САМАРҚАНДДА УЧ НАФАР ПОРАХЎР СОЛИҚЧИ ҲИБСГА ОЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизматининг Самарқанд вилояти бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган рейд давомида Самарқанд вилояти Давлат солиқ инспекциясининг уч нафар ходими порахўрлик айби билан ҳибсга олинди.
Маълум бўлишича, инспекциянинг солиқларни текшириш бўлими бошлиғи К. Ворисов бошчилигидаги жиноий гуруҳ ”Payariq Petrol” ширкати раҳбаридан солиқ қонунчилигини бузганини яшириш учун 20 минг доллар миқдорида пора олган. Шериклари А.Тўраев ва К.Давлатов билан ҳозирда МХХнинг Самарқанд вилояти бошқармаси тергов изоляторида сақланаётган солиқчиларни узоқ йиллик қамоқ кутмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ширкатни текшириш натижасида солиқчилар икки хил далолатнома тайёрлашган. Мазкур ҳужжатларнинг бирида ширкатнинг бир триллион 400 миллиард сўм, иккинчисида эса бор-йўғи 125 миллион сўм солиқни яширгани қайд этилган. Солиқчилар, агар ширкат раҳбари 20 минг доллар пора берса, биринчи ҳужжатни йўқ қилиб, иккинч далолатномани расмийлаштиришларини айтган. Солиқчилар вилоятдаги 50 дан ортиқ тадбиркорлардан пора олиб келган экан.