Билайн қонунни бузмоқда

Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига мобил алоқа хизматларидан фойдаланувчи абонентлардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили ва мониторинг натижаларига кўра “Unitel” МЧЖ (Билайн уяли алоқа оператори) томонидан сўнги пайтда мобил алоқа хизматлари сифати ва радиочастота спектридан фойдаланишда норматив ҳужжатлар талаблари бузилаётганлиги аниқланди, бу ҳақда Инспекция расмий сайтида маълумот берилган.
Хусусан, “ЭМММ” ДУК билан ҳамкорликда 2014 йил декабр ойида ўтказилган радиомониторинг натижасида “Unitel” МЧЖ мобил алоқа тармоғида 90 та таянч станwиялардан ўрнатилган тартибни бузган ҳолда фойдаланган. Мазкур қоидабузарлик ҳолати бўйича Инспекция томонидан “Unitel” МЧЖга ўрнатилган тартибда фойдаланишга қабул қилинмаган радиоэлектрон воситалардан мобил алоқа тармоғида фойдаланишни тўхтатиш бўйича кўрсатма берилган, шунга кўра “Unitel” МЧЖ юқорида келтирилган кўрсатма ижроси таъминланганлиги ва ноқонуний равишда фодаланилаётган радиоэлектрон воситаларни эксплуатация қилишни тўхтатганлиги ҳақида маълумот тақдим этган.
Аммо, кўрсатма ижроси таъминланганлигини аниқлаш бўйича такрорий ўтказилган радиомониторингда Компания Инспекция томонидан берилган кўрсатма талабларини инобатга олмасдан Қашқадарё вилоятида 2 та таянч станцияларидан ноқонуний фойдаланган, бу билан назорат қилувчи органнинг кўрсатмасини ўз вақтида бажармасдан қонун ҳужжатлари ва лицензия келишувини қўпол равишда бузган. Шунингдек, Компания телекоммуникация соҳасидаги назорат қилувчи давлат органига ишончсиз маълумотни тақдим этиб, чалғитган.
Инспекция томонидан 2015 йил 12 февралда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани ҳудудида Компаниянинг 3G (UMTS-2100) тармоғида содир бўлган авария ҳолати ўрганилганда, мобил алоқа хизматлари кўрсатилишининг ўрнатилган тартиби бузилганлиги аниқланди, хусусан 3G тармоғидаги авария ҳодисаси жорий йилнинг 12 феврал куни соат 11:39дан 12:27гача чиқиш қўнғироқлари хизматининг тўхтаб қолишига сабаб бўлган.
Шу билан бирга, абонентлардан тушган мурожаатларга кўра, бошқа қонунбузилиш ҳолати аниқланаган, яъни 2015 йилнинг 10 февралида Компания тармоғида содир бўлган мобил интернет пакетларни тақдим этиш хизматида содир бўлган техник тўхталиш, яъни интернет пакетлар тақдим этилганлигини тасдиқловчи СМС хабарларнинг кечикиш билан келганлиги оқибатида мижозлар ҳисобидан асосланмаган ҳолда пул маблағларини ечиб олинишига олиб келган.
Компания ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари тўғрисидаги фуқародан тушган мурожаатни ўрганиш натижасида Компания томонидан ўз ходимларининг фаолияти устидан назорат ишларини этарли даражада ташкил этмаганлигини кўрсатди. Хусусан, Компаниянинг мижозларга хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда жисмоний шахс номидаги телефон рақами ўчирилган ва ноқонуний равишда бошқа жисмоний шахсга расмийлаштирилган. Натижада ушбу ходимлар ўз хизмат вазифасидан озод этилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 11 майдаги мурожаатни ўрганиш натижаларига кўра кўрсатилган хизматлар детализацияда чиқиш кўнғироқлар бир неча кун кечикиш билан қайд этилиши аниқлаган, лекин мижозларга детализация шаклидаги маълумотларни кечикиш билан тақдим этиш шартлари ҳеч қаерда кўрсатиб ўтилмаган ва мазкур ҳолат билан тўқнаш келган мижозлар бехабар қолмоқда, натижада бу каби мурожаатлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.
Мижозларга тарифларнинг ўзгариши, кўрсатиладиган хизматлар тартиби ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби тўғрисидаги тўлиқ маълумот берилмаслиги ёки мижозларни хабардор қилиш усуллари етарли даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида, мижозлар томонидан шикоятлар сонининг кўпайишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, Компания томонидан бугунги кунга қадар Самарқанд вилояти ҳудудида 3 та радиореле линия қурилмасидан ноқонуний фойдаланиб келинмоқда.
Қайд қилиш лозимки, оператор тармоғининг назорати етарли даражада олиб борилмаётганлиги сабабли Компания тармоғининг баъзи ҳудудларида узоқ вақт давомида алоқанинг мавжуд бўлмаслик ҳолатлари кузатилган.
Жорий йилнинг январ ва май ойлари оралиғида Инпекцияга келиб тушган мурожаатлар таҳлили, шикоятлар сони ўтган йилга нисбатан таққослаганда 29,7 %га ошганлиги, бундан 74 %ни мобил алоқа хизмати сифати бўйича, жумладан тармоқ қамров ҳудуди, муваффақиятсиз боғланишлар улуши, юкланган секторлар улуши, маълумотлар алмашиниш тезлиги, алоқани тиклаш вақти юзасидан бўлган шикоятларни ташкил этади. Бундан кўриниб турибдики, Компания томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш ва камчиликларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар қониқарсиз.
Шунга эътиборни қаратиш лозимки, Компанияда қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларининг мунтазам равишда бузилаётганлиги, Инспекция томонидан янада қатъий чоралар кўриш учун асос бўлмоқда. Кўп маротаба, қўпол ва мунтазам равишдаги қоидабузилишларга йўл қўйилаётганлиги ҳамда назорат қилувчи орган томонидан қуйилган талабларни бажармаганлигини инобатга олиб, Инспекция компанияга юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш ва мобил алоқа хизматини кўрсатиш фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига мувофиқ амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатма берди. Шу билан бирга, кўрсатмадаги талаблар бажарилмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тегишли чоралар кўрилиши юзасидан огоҳлантирди.