейнинг орқа тарафига ўтиб, яна бир ходимадан ташрифим сабабини тушинтирдим. У аёл мени обдон диққат билан тинглагач, нима қиласиз сарсон бўлиб, ана 300 метр нарида Марказий Унвермаг бор, ўша ерда ксериякопия бор дея мени у томон йўллади.

 

Мен (ГУМ) марказий дўкон ичкарисига киришдаги олифта кийинган, оғзида сақич, қулоғига наушник тақиб олган ёшгина қизга мурожаат этдим. У Марказ тўридаги сувенирлар сотиладига бўлимда нусха кўчиргич борлигини маълум этди. У ерда эса навбатдаги сотувчи бу бинода ксериякопия хизмати кўрсатилмаслиги, магазиндан чиқиб, ён тарафдаги дўконлар қаторида бўлиши мумкинлигини айтгач, мен унга миннатдорчилик билдириб, ташқарига чиқиб, ҳар тугул зормонда (Э, узр, арзанда) нусхахона топиб, ниятимга етганимга соат 16:45 эди…

 

Ниҳоят кечки соат 17:15 да навбатдаги 10 таликка ҳам навбат келиб, мен ҳам қоровулхона ичкарисига олиндим. Барча ичкарига кирувчиларни паспорти бўйича солиштириб ўтказиб юбораётган миршаблар негадир мендан телефоним бор-йўқлигини суриштиришиб, сўнг қўлидаги темир излагич (металлои скатель) билан мени обдон текшириб (?) ичкарига кузатиб қўйди…

 

Ички бинога киргач тепасига рус тилида «Приём граждан» деб ёзиб қўйилган хонага кирдим. Бу хонада ҳам 25-30 чоғлик «аризачилар» бўлиб, ўзаро навбат талашишар эди. Ниҳоят, соат 17:55 да менга ҳам гал етгач, навбатдаги эшик тепасига ҳам фақат рус тилида «Приём граждан» деб ёзиб қўйилган торгина хонага киргач, бир аёл ва эркак (ўзларини таништирмас экан, одатда ёки стол устига исми-шарифи, хизмат бурчи, мавқеси ёзилган лавҳалар ҳам йўқ эди.) дастлаб менинг шахсий маълумотларимни компютерга, сўнгра эса журналга қайд этишиб, мурожаатим мазмуни билан танишгач, 1-қават дахлизи охиридаги 1-хонага киришим лозимлигим айтилди ва қўлимга бир вароқ қоғоз тутқазишди…

 

Мен киришим лозим бўлган хона эшиги (бу эшикда ҳам ҳеч қандай ёзув йўқ эди) олдида навбат кутиб ўтиришган 5-6 чоғли инсонлар қаторидан жой олдим.

 

Соат 18:00. Мен ҳовотирга туша бошладим. Чунки одатда давлат идораларида иш вақти соат 18:00 да тугар эди. Ахир кун бўйи навбат кутиб, энди навбатинг келганда «эртага келинг» деган калима одамга алам қилади-да. Ҳар тугул бундай бўлмади..

 

…Ичкарига кириб кетган фуқаро негадир паришанхотир бўлиб қўлида бир даста қоғоз билан чиқиб кетди. Унинг ортидан юзлари тунд, ёши 70 ларни қоралаб қолган киши қўлида сигарет билан ташқарига чиқиб кетди…

 

…Соат 18:15да эшигида ёзуви йўқ хонага «юзлари тунд, номаълум амаки» ҳамда навбатдаги Фарғона вилоятидан келган эр-хотин ва унинг ногирон фарзандлари кириб кетишди.

 

…Соат 18:30 да Ниҳоят навбатим келиб, энди эшик сари юзланган эдим «юзлари тунд, ноъмолум амаки» яна қўлида сигарет, ташқарига одимлади. Яна ўрнимга ўтириб кута бошладим.

 

…Соат 18:45. Ва ниҳоят «юзлари тунд, номаълум амаки» хонасига киргач ортидан кенг, шинам хонага кирдим ва хужжатларни тақдим этганим заҳоти, «номаълум амаки»нинг қўл телефони жингирлаб, ундан аёл кишининг овози келгач, ўзимни ноқулай хис этиб, ўрнимдан туриб, эшик томон юзландим. Менинг бу ҳаракатимни «юзлари тунд, ноъмолум амаки» маъқул ишораси ила бошини ирғаб қўйди.

 

…Ташқарида навбат кутиб ўтиришган 2 аёл (она-бола) юзлари ёришиб, ўрниларидан даст туришиб, «ишингиз шунча тез ҳал бўлдими?» деб сўрашди. Мен аҳволни уларга тушинтирдим.

 

…Соат 18:40. Негадир мендан кейин навбат кутаётган аёллар (она-бола) асабийлашиб, «ака, хонага кираверинг, бу кетишда қоронғу тушиб қолади, булар ўзи шунақа, улар учун оддий иш куни, Сизнинг муаммонгиз билан буларни иши йўқ» дейишгач, ўзимда журъат топиб, ёзуви йўқ, янги эшикни энди очиб, ичкарига қадам босишим билан, креслода ястаниб олиб қўл телефонида мириқиб суҳбатлашаётган, ёшлари 70 ни қоралаб қолган «юзлари тунд, номаълум амаки» ўнг қўлини кўрсатгич бармоғини юқори кўтариб, мендан яна бир дақиқа кутиб туришимни сўради…

 

Яна қайтиб ташқарига чиқишга мажбур бўлдим. Навбат кутаётган аёлларга ҳижолат бўлиб тикилдим.

 

…Ва ниҳоят соат 19:00 га етгач (даҳлиз тепасида электрон катта соат ўрнатилган эди) эшикни жаҳл билан тақиллатмай очиб ичкарига бостириб кирдим. «Номаълум амаки» мен тақдим этган хужжатларни вароқлаб ўтирган экан. Рўпарадаги столга ўтиришимга рухсат теккач, «юзлари тунд, номаълум амаки» янада тундлик билан: «Сизни чақирдим, эшитмадингиз» деб, дастлаб компютерга ва қўлидаги бир вароққа нималарнидир ёза бошлади. Оғир сукунат. Ниҳоят хужжатларга қараб, туман Ҳокимлиги чиройли жавоб берибди-ку? деди. Мен «амакига» шу чиройли жавобдан сўнг ҳам фуқаро-О.Бобоев 3 ойдан бери сарсон бўлиб юрибди деб жавоб бердим.

 

Яна орадан чамаси 15-20 дақиқалар ўтганда (хонада соат йўқ эди. Телефонимни эса, миршаблар олиб қолган эди.) «юзлари тунд, ноъмалум» амаки, «бўлди мурожаат ҳисобга киритилди» дегач, мен яна «қовун туширдим». Ёшлари 70 ни қоралаган, «юзлари тунд, номаълум амаки» ўрнидан туриб, қўлига навбатдаги сигарет донасини олганда Мен, у олиб қолган мурожаатимнинг ўзимдаги бир нусхасига имзо чекиб, тасдиқлаб беришини сўрадим…

 

«Юзлари тунд, исми номаълум амаки» чунонам портлаб кетди-ки, юзлари янада дарғазаб тусга келиб, «Нима, сен Сирдарёнгга автобусда кетмайсанку (?), мана ҳисоботга киритдим, шунинг ўзи етмайдими сенга?!.» деб ўшқиргач, мен оёқларимни «қўлимга олиб эшик томон йўрғалаганнимни ўзим ҳам билмай қолдим…

 

У инсон шунчалик жиддий эдики, ҳатто исмини сўрашга ҳам юрак бетламади. Ташқи ховлига чиққанимда соат 19:30 бўлган эди. Миршабхонада эса, бир кампир ичкарига киритишни зор қақшаб, навбатчи миршабдан ёлвориб, ўзини узоқдан келганлиги, тунаб қолишга жойи йўқлигини айтиб, ялинар, Миршаб эса иш вақти тугаганлигини айтиб, унга қаршилик кўрсатар эди.

 

Ташқарида мен билан бирга келган, 3 ойдан буён турар-жойи рўпарасидаги жинғил ва қамиш босиб ётган ташландиқ 0,20 га ер майдонини қонуний хужжатлаштириб, ўз ҳисобидан боғ яратаман деб, ҳокимятма-ҳокимят, Президентнинг Ҳалқ қабулхонасига такрор ва такрор мурожаат йўллашдан чарчамаётган ёш, ғайратли ватандошимиз Отабек Бобоев мени ҳавотирлик билан қоровулхона ёнидаги цемент бардёрга ўтирганича кутмоқда эди.

 

Мени кўриши билан юзимга умид-ла савол аломати билан тикилди Мен унга ҳаммаси жойида дедим. Кошки эди, шундай бўлса. Нима бўлганда ҳам мен негадир ўта хотиржам эдим. Балки бу кун бўйи бошдан кечирганим ҳангомалар, узоқ вақт навбат кутишлар оқибатидаги чарчоқ, асаббузарликлар оқибати ҳам бўлиши мумкин.

 

Кечки соат 20:00 ларда биз Тошкентдан Гулистон шаҳримизга қараб йўл олдик.

 

Мазкур мақолага шу ерда хотима берса бўлар эди. (агар бу қораламани мақола деб бўлса) Аммо бир ҳолат яна мавзуни озроқ давом эттиришга чорлади…

 

…Биз (Мен ва О.Бобоев) Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Ҳалқ қабулхонасига мурожаат этган кунимиздан (24-апрель 2017-йил) шу кунгача 22 кун ўтибди. Негадир, мурожаатимиз бўйича бирор-бир ҳаракат бўлганлигини билиш мақсадида О.Бобоевга «сим қоқдик»…

 

У дарғазаб овозда ҳеч бир ҳаракат бўлмагани, яна туман Ҳокими-Б.К.Мирзабеков ҳамда унинг 1-ўринбосари-А.Хайдаровларга бир-неча бор учрашганлигини, натижада эса, туман мутасаддилари 0,20 сотих ташландиқ ерни О.Бобоевга хужжатлаштириб бериш учун яна 4-бор масалани жойига бориб ўрганиб чиқиб, бир хулосага келиш учун навбатдаги (4-бор) ишчи гуруҳи тузилаётганлигини маълум этишибди…

 

…«Мен не дейман, қўйбизим не дейди» ёки «уйни гапи кўчага тўғри келмайди» (Ҳалқ мақоллари)

 

 

  Исроил Ризо,    Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик”

    Жамияти Марказий Бошқарув аъзоси,

    тафтиш комиссия раиси