Фарғона: Коррупциянинг фермерларга ҳужуми оқибатлари

3

2020 йилнинг 24-25 декабрь кунлари Фарғона вилоят ва Фарғона туманлараро судида юридик шахс сифатида бизга суд ажрими эълон қилинди. Унга кўра, Қува туманидаги 100 га яқин боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари даъвогар томон Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси Фарғона вилояти Давлат Солиқ бошқармасининг 18/2-06353-сонли «Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш ёки жаримани ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисидаги талабнома»ларида назарда тутилган важлар билан 300 миллион сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган миқдорда қарздор эканлигимиз суд томонидан эътироф этилди.

Ваҳоланки, биз фермерлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитасининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси «Vodiy» TIF божхона постининг қарздорликни тугатиш бўйича 07.09.2020 йил кунги № 01-30009/191-сонли огоҳлантириш хатлари, шунингдек, 22.10.2020 йил куни эса, Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси Фарғона вилояти Давлат Солиқ бошқармасининг 18/2-06353-сонли «Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорликни бартараф этиш ёки жаримани ихтиёрий равишда тўлаб бериш тўғрисидаги талабнома»лари келиб туша бошлаган кундан бошлаб бу муаммони ижобий ҳал этиш учун бир қанча давлат органларига, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига ҳам мурожаат қилдик. Бизнинг барча мурожаатларимиз охир оқибат Фарғона вилоят прокуратураси орқали Қува туман прокуратураси воситачилигида Қува туман ИИБ Тергов бўлинмасига кўриб чиқиш учун юборилган. Бироқ Қува туман Тергов бўлинмаси ҳозиргача бу жиноий иш бўйича жиддий суриштирув-тергов ишларини олиб бормаётганлиги бугун кундек маълум бўлмоқда.

Сабаби эса қуйидагича, қарздор фермер хўжаликлари раҳбарияти бу воқеаларнинг таг замирига етиб, унга қонуний асос топиш мақсадида бир қанча давлат идораларига оғзаки-ёзма шаклда мурожаат қиладилар. Масалан, улар, гоҳ Қува туман ҳокимлиги, гоҳ прокуратура, гоҳ Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиб сарсан-саргардон бўлиб юрганларида вақт ўтиб кетиши оқибатида уларни жавобгар сифатида даъвогар томон ҳисобланмиш Фарғона вилоят Солиқ бошқармаси 02.12.2020 йил куни Фарғона туманлараро Иқтисодий судига чақиради. Натижада бу каби адолатсизликдан норози бўлган фермерлар Ўзбекистон Республикаси президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилиш билан мазкур масалада тергов ҳаракатлари бошланганлигини важ қилишган ҳолда ўша кунги олдинги суд муҳокамасини тўхтатишга эришадилар ҳамда суд жараёни 17.12.2020 йил кунга кўчирилади.

Энди бевосита шу воқеалар ривожига ўтиладиган бўлса, мазкур иш амалга оширилишидан олдин Қува туман ҳокимлигидаги масъуллар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 20.04.1994 йилдаги ПФ-837-сонли фармони билан тумандаги «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини йўлга қўйиш»ни мақсад қилиб олиб 2019 йилнинг баҳоридан бошлаб ҳудуддаги 600та боғбон-фермер хўжаликлардан ўз маҳсулотларини ҳеч бир тайёргарликсиз хорижга экспорт қилишга ундаганлар.

Яна юқоридаги мавзуга қайтилса, экспорт салоҳияти тўғрисидаги фармон билан 1994 йилдан буён Қува туманидаги ҳеч бир боғбон-фермер амалда таниш бўлмаганлиги ҳамда бу каби имтиёздан бирор марта ҳам фойдаланиб кўрилмаганлиги сабабли 87та фермер ҳокимиятдаги масъулларга: -Бизда ҳозирча экспорт қиладиган стандарт маҳсулотларимиз йўқ, деб ўйлаймиз. Шу сабаб биз ҳали ўзимнинг тажрибамиздан бирор марта ҳам ўтмаган бу ишга қўл уриб таваккалчилик қила олмаймиз. Мабодо, эртага хориж бозорида, маҳсулотимиз талаб даражасида бўлмай, сота олмай қолсак, унда бизнинг маҳсулотимизга сарфлаган шунча харажатни ким қоплаб беради, деган жавобни берадилар. Натижада, ҳокимликдаги масъул шахслар: -Сизлар қўрқсангиз, унда бу ишни бизга қўйиб беринглар. Лекин бир шарти билан, яъни сизлар ўз штамп-муҳрларингизни бизга топширасизлар. Биз улардан фойдаланиб сизларнинг номингиздан четга экспортга меваларни чиқарамиз ҳамда давлат талаб қилаётган режани амалга оширамиз, деб фермерларни мазкур жиноий ишга ҳам шерик қилишмоқчи бўлаганлар. Шунда боғбон-фермерлар уларнинг бу қинғир шартларига ўз эътирозларини билдириб, штамп-муҳрларини ўзга одам қўлига топширишдан бош тортадилар. Аслида ҳам қоида шу, қонун бўйича бирорта шахс хусусий тадбиркорнинг штамп-муҳридан унинг розилиги ва рухсатисиз фойдаланиши мумкин эмас: 228-модда. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш. (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси).

Бироқ масъуллар фермерлардан штамп-муҳрни олиб қўйиш мақсадида уларни ҳокимиятга ёлғиз-ёлғиз ўз идорасига чақириб: -Ҳокимият сизларга нимани буюрса, бажаришингиз лозим. Акс ҳолда, боғингизга комиссия юбориб, айб топамиз ва ерларингизни заҳирага олиб қўямиз, деб ошкора босим ўтказиш йўлига ўтдилар. Фермерлар шунда ҳам уларга айтган талабларини бажармагандан сўнг, энди ҳокимият вакиллари бизга: -Ҳаммаси яхши бўлади. Ҳеч бир қўрқишга хожат йўқ. Аксинча, сизлар шу билан экспорт машмашасидан қутиласизлар. Биз эса, давлат олдимизга қўйган буюртмани бажардик деб бир муаммодан қутиламиз, деган алдовдан фойдаланганлар. Натижада фермерлар еридан маҳрум бўлиб қолиш хавфидан чўчиб ўз муҳрлари ва СТИР (ИНН) рақамини ҳокимлик вакилларига, яъни ноилож ўзга шахс қўлига топширишга мажбур бўладилар. Шунингдек, ҳокимлик вакиллари фермер хўжалик раҳбарларидан сир сақланиши буюрилган электрон калитларини ҳам уларга топширишни талаб қилганлар. Лекин улар бу талабни бажаришдан бош тортганлар. Шундай бўлсада, электрон калитлар ҳокимлик вакиллари томонидан эгаларининг рухсатисиз очилиб, улардан ғайриқонуний тарзда истеъфода этилган: 53-модда. Бозор мунособатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқ  устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баробар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин. (Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси).

Ноқонуний йўл билан тадбиркорларнинг асосий қуролини қўлга киритган Қува туман ҳокимияти вакиллари фермерларга давлат томонидан яратиб берилаётган имкониятларни чиппакка чиқариб, президент юргузаётган сиёсатга тўлиқ қарши борган ҳолда муҳрларни ўроқда йўқ, машоқда йўқ, қаёқдаги бир гуруҳ олиб-сотарларга: -Мана сизларга фермерларнинг муҳрлари, улар буни ўзлари рози бўлиб берди. Хоҳлаганча мева-сабзавот ва кўчатларни давлат божхонасидан ўтказиб сотаверинглар, деб хотамтойлик қилиб бериб юборганлар. Албатта, уларнинг хотамтойлиги бекорга бўлмаганлиги, аксинча, «сиздан угина, биздан бугина» қабилида ўтганлиги кўпроқ ҳақиқатга яқинроқ бўлса керак.

Худди шундай жавобгар фермерлардан бири бўлмиш «ФарМухтасарДунё» ф/х раҳбари Қ.Хошимов (+998901627142) Фарғона туманлараро суди залида жумладан шундай маълумотларни судья ва бошқа суд иштирокчиларига тақдим этди: -Мен ўз муҳримни орадан бир ҳафтача ўтгач сўраб-суриштириб охири Олтиариқ туманидаги битта ҳожи акада эканлигини  билдим. Ҳозирги кунда туман фермерлар кенгашининг раиси вазифасида ишлаётган Аблазхон деган шахс ўша кимсадан муҳримни олиб келиб берди. Энг ачинарлиси шуки, ҳалиги ҳожи ака менинг номимдан аслида менда йўқ мева-чева ҳамда катта миқдордаги интенсив олма кўчатларини Қирғизистонга божхона орқали олиб ўтиб сотиб юборган. Мен ундан: -Менинг муҳримни сизга ким берди, десам: -Уни менга Қува тумани ҳокимлигида ишлайдиган Аблазхон ва Аъзамжон деган шахслар берди, деб жавоб берди.

Ҳақиқатдан ҳам жавобгар фермерлар қўлига «Vodiy» TIF божхона постидан келиб тушган расмий ҳужжатларда тонна-тонна ўзлари етиштирмайдиган мева-сабзавотлар қайд этилганлигини гувоҳи бўлганлар.

Шунингдек, 17.12.2020 йил кунги суд мажлисида судья Д.С.Акрамованинг қўлига яна бир муҳим ҳужжат келиб тушди. Унда Қува тумани ҳокимлигидаги мутасаддилар туман ҳокимининг 24.01.2019 йил кунги қарори билан «Оқ Қўрғон Мадад Тулпори» ММТП ҳудудидаги пахта-ғаллачиликка ихтисослашган «Хурсаной» фермер хўжалиги фаолияти тўхтатилганлигига қарамай мазкур собиқ фермер хўжалик номидан ҳам мева-сабзавотлар қалбаки ҳужжатлар асосида «Vodiy»ТИФ божхона пости орқали ўтказиб юборилган. Ҳолбуки, «Хурсаной» фермер хўжалиги фаолияти 24.01.2020 йил куни тўхтатилган. Унинг номидан эса, ноқонуний товар чет элга 26.12.2019 йил куни давлат божхонасидан бемалол ўтиб кетяпти. Ҳолбуки, фермер хўжаликнинг тугатилиши тўғрисидаги ҳоким қарори билан божхона қайдномасидаги сана ўртасидаги фарқ деярли бир йил. Демак, мазкур жиноятда божхоначиларнинг ҳам етарлича «ҳиссаси» борга ўхшайди: 241-модда. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш. (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси).

Кўриниб турибдики, «Хурсаной» ф/х тугатилгандан кейин ҳам унга тегишли муҳр, ИНН ва ҳакозо ҳужжатлар қонун бўйича утилизация қилинмасдан, аксинча, уларни яширишиб, пировард натижа эса, кейинчалик бу нарсалар кимларнингдир ғаразли ниятларини амалга оширишлари учун жиноят қуролига айланганлигининг яққол далил-исботи ҳисобланади: 227-модда. Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш. (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидан).

2019 йил тугаб 2020 йил январь ойида Қува тумани ҳокимлиги боғбон-фермер хўжаликларини махсус селектор йиғилишига чақиради. Ўша кунги мажлисда туман ҳокими Р.Қурбонов ўз қўли остидаги ходимларига «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 20.04.1994 йилдаги ПФ-837-сонли фармони билан боғлиқ тумандаги «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини йўлга қўйиш»да ҳосил бўлган божхона ва фермер хўжаликлари ўртасидаги қарздорлик муаммосини яхшиликча бартараф қилишликни талаб қилган. Ана шундагина биринчи марта фермерлар ўзларини емаган сомсага пул тўлашлари керакликларини англаб етадилар ва залда норозилик бошланади. Туман ҳокими Р.Қурбонов вазиятни бундай тус олишини кутмаган шекилли, у тезда йиғилишни тарк этади. Фермерлар билан энди яккама якка қолган ҳокимликдаги шу ишга дахлдор масъуллар тадбиркорларга божхона солиғини тўлаб қўйиш учун ҳар бир боғбонга 100АҚШ доллари миқдорида бўлган маблағни талаб қила бошлаганлар. Ўшандан кейин баъзи бир фермер хўжаликлари масъуллар талаб қилган бу ноқонуний пулни уларга етказиб бериб «оч қорним, тинч қулоғим» қабилида иш тутиб мазкур қарздорликдан қутилишган. Бироқ аксарият фермерлар бу каби ғайриқонуний тўловдан бош тортганлар. Худди шу воқеа мазмуни Қува туман фермер хўжаликлари кенгашидан бўлган «Наврўз» МФЙ ҳудудига бириктирилган масъул шахс Шерқўзи Джураевнинг тилхатида ўз исботини топган.

Қисқаси, жавобгар фермер хўжаликлари раҳбарлари айни шу масалада судгача бўлган даврда юқорида айтиб ўтилганидек тумандаги бир қанча давлат органларига амалий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар. Бироқ улар ўз ваколатлари доирасида уларга ёрдам бермаганлар. Шундан кейин фермерлар Фарғона вилоят Қува туман Давлат Хавфсизлик Хизмати бўлимига 05.11.2020 йил куни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига 11. 11. 2020 йил куни ариза билан мурожаат қиладилар.

Уларнинг мурожаатлари асосида Фарғона вилоят Давлат Хавфсизлик Хизмати бошқармаси 07.11.2020 йил куни мазкур бошқарма бошлиғи полковник Д.Анарқуловнинг № Я-21 сонли билдиришномасида бу ишни қонуний кўриб чиқиш учун Фарғона вилоят прокуратурасига юборилганлиги маълум қилинган.

Шундан сўнг Фарғона вилоят прокуратураси бу ишни ўз ваколати доирасида кўриб чиқиш вазифасини Қува туман ИИБга юклади. Натижада Қува туман ИИБнинг суриштирув бўлимидан Усмонов Алишер деган терговчи (+998911294893) мурожаатчиларни 14.11.2020 йил кунга ИИБга чақириб иш бўйича фермерлардан дастлабки терговолди кўрсатмаларни тушунтириш хати шаклида олади. Орадан уч кун ўтиб терговчи Усмонов Алишер уларга мазкур иш бўйича жиноят иши қўзғатилганлигини СМС ҳамда ўз телефон рақами (+998911294893) орқали маълум ҳам қилади.

Хуллас, жавобгар фермерлар ўз аризаларида судья Д.С.Акрамовадан юқоридаги важларни ҳисобга олган ҳолда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 9-боб. Иш юритишни тўхтатиб туриш, 101-модда. Суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш мажбуриятига асосланиб биз 02.11.2020 йил кунга белгиланган мазкур суд муҳокамасини тергов ва у билан боғлиқ жиноят суди мазкур иш юзасидан ўзининг адолатли ҳукмини ўқигунгача бўлган давр доирасида Фарғона туманлараро Иқтисодий суди жараёнларини тўхтатиб туришлигини сўрайдилар: -Суд қуйидаги ҳолларда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт: 1) мазкур ишни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, фуқаролик ишлари бўйича суд, жиноят ишлари бўйича суд, маъмурий суд ёки иқтисодий суд томонидан кўрилаётган бошқа иш ёки масала юзасидан, шунингдек тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда; (Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси).

Улар ўз аризаларидан бир нусха ўша куни Фарғона вилоят прокуратурасига ҳам топширадилар. Чунончи, фермерлар ҳар эҳтимолга қарши суд олдидан айбдорларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини тасдиқловчи ҳужжат олишни ўзларига лозим деб билиб бу борада туман ИИБ терговчиси А. Усмоновга ҳам мурожаат қилинади. Шунда терговчи А. Усмонов айни шу иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини тасдиқловчи ҳамда Фарғона вилоят прокуратураси адлия катта маслаҳатчиси У.Б.Қосимовнинг 2020 йил февраль ойида имзолаб Қува туман департаментига  айбдорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлигини исботловчи расмий ҳужжатни тақдим этади.

02.12.2020 йил кун жавобгар ҳисобланган фермер хўжаликлари раҳбарлари Фарғона туманлараро Иқтисодий судига бориб, улар судья Д.С.Акрамовага бир ҳафта олдин 27.11.2020 йил куни мазкур судни қонуний асосларга биноан вақтинчалик тўхтатиб туришлигини сўраб ёзган аризалари борлигини яна бир карра эслатиб ўтишиб, судьяга унинг нусхасини яна суд залида ҳам тақдим қиладилар. Шундан сўнг судья Д.С.Акрамова уларнинг бу мурожаатини ўқиб чиқиб маълумотларни текшириб кўриб унга ҳуқуқий баҳо берилиши учун ўша кунги суд мажлисини 17.12.2020 йил кунга кўчирганлигини маълум қилган.

Шундан сўнг жавобгар фермерлар 07.12.2020 йил куни ҳар эҳтимолга қарши Қува туман ИИБ терговчиси А.Усмоновга қўнғироқ қилиб (+998911294893) ундан уларга терговчининг ўзи тақдим этган Фарғона вилоят прокуратураси адлия катта маслаҳатчиси У.Б.Қосимов томонидан 2020 йил февраль ойида ўз имзоси билан тасдиқлаб Қува туман департаментига юборган қарори асосида очилган жиноий иш ҳақиқатдан ҳам тўғри ё нотўғри эканлигини ҳамда ўша қарор айнан уларга ҳам тегишли ёки тегишли эмаслигига такрор аниқлик киритганлар. Терговчи А. Усмонов ўшанда фермерларнинг саволига: -Сизларнинг аризангиз ҳам шу жиноят иши доирасида кўриб чиқилмоқда. Менга бир аёл судья Иқтисодий суддан қўнғироқ қилди. Мен унга ҳақиқатдан ҳам мазкур масалада жиноий иш қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини айтдим. Шунингдек, мен судьяга бу иш билан ҳозир бошқа терговчи шуғулланаётганлигини маълум қилиб, судьяга ўша терговчининг телефон рақамини ҳам бердим, деб жавоб беради. (ўша кунги тергвчи билан бўлган суҳбатнинг телефон аудио-ёзуви сақланган). Терговчининг бу жавобидан фермерларнинг кўнгли бир оз таскин топиб 17.12.2020 йил кунги бўлиб ўтадиган судга тайёргарлик кўра бошлайдилар.

Бундан ташқари мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлигини тасдиқловчи-далил терговчи А. Усмонов томонидан фермерларнинг бирига ўз телефон рақамидан (+998911294893) бир ой олдин, яъни 2020 йил 17 ноябрь куни СМС йўллаб қуйидаги хабарномани ҳам юборган экан: -Ака, телефон қилиб юборинг. Кемей қўйуврилар жиноят иши қўзғатилибди. (Иловага қаранг).

Бироқ 17.12.2020 йил куни жавобгарларга Фарғона туманлараро судининг судьяси Д.С.Акрамова суд жараёнида мазкур жиноий иш бўйича Қува туман ИИБ терговчиси билан боғланганлигини, афсуски, судья бу борада тергов ҳаракатлари анча олдин, яъни жорий йилнинг 15 сентябрида бутунлай тўхтатилганлигини маълум қилганлигини айтади. Судьянинг бу гапидан кейин фермерлар ўзларини оқлаш учун ундан ўзларини ҳақ эканликларини исботлашлари учун судда танаффус қилиб туришлигини илтимос қилишади. Илтимос қондирилиб, уларга бир ҳафта муддат 24.12.2020 йил кунгача вақт берилади.

Жумладан, судья Д.С.Акрамова аризадаги важлар билан танишиб чиқиб вазият ўта жиддий эканлигини тушуниб етган. Бироқ судья, мабодо фермерлар ўша кунгача тўпланган материаллар асосида гумонланувчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлигини ҳамда мазкур масалада тергов ишлари кетаётганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжатни судга тақдим этолмасалар, демак, жавобгар томонга муқаррар Иқтисодий суд ажрими чиқарилади, деб огоҳлантирган. Натижада жавобгар фермерлар 18.12.2020 йил куни ўз аризалари билан Қува туман прокуратурасига мурожаат қилишади. Худди ўша куннинг ўзида прокуратура уларнинг аризаларини Қува туман ИИБ қошидаги Тергов бўлинмаси бошлиғи майор Ф.Эргашевга холисона кўриб чиқиб мурожаат муаллифига жавобни бериш масъулиятини юклайди.

Афсуски, биз тадбиркорлар мазкур тергов натижаларини ҳануз олмадик. Натижада 24.12.2020 йил кунги Фарғона туманлараро судида бизга нисбатан суднинг юқоридаги ачинарли ажрими эълон қилинди. Унга кўра, биз 10 (ўн) кун муддат ичида то 2021 йилнинг 05 январь санасигача даъвогар томон Ўзбекистон Республикаси Давлат Солиқ Қўмитаси Фарғона вилояти Давлат Солиқ бошқармаси талаб қилаётган маблағни тўлай олмасак, фермер хўжаликларнинг ҳисоб рақамлари блокланиб, уларга инкасса жорий этилиши ҳамда 90 (тўқсон кун) давомида эса, ўз қарзларимизни узмасак, уларни ундириш энди шахсий мол-мулкимизга қаратилиши билан билан огоҳлантирилдик.

Энди бизда бир ўринли савол туғилади: -Биз нега шу аҳволга тушдик? Бу саволга жавоб беришда юқорида бўлиб ўтган барча воқеалар занжирини бир таҳлил қилиб кўрилса, улардан қуйидагича танқидий хулоса чиқиб келяпти:

Биринчидан, нега шунча вақт Қува туман ИИБ терговчилари тадбиркорларни алдаб келди? Ҳолбуки, терговчиларнинг бу каби чалғитиш усули бугун жавобгар томон ҳисобланмиш фермерларга анча қимматга тушгани аниқ бўлди.

Иккинчидан, ИИБ терговчиси А.Усмонов жорий йилнинг 15 сентябрида тугатилган ишни дастак қилиб расмий маълумот сифатида жавобгарларга тақдим этган. Бироқ унга қўнғироқ қилган судьяга эса, тергов ишлари бошқа терговчига ўтказилганлиги ҳақида маълумотни бериб, бу хабарни негадир фермерларга беришни хоҳламаган. Ҳолбуки, терговчи судьяни бу ҳақда жавобгарлар мурожаат қилмасдан бир-икки кун аввал таништирганини ўзи тасдиқлаб турибди. Унда нега терговчи А.Усмонов тергов ҳаракатлари бошқа терговчига ўтганлиги муносабати билан жавобгарликни ўз бўйнидан соқит қилиб қўймади? Демак, бу вазият ҳам ҳар қандай одамда шубҳа уйғотмасдан қолмайди.

Хулоса шуки, Қува туман ИИБ ходимларига фуқаронинг тақдири, ҳаёти ва соғлигининг сариқ чақачалик қиймати йўқ экан. Демак, улар хоҳласалар, жиноятни яшириб, хоҳламасалар уни очиб кўришга ваколатли ташкилот бўлиб қолибди.

Учинчидан, фермерларнинг кўрсатма ҳамда далиллари асосида гумондорларга нисбатан бемалол жиноий иш қўзғатиш мумкин эди. Бироқ Қува туман ИИБ терговчиси А.Усмонов фермерларни сўроқ қилиш ўрнига улардан бор-йўғи тушунтириш хати олиш билангина кифояланган.

Тўртинчидан, суд залида иштирок этган барча жавобгарлар бир овоздан уларни шу ҳолатга тушишларига юқорида зикр этилган ҳокимият мутасаддилари эканликлари маълум қилинди. Шундан келиб чиқиб, ИИБ терговчилари гувоҳлардан керакли кўрсатмаларни олгач, ўша масъулларни бирма бир сўроққа тортишлари ҳамда уларни бир бирлари билан юзлаштиришлари қийин иш эмас эди. Негадир адлия органи ўз ваколатига кирувчи бу хизмат вазифасини ҳам мукаммал адо этмаган.

Бешинчидан, тергов ҳаракатлари мукаммал олиб борилганда эди, Қува туман фермер хўжаликлари кенгашидан бўлган «Наврўз» МФЙ ҳудудига бириктирилган масъул шахс Шерқўзи Джураевнинг тилхати ҳам суд-экспертиза текширувидан ўтказилиб бу борада фермерларнинг гувоҳликлари яна бир карра ўз исботини топарди.

Олтинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 20.04.1994 йилдаги ПФ-837-сонли фармони билан тумандаги «Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назоратини йўлга қўйиш»ни нега Қува туман ҳокимлиги ўз ҳудудидаги 600дан ортиқ фермерлик субъектларига тенг тарғиб қилмай, улардан фақат 87тасидангина буни талаб қилди?-деган савол туғилиши табиий.

Юқорида тилга олинганидек, туман ҳудудидаги ерлар ўз таркиби жиҳатдан серҳосил, унумдор ва ориқ ер категорияларига бўлинади. Лекин ҳокимликдаги масъуллар негадир чет элга экспорт қилиш учун серҳосил ва унумдор ерларга эгалик қилиб келаётган фермерларнинг мева-савзавотларини эмас, аксинча ориқ ерда сифатсиз ҳосил олиши эҳтимоли кучли бўлган хўжаликлардан бу операцияларни амалга оширишни кўзлаганлар. Тумандаги бу ҳолат ҳам ўта шубҳали ҳисобланади.

Еттинчидан, жиноят содир этилаётганлигини нега «Vodiy» TIF божхона пости ходимлари сезмадилар? Сезган бўлсалар унда нега бу жиноят ҳақида тегишли органларга хабар берилмади: 241-модда. Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш. (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси).

Саккизинчидан, жавобгар сифатида судда иштирок этаётган фермерлар бу савдо-сотиқ операциясини амалга оширмаган бўлсалар, унда кимлардир мазкур ишдан катта фойда кўриб, ўзларининг ушбу жиноий фаолиятидан олинган даромадларини эса легаллаштирганлар. Тергов ҳаракатлари пайсалга солинганлиги боис улар ўз қилмишлари учун амалдаги қонун олдида жавоб беришдан осонгина қутилиб қолмоқдалар : 243-модда. Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш. (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси).

Тўққизинчидан, «Наврўз» ММТП ҳудуди бўйича масъул бўлган Джураев Шерқўзи, Қува туман экспорт бўлими бошлиғи Раҳимов Ҳолмуҳаммад  ва фермерлар кенгаши бухгалтерия бўлими бошлиғи Раҳимов Умиджон ва фермерлар кенгашининг ўша пайтдаги раиси (ҳозирда шу кенгаш раиси ўринбосари) бўлмиш Усмонов Ҳомиджон суд жараёнида асосий гумондорлар сифатида тилга олинди. Лекин ҳозиргача улар терговолди ҳаракатларига жалб қилинмаган.

Зеро, мазкур ишларда қандайдир жиноий гуруҳларнинг коррупцион қўли борга ўхшайди. Коррупция эса, Ўзбекистон Республикасининг порлоқ келажагига қарши турган энг катта ижтимоий-иқтисодий жиноятлардан бири ҳисобланади. Агар мазкур жиноят очилмай бугун жавобгар саналётган фермерларнинг бегуноҳлиги одил суд олдида тасдиқланмас экан, унда Қува туманида ривожланиш бўлмайди.

Мана шуларни ҳисобга олган ҳолда биз сиздан жавобгарларнинг 18.12.2020 йил куни Қува туман прокуратурасига қилган аризаси асосида туман ИИБ Тергов бўлинмасининг иш юзасидан олиб бораётган терговга қадар текшириш ҳаракатлари натижаларини тезлаштириб асосий гумондорларга нисбатан жиноий иш қўзғаб бу ҳақда бизга расмий ҳужжат қўлимизга тегишида ёрдам сўраймиз. Зеро, бизда ҳозир апелляция беришимиз учун бор-йўғи 10 (ўн) кун муддат бор. Чунки бу борада жиноий иш қўзғатиллганлиги тўғрисидаги расмий ҳужжат билангина биз апелляция даъвосини қила оламиз, холос. Акс ҳолда, апелляция бериш учун бизда асос йўқ бўлиб қолади.

Бир гуруҳ фермерлар