Бўстонлиқда фуқароларнинг уйлари бузилмоқда

132

Шу йилнинг 3 сентябр куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани  Хумсон жамоа хўжалиги “Дала” қишлоғида 40 нафар хонадоннинг уйлари бузилади. Фуқаролик ишлари бўйича  Чирчиқ туманлараро суди қарорига мувофиқ, бузилаётган мазкур хонадонлар гўёки ўзбошимчалик билан қуриб олинган.

“Уйларимизни ўзбошимчалик билан қуриб олган, деб бузишмоқчи. Ҳатто қишлоқнинг бир қисмини бузиб ҳам бўлишди. Ҳолбуки, қўлимизда мазкур уй-жойларни қуриш учун ер ажратиш ҳақидаги вилояти ҳокими қарори, вилоят Ер ресурслари бошқармаси ҳамда  “Ўздавлойиҳа” институти Тошкент вилояти бўлими хулосалари мавжуд”, дейди уйи бузилаётган фуқаро Ҳайбат Ризомов.

 

Маълум бўлишича, 5 та хонадон шу йилнинг 29 август куни мажбурий тартибда бузиб ташланган. Ўша куни Бўстонлиқ туман ҳокимининг биринчи  ўринбосари Элмурод Пўлатов туман МХХ  ва  ИИБ бошлиқлари ҳамроҳлигида 30 нафар суд ижрочилари,  иккита бульдозер, иккита “гидромолоток”ли булдозер,  5 та “Камаз”, иккита “МАН” русумли юк машиналари билан келишиб “Дала” қишлоғидаги фуқаролар оиласи билан  8 йилдан буён яшаб келган хонадонларни  текислаб кетишган. Фуқароларнинг кескин норозилигидан сўнг уйларни бузиш амалиёти 3 сентябргача кечиктирилган.

 

“Уйи бузилаётган фуқароларнинг бири ўзини трактор тагига ташлади, яна бири эса ўзига ўт қўймоқчи бўлиб, устига бензин қуйди. Бундай ҳаракатлардан сўнг давлат ҳокимияти органлари вакиллари ҳушёр тортиб, уйларни бузишни кечиктиришди, аммо 3 сентябрга белгилашди. Айтишларича, энди бу ерга мелиса, тез ёрдам ва ниқобланган десантчи кучлар жалб этилади. Шунга қарамай аҳоли ҳукуматнинг ўзи ер бериб, яна тортиб олаётгани, уйлар учун товон пули бермаётганидан норози, бу ерда албатта қон тўкилади” дейди уйи бузилаётган фуқароларнинг бири.

 

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги мулозимининг таъкидлашича, аҳолининг уйлари ғайриқонуний равишда бузиляпти, деган иддаолар нотўғри. Ўз вақтида фуқароларга ер участкалари ажратилганига қарамай бу қарорларнинг нотўғри чиқарилгани ҳақида Чирчиқ туманлараро судининг қарори мавжуд. Суд қарори ижроси нуфузли комиссия иштирокида амалга оширилмоқда:

 

“Комиссия таркибида Тошкент вилояти архитектура ва қурилиш бошқармаси, вилоят Ер ресурслари, туман раҳбарлари, Табиатни Муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари бор. Қанчалик аянчли бўлмасин, “Хумсон” ширкат хўжалиги таркибидаги “Хумсон”, “Чинор”, “Қапал” ва “Дала” аҳоли пунктлари уйлари бузилади” дейди ҳокимлик мулозими.

 

Айни пайтда туман, вилоят ҳокимиятининг 2001 йилдаги қарорлари асосида уй қурган фуқаролар таҳлика остида яшашмоқда. Уйи бузилишига норозилик билдирган 74 яшар Рисқижон ая Мадаминовага Бўстонлиқ туман ИИБ бошлиғи мушт туширган ва унинг 4 та тишини синдирган