7 йилга қамалган укам 17 йилдан бери қамоқда

ЖИБ А.Икрамов туман судининг 02.01.2001 йилдаги ҳукми билан 7 йил озодликдан маҳрум этилсада, қарийб 17 йилдан буён қамоқда сақланаётган С.А.Сеиткариходжаевни 2016 йилда эълон қилинган Амнистия акти асосида озодликга чиқариш тўғрисида Президентга мурожаат
1977 йилда туғилган укам Сеиткариходжаев Саидодил Абдулхамитович 2000 йил 12 сентябрь куни қамоққа олиниб, ЖИБ Акмал Икромов туман судининг 02.01.2001 йилдаги ҳукми билан Ўз.Р.ЖКнинг 244-2-моддаси 1-қисми, 159-моддаси, 3-қисми, “б” банди, 244-моддаси, 3-қисмининг “а”,“в” бандлари билан 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Отамиз вафот этганлиги, онам хасталиги, оилавий аҳволимиз оғирлиги туфайли адвокат ёллаб укамнинг ҳуқуқларини етарли даражада ҳимоя эта олмадик. Хуллас, орқасидан югурадиган одами бўлганида укамнинг қисмати бунчалик оғир кечмасди.
Бундай дейишимга сабаб, суд ҳукмида укам ва бошқаларни йўлдан урганлиги қайд этилган Рашидов Ҳабибулло, диний мавзуда варақа тайёрлаб қанча содда йигитларни тузоққа туширган “Отабек”, “Нуриддин” исмли айғоқчилар озодликда юрипти?! Бу “Серка”лар уюштирган фитна қурбони бўлганлигини англаган укам суд мажлисида пушаймонлик билдириб, авф этишни сўрасада судья инобатга олмади?! Укам 7 йил озодликдан маҳрум этиш жазо муддатини ўтаб бўлди, лекин у оғир тартибли зоналарда худди 37 – йилги Сталин давридагидек 10 йилдан буён қулдек ишлатилаётганлигини биринчи бор судланган, ҳали уйланмаган ёш йигитга нисбатан мисли кўрилмаган шафқатсизликдан ўзга яна қандай ном билан аташ мумкин?!
Ёшлигида сариқ касал, ревматизм билан оғриган укам, 2001 йилдан буён Қарши, Шайхали, Косон, Олмалиқ, Навоий каби цемент, оҳак, ғишт ишлаб чиқарувчи шароити оғир зоналарда меҳнат қилиб соғлиғи жуда ёмонлашгач Сангородда бир неча марта даволанишга мажбур бўлганди. Уни 2016 йилнинг ноябрь ойидан Зарафшон шаҳридаги УЯ 64/48 муассасига ўтказишгач аҳволи янада баттар оғирлашди…
Қариндошлари шикоят ёзса маҳкумлар қийноққа солинишини эшитганмиз. Лекин, сўнги пайтлар содир бўлган аянчли воқеалар бизни яна авотирга солмоқда. Шу йилнинг 12 декабрь куни эрталаб 6:30 ларда укам Саидолим ҳамда ўғлим билан орзиқиб кутилган узоқ муддатли учрашувга келганимизда, УЯ 64/48 муассасаси мулозими ҳозир жой йўқ эртага кирасизлар., деб бизни меҳмонхонага чиқариб юборди.
Кундуз соат 14 ларда ўша мулозим соат 5, 6 ларда натижасини айтамиз деганди. Соат 5 ларда навбатчи Сизларни “свиданшик” ўзи чақиради., деди. Орадан икки соат ўтсада чақиришмагач, совуқда титраб КПП дарвозаси олдига бориб навбатчи ҳайдасада, талаб қилаверганимдан сўнг, ўша мулозим чиққач, унинг: - Айтилган муддатда етиб келдик, Сизни 3 соатдан буён кутаяпман, укамнинг аҳволи яхшими., десам, у: - эртага соат 8 га келинг., сабабини билмайман, укангизни аҳволи яхши., деб мужмал жавобидан қониқмасдан, сабабини билмасмдан кетмайман деганимдан сўнг зонага кириб кетиб, 10-15 минутлардан сўнг: - озодаликга риоя қилмагани учун 1 кунга ёпилган., деди. Бу хабардан ҳайрон бўлиб, 223-68-18 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилиб бўлган воқеани айтганимдан сўнг, 5 минут ўтгач мени чақирган муассаса бошлиғига бўлган воқеани айтдим. Бошлиқ сабабини аниқлашни бир офицерига топширди. Ўша офицер чиқиб: - бугун эрталаб 15 суткага СИЗОга киритишган., дегач бошлиқга: – Сизнинг рухсатингиз ким бундай қилиши мумкин, нега Сиз бехабарсиз., деганимда у аниқ жавоб бераолмасдан ҳамма айбни “свиданьшик”га ағдариб, ўшанинг айби билан меҳмонхонада қолиб кетяпсиз., эртага унга чора кўраман., 15 кундан сўнг келинг., деб гапни қисқа қилди.
Ушбу ноаниқ жавоблар, айниқса муассаса бошлиғининг укамга жазо берилганидан бехабарлигидан баттар хавотирга тушдим. Айниқса, меҳмонхонадаги суҳбатларда: – бу зонада маҳкумларни уруш киноларидаги фашистлардан баттар қийнайдилар., деган қўрқинчли гапларни эшитгач, муддат устига муддат қўшилавериб турли зоналарда умри хазон бўлган укамнинг қисматини ўйлаб, у шўрликнинг жони омонми., деб ўйлайвериб адойи тамом бўлдим. Ҳар қандай зулмнинг чегараси бор, леин зона мулозимлари раҳму – шафқатдан йироқ кимсалар. Аслида, қамоқдан чиқиш орзусидаги маҳкумлар тартибни бузмасликга ҳаракат қилишади. Маҳкумга амнистия актини қўлламаслик мақсадида “озодаликга риоя этмаган.,” қабилидаги бемаъни туҳматлар билан муддат қўшиб қаттиқ тартибли зоналарда муттасил 17 йил сақлаш одам зотига хос бўлмаган зулмнинг энг ёвуз кўриниши эмасми?! Шу тариқа 750 километр йўл босиб сарсон бўлиб қайтдик. Бу нохуш воқеаларни эшитгач, 73 ёшли хаста онамнинг соғлиғи ёмонлашиб ётиб қолдилар…
Мен укам билан ҳар гал учрашганимда ҳар доим билиб – билмай “серкалар” тузоғига тушганидан пушаймон эканлигини айтиб, озодликга чиқсам Ватанимга ҳалол хизмат қилиб ўз номимни оқлайман дейди. Лекин, унинг бу пушаймонлиги инобатга олинмасдан, муассаса мулозимлари у ҳақда авф комиссиясига ёлғон маълумот беришда давом этмоқдалар. Учрашувга борганимизда содир бўлган юқоридаги воқеа маҳкумларга муносабат ўта ёмонлиги, жазо муддати сунъий равишда узайтирилаётганлигини тасдиқлайди. Укам умрбод озодликдан маҳрум этилмаганку, ёки уни қулдай ишлатиш учун то ўлгунча қамоқда сақлайдиларми?!
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Сиз киритган лойиҳа асосида Олий Мажлис Сенати қабул қилган амнистия актидаги: - узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган; таъқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан амнистия актини татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, “таъқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларни ҳам жазодан озод қилиш.,” ҳақидаги сўзларда нажот учқунларини кўриб, катта умидлар ила шахсан Сизга мурожаат этмоқдаман.
Сизнинг жўшқин нутқларингизни тинглаб, дилимда умид пайдо бўлди. Нафақат менинг укам, ана шундай оғир аҳволлаги жуда кўп маҳкумлар ва уларнинг оила аъзолари нажот кутиб яшамоқда! Айниқса, хаста онам янги Президентимиз адолат қилади деб қаттиқ ишонгани учун, мурожатим укамга зарар эмас, енгиллик бўлар деган илинжда кекса онамнинг ўғлим Зарафшон зонасида жувонмарг бўлиб кетмасин деган илтижолари асосида мурожаат этмоқдаман! Сиздан ушбу мурожаатимни шахсан ўз назоратингизга олишни ва:
- ЖИБ А.Икрамов туман судининг 02.01.2001 йилдаги ҳукми билан 7 йил озодликдан маҳрум этилган Сеиткариходжаев Саидодил Абдулхамитович биринчи марта судлангани, қилмишидан пушаймон экани, қарийб 17 йилдан буён унга бирор марта амнистия акти қўлланмаганлигини инобатга олиб, Олий Мажлис Сенати қабул қилган 2016 йилги Амнистия акти асосида озодликга чиқишида амалий, инсонпарварлик ёрдами кўрсатишингизни ўтиниб сўрайман!
Сизга олдиндан миннатдорчилик билдирган ҳолда
ҳурмат ва умидлар билан –
Г.Зоҳидова
23.11.2016 йил.
+998946701947