Ногиронга кўмак беринг, жаноб Президент!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга
1976 йилда туғилган Майсара Шукурова 10 ёшида тошмалар тошиб, узоқ вақт иситмалаб юрган. Маҳаллий врачларнинг бири рак деса, бошқаси қон касаллиги деган ташхислар билан ўз билганларича даволаганлар. Кейин рентген қилинганда ҳар иккала оёғи тос суягида емирилиш бўлиб чаноғидан чиқиб кетгани маълум бўлган. Китоб туман суяк сили касалхонаси жарроҳи Нусрат Сайфуллаев ўнг оёғини операция қилганида Муяссар 11 ёшда бўлган ва 6 ой гипсланган ҳолда ётгани боис яна бир операцияни кўтараолмайди деган хавотирда чап оёғини операция қилишмаган. 16 ёшида 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланган Майсара ҳозир 292 000 сўм нафақа билан жуда оғир ҳолда яшаб келмоқда.
2014 йил 22 июлда ойида Зафар исмли таксист яхши бир жарроҳ профессор танишини айтиб, Майсарани Самарқанд шаҳар темир йўл касалхонасига олиб келади. Жарроҳ Михаил Аҳадович Ҳайдаров уни кўргач: – сени 100 фоиз даволайман, оёғингга индопротез қўямиз, 30 йил “гарантия” бемалол юрадиган бўласан., дегач, Муяссар операцияга рози бўлади. Майсаранинг опаси Маҳлиё Шукурова врачнинг кўриги, турли анализлар, рентген харажатларига 300 АҚШ доллар, операция амалиёти учун зарур дориларга 650 000 сўм сарфланган. Профессор Михаил Ҳайдаровнинг буюртмаси бўйича Тошкентдан керамик индопротез олингач, 25 июль кунги жарроҳлик операцияси жараёнида тос суяги чаноғининг юқори қисми синиб кетганлиги оқибатида тос суяк чаноғига протез қўйишга ҳожат қолмагач, оёғини ўша ҳолда гипслаб қўйганлар. Бемор ана шу мувафақиятсиз операция учун 130 000 сўм тўлаган. Операция пайтида қўшимча қон сотиб олиниб, 200 000 сўмлик қон тўхтатувчи дори олинган. Олти кун учун ҳар кунига 70 000 сўмдан 420 000 сўм жой ҳақи тўланган. Майсара профессордан нега бундай бўлди деганида, у: – суягингизда йиринг тўпланган экан., бир йил давомида яхшилаб даволансангиз яна операция қилиш мумкин., деган.
Шу тариқа бир оёғи калталиги туфайли оқсоқланиб бўлсада юриб келган Майсарани, опаси гипсланган ҳолда 190 000 сўмга таски ёллаб уйига олиб кетган.
Майсара уйида 40 кун гипсланган ҳолда ётгач, яна Маҳлиё опаси гипсни олдириш учун Самарқандга олиб келган. Гипсни ечганларидан сўнг Майсара юраолмагач, врачлар ётиб даволаниш керак дейишган. Ётиб даволаниш ва дориларга етарли маблағи бўлмагани учун яна уйларига 190 000 сўмга такси ёллаб рлиб кетганлар.
Уйига боргач мустақил юраолмайдиган бўлиб қолган Майсара яна қариндошлари ёрдамида маблағ тўплаб, икки кундан сўнг Рўзижон исмли янгаси билан 120 000 сўмга такси ёллаб яна шу темир йўл касалхонаси умумий бўлимида ҳар кунига 45 000 сўмдан тўлаб яна 5 кун даволанганида томография ва турли дориларга жами 200 АҚШ доллари миқдорида пул сарфланган. Майсарани янгаси таксига 60 000 сўм тўлаб уйига олиб кетган.
Орадан бир йил ўтгач, Майсара қўлтиқтаёқ билан юрабошлагач укаси Шукрулло билан борганида профессор М.Ҳайдаров иштирокида уни кўрган яна бир жарроҳ: – бу ҳолатда операция қилиб бўлмайди., деган. Майсара унга: – профессор М.Ҳайдаров бир йилдан сўнг операция қиламан деган эдику., деганида ўша жарроҳ: – буни унинг ўзидан сўранг., деган?! Майсара: – М.Ҳайдаровга Сиз операциядан олдин рентген қоғозига чизиб кўрсатиб мана шу жойни очамиз., деган эдингиз., лекин бошқа жойни очиб юқори чаноқни синдириб., индопротез қўйш учун яроқсиз ҳолга келтиргач., яна гипслаб қўйгансиз, энди мен нима қиламан., деганида, у: - извинтите., деб чиқиб кетган ва кейин борганида қайтиб қабул қилишдан бош тортган. Майсарага ушбу касалхонадан берилган касаллик тарихи кўчирмасида кейинчалик қандай дорилар қабул қилиши қайд этилиб: - бемор жуда яхши, қаноатланган ҳолда уйига кетмоқда, унга доимий жисмоний тарбия билан шуғулланиш тавсия этилади., дейилган?!
2015 йил 12 октябрда Майсарани кўрган Республика Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти бўлим мудири М.Н.Исматуллаев: - даволаса бўлади, лекин 3 марта операция амалиётини бу кишининг юраги кўтармайди. Кафолат йўқ. Чап оёқ тос суяги чаноғининг юқори қисми синиб, яроқсиз бўлиб қолган. Бу амалиётни фақат Германияда амалга ошириш мумкин., деб ўз хулосасини айтган.
Шунча пул сарфлаб операциядан сўнг хаста оёғини майиб бўлган Майсаранинг Германияга бориб даволаниш имкони йўқ. Уни не умидлар билан шу пайтгача қўллаб келган қавму – қариндошлар ҳам чарчашган.
Маъсулиятсиз профессор М.Ҳайдаров томонидан шундай оғир аҳволга солинган Майсарага етказилган зарарлар қайтарилмаган. Хотинининг тузалишидан умид узган турмуш ўртоғи ташлаб кетгач, мутлақа боқувчисиз қолган Майсара 14 ёш ўғли Сардор билан Мираки шаҳарчасида ойига 80 000 сўм тўлаб ижара уйда яшаб келмоқда. Айни кунларда Майсаранинг соғлиғи ҳам оилавий аҳволи ҳам жуда оғир аҳволда. Сардор билан гаплашганимизда у келгусида врач бўлиш орзусида эканлигини айтди…
Мазкур муаммони ўрганган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири инсон қисматига дохил ушбу масалани жиддий ўрганиши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев эса мазкур ишни назоратга олиб Самарқанд шаҳар темир йўл касалхонасида даволаниш ва жарроҳлик амалиёти жараёнида соғлиғи баттар ёмонлашган Майсара Шукурованинг ҳақ – ҳуқуқлари тикланиб унга етказилган моддий ва маънавий зарарлар қопланиши борасида қонуний чоралар кўриши зарур деб ҳисоблайди.
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Юқорида баён этилганлар муносабати билан Сиздан: – жарроҳлик амалиётидан сўнг баттар соғлиғи ёмонлашиб, мажруҳ ҳолга келган Майсара Шукурованинг Германияда даволаниши ва унга турар – жой ажратилиб оилавий аҳволи яхшиланишида амалий инсонпарпарварлик ёрдами кўрсатишингизни сўраймиз!
Шу муносабат билан Сизга Ватанимиз равнақи йўлидаги эъзгу ишларингизда
улкан зафарлар тилаб, камоли эҳтиром ила –
Исмоил Адилов
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил
ташкилоти бошқаруви раиси,
Халқаро Human Rights Watch мукофоти
совриндори