ТАРИХ ИНСТИТУТИ ЎЗБЕКИСТОН ФА ТАРКИБИДАН ЧИҚАРИЛАДИ

Ўзбекистон президентининг қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти Миллий университет ҳузуридаги Тарих институтига айлантирилади. Расмийлар иддаосига кўра, мазкур қарор Ўзбекистон тарихи соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг ўқув жараёни билан ўзаро алоқасини кучайтириш, ўзбек халқи ҳамда миллий давлатчилик тарихи соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришга профессор-ўқитувчиларни, катта илмий ходим-изланувчиларни кенг жалб этиш мақсадида қабул қилинибди.
Фанлар академиясининг Тарих институти (1970 йилга қадар ЎзССР ФА Тарих ва археология институти) 1943 йилда СССР Фанлар академиясининг Ўзбекистон филиали Тил, адабиёт ва тарих институти базасида ташкил этилган. Институт сайти маълумотларига кўра, унда 94 ходим, жумладан, ФАнинг 2 академиги, 19 нафар фан доктори ва 22 нафар фан номзоди фаолият кўрсатади.