«Elba-dream»дан қўлингни торт!

5

 

 Тадбиркорнинг душмани — менинг душманим.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ҳозирги замонда “Рокфеллер бўламан” деб юмалоқ муҳрни иштонининг липпасига қистириб юрганлардан ками йўқ. Нима дейсиз, замон шуни талаб қилмоқда. Аввал ҳам шуни талаб қилган, чунки тадбиркор доим иқтисоднинг, фаровон турмушнинг локомотиви бўлиб келган. Агар шундай бўлмаганида Ҳазрати Амир Темур: “Юзта лоқайд, ғофил одамдан битта ғайратли одам афзал” демаган бўлардилар.

 

Ўзи хоразмлик бўлса ҳам Хажибийка опани ангренликлар яхши билишади. Ғайратли, қадамидан ўт чақнайдиган аёл. Замоннинг шиддатини тўғри англаб, кишиларга фаровонлик келтирай, юртга нафим тегиб, ўзим ҳам 3-4 сўмли бўлай, деган аёллардан эди. Шунинг учун ҳам тадбиркорман деганлар фирма ва ширкатларининг номини “Озодбек”, “Асадбек” деган сийқа атамалар билан номлаб юрганида, опа «Elba-dream» деган фирма очди. Буни тушунган тушунади, тушунмаган эса йўқ.

 

«Elba-dream» дегани “Орзулар маскани” деган маънони билдиради. Хажибийка Юлдашеванинг орзулари, бор-йўғи ана шу фирмага тиклганди. Фирма маъсулияти чекланган жамият шаклида меҳмонхона, савдо-сотиқ фаоллияти билан шуғулланиб келаётганди. Токи, бу орзулар масканига нопок солиқчи-ю, юртда қандай ислоҳотлар бораётганидан бехабар, ғафлатдаги прокурорлар қадам босмагунича. Худди совет замонидагидек опага қарши юмалоқ хат уюштиришди. Сўнг бўйнига миллионларни илишиб, ишни судга чиқаришди.

 

Ўтмишдаги буюк ҳукмдор Августин Аврелий: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади” дейди. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди 2016 йил 25 июлида адолатли тўхтамга келиб, ғараз ва паст ниятлар билан тадбиркорни синдиришга уринган ангренлик солиқчи ва терговчиларнинг айблов хулосаларини қонунлаштирмаганида эди, Хажибийка опанинг давлат сиёсати, юрт сўраб турганларнинг чақириқларига ишончи дарз кетмасди. Курашчан, яратувчанлик дарди билан яшаган аёл энди мазлума, кўзида ўти сўнган муштипарга айланиб қолган.

 

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 2-кисми “б” банди, 189-моддаси, 192-11-моддаси 2-кисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли топилсин Хажибийка Юлдашеванинг адвокатлари яқинда мамлакат Олий судига назорат тартибидаги шикоят билан чиқишди. Мана ўша шикоятнинг айрим ўринлари.

 

“Юлдашева Хажибийка «ELBA-DREAM» МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, нодавлат тижорат ташкилоти  мансабдор шахси бўла туриб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан Узбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил  5 августдаги “Пул маблагларининг банкдан ташкари муомаласини янада кискартириш чора-тадбирлари тугрисида”ги Карори талабларига зид равишда  фаолият курсатиб келиб, жамиятнинг товар-моддий бойликлари колдигида  112.167.410 сумлик,  яъни реализация килинмаган деб курсатилган товар-моддий бойликларни накд пулга сотиб, савдодан тушган пулларни белгиланган тартибда банк муассасаларига инкассация килмаган”, дебди қози жонивор ўз ҳукмида. Бу ҳукмни ёзишдан аввал бу муҳтарам жаноб мазкур ҳолатлар бўлган-бўлмаганлигини аниқлаши учун инкассация бўлган-бўлмаганлигини текшириши лозим эмасмиди?!

“Бундан ташкари Х.Юлдашева жиноий харакатини давом эттириб,  нодавлат тижорат ташкилоти мансабдор шахси бўла туриб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш йўли билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2002 йил  5 августдаги “Пул маблагларининг банкдан ташкари муомаласини янада кискартириш чора-тадбирлари тугрисида”ги 280-сонли карори ва Узбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 19.03.1999 йилдаги “Истеъмол моллари билан улгуржи ва чакана савдо килишни тартибга солишга доир кушимча чора-тадбирлар тугрисида” 125-сонли карорлари талабларига зид равишда  2011-2015 йиллар давомида  жамият томонидан кирим килинмаган ва кирим хужжатлари булмаган жами 294 498,4 минг сумлик товар-моддий бойликларни товар савдоси ва хизмат курсатиш коидаларига зид равишда турли  хужалик юритувчи субъектларга сотилганлиги тугрисида шартномалар расмийлаштирган” дебди судья.

 

Ҳар ҳолда, судьяга олий юридик маълумот беришаётганида имтиҳон олишгандир. Мамлакат президенти тарафидан судьялик рутбасига тайинланаётган шахснинг малакаси, тажрибаси, қонун ҳужжатларига ёндашуви борасида хулосага келингандир. Лекин юқоридаги ҳукмда келтирилган важлар асло малакали судьянинг гапларига ўхшамайди, аксинча бу шахс тергов органининг айблов хулосасини кўчириб, қонунлаштириб берган, холос. Ишнинг жилла қурса бирор бандини ўрганиш, уни қайта текширувга бериш борасида ажрим чиқаргани йўқ.

 

Хажибийка Юлдашева: «ELBA-DREAM» МЧЖни директори лавозимида ишлаб келиб, мен 2011-2015 йиллар  давомида 1 066 161,2 сум микдоридаги яширилган савдо тущумларидан жами 59 602,38 минг сум ягона солик туловларини тулашдан касдддан буйин товлаб,  давлат манфаатларига куп микдорда зарар етказган эмишман, бу ёлгон!” дейди. Энди қочган ҳам, қувган ҳам Худо дейди, опа эҳтимол ўзини ҳимоя қилаётгандир, жавобгарликдан қутулиш мақсадида вазиятни хаспўшлаётгандир, деб ўйладим. Лекин мониторинг ва тафтишлар шуни кўрсатдики, суд ўта юзаки ҳукм чиқарган, терговнинг қоралов позициясини мустаҳкамлаган холос.

 

«Elba-dream» ягона солиқ тизимида ишлаган, бу ослиқлар эса  автоматик  равишда банкда  компьютер тизими орқали мавжуд тушумлардан ундириб борилади. Ва, табиийки, қилни қирқ ёрадиган ангренлик солиқчилар бу ишни аъло даражада бажаришиб, солиқларни ундириб олишган. Лекин мақсад ғаразли бўлгани, нафси ҳакалак отиб, бировни ёмонотлиқ қилиш ва бадном этиш нияти бўлгани боис ҳам юмалоқ хат уюшрҳтиришиб, прокуратурадаги ҳамтовоқлари билан«Elba-dream»ни босишган.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Савдо соҳасидаги жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 1996 йил 15 мартдаги 9-сонли Қарорнинг6-бандига мувофиқ: “Жиноят кодексининг 189-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164 ва 168-моддаларида жавобгарлик назарда тутилган савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш деганда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикаси қонунларининг бузилиши тушунилмоғи лозим.Бунда суд айбдор томонидан айнан қайси савдо қоидаси бузилганлигини кўрсатиши шарт!.” дейилган дейди адвокат Абдулла Муҳаммаджонов.

 

Ҳолбуки, мазкур жиноятлар тегрови чоғида тергов органи томонидан “Совпластитал” корхонасининг учта ходими гувоҳ сифатида жалб этилган булиб, улар суд мажлисида иштирок этганларида  «ELBA-DREAM» масъулияти чекланган жамиятининг шартномавий муносабатларда ҳеч кандай қонунбузилишига йўл қўйилмаганлигини билдиришган. Лекин Ҳажибийка Юлдашевани синдиришга, уни бадном қилишга қасд қилган тергов органи, судгага бунинг кераги йўқ эди. Шунинг учун ҳам бу шаҳодатлар инобатга олинмади.

 

Ҳукмда “Суд судланувчи Х.Юлдашевага нисбатан жазо тайинлашда… судланувчи қилмишидан пушаймонлиги” деган жумла ҳам келтирилган. Хажибика Юлдашева эса мен айбловларни тан ҳам олмайман, қилмишимдан пушаймон ҳам эмасман, судда пушаймаонман деганим йўқ, дейди. Судьялар ҳам баъзан ром кўрармикан, фол очармикан, деган хулосаларга келиб қоласан киши.

Хажибика Юлдашева ва унинг ҳимоячилари мол-мулк масалаларида Тошкент вилояти Хўжалик судига ҳам мурожаат қилишди. Ана шу суд мажлисларида иштирок эта туриб, президент Шавкат Мирзиёевнинг хўжалик судларини тугатиш ҳақидаги қарори нечоғли тўғри эканини тушундим. Судья тўғридан-тўғри: “Жиноят суди оқрали оқалниб келсангиз, мулкларингизни қайтаришга ажрим қилишимиз мумкин. Ҳозир жиноят судининг ҳукмида айтилгани каби қилишга мажбурмиз” деди. Мен бир журналист сифатида ҳуқуқий ажрим қилишга лаёқатсиз судьяни кўриб, соҳага бўлган ҳурматим анчайин чўкди.

 

Ўрисларда “Одамни ўлдирмоқчи бўлсанг, аввал унинг умидларини ўлдир” дейишади. Шу гап ҳақ, агнренлик терговчилар-у уларнинг гумашталари Хажибийка Юлдашеванинг умидларини ўлдирди. Юртни битта тадбиркордан айриди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг душманлари — Ангрен шаҳар ДСИ ходимлари, Ангрен шаҳар прокуратураси мулозимлари эҳтимоли ғалабасини нишонлаётгандир. Аммо бу бечораларнинг юрт равнақига зимдан зарба бергани, ўз фарзандлари ризқини қийганига ақли етмаяпти.

Абдураҳмон Ташанов, журналист