Сурхоннинг тўраси дахлсизми?

920__95_885906760

Буюк Бальзак айтади: “Рақамлар шундай ойнаки, у қийшиқ башарангни акс эттирса, чидаб туролмайсан”. Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессиясидан сўнг негадир ана шу гап кўнглимдан ўтди.

Эътибор беринг, Сурхондарё вилояти прокурори Садриддин Турдиевнинг айтишича, прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали 22 мингдан ортиқ фуқаролар, шу жумладан, 6 мингдан ортиқ юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор протестлари асосида 1000 дан ортиқ  ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинган, 1500 га яқини қонун талабларига мувофиқлаштирилган, етказилган 15 млрд. сўмлик зарарни ундириш бўйича судларга 985 та аризалар киритилган.

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 2700 нафар шахс огоҳлантирилиб, 2100 нафари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, текширувлар ва жиноят ишлари тергови жараёнида 25,5 миллиард сўмлик зарар ундирилган. 6200 нафардан ортиқ фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қаноатлантирилган.

Иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг ўз вақтида тўлаб берилишига қаратилган тадбирлар натижасида 4 мингдан ортиқ пенсионер ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.

Муҳтарам прокуроримиз халқ вакилларига ҳисоб бераркан, ўзи билиб-билмай вилоятдаги асл манзарани тасвирлаб берган. Мамлакатимиздаги энг кичик вилоятлардан бирида 1000 дан ортиқ ҳужжатлар бекор қилинган бўлса, демак, бу вилоятда аҳвол ўта оғир.

Ўтган йили пахта режасини қўшиб ёзиш фактлари ошкор бўлган, прокуратура кўплаб амалдорларга нисбатан иш қўзғатганди. Агар вилоят пахта режасига вилоят ҳокими жавобгар бўлса, мазкур вилоятнинг тўраси Тўра Боболов сувдан қандай қуруқ чиқди экан?

Ҳамма гап шунда. Катта-ю кичик амалдорларнинг минглаб қарор ва фармойишлари бекор қилинади. Минглаб амалдорларга турли даражада ишлар қўзғатилади, аммо доимгидек Тўра Абдиевич дахлсиз қолаверади.

Кечирасиз, Сизда савол туғилмадими? Нега ҳеч ким вилоятнинг мутлақ ҳокимга тек демайди? Унинг нега биров мушугини пишт демайди? Вилоятда одамлар электр, газ йўқлигидан ғалаён кўтаради. Ижтимоий, иқдисодий вазият таранглашиб, воҳа “порохли бочка”га айланади-ю, бунга ҳоким изоҳ бермайди?

Ана шу саволлар билан сурхонликлардан бирига мурожаат қилдим. “Билмайсизми, Тўра Абдиевичнинг таянчи, ҳамюрти Президент Администрациясида, улар ҳатто бир хил кўзойнак тақишади…” деб қолди маъноли қилиб. Ишонгим келмади, аммо ноилож эдим. Прокурор беармон сайраб ётган рақамлар миямни пармалаб борарди.

Минглаб ноқонуний қарорлар бекор қилинмоқда. Қўшиб ёзиш, давлат мулкини ўмариш авжига минган. Фермерларнинг оҳи зори Парламент шифтидаги бўёқларни кўчириб юборди. Идоралараро комиссия армияси Қизириққа ташланган. Коррупция гуллаб-яшнаб ётибди. Аммо “порохли бочка” устида чордона қуриб ўтирган Тўра Абдиевич мутлақ дахлсиз!..

Адҳам Ашурматов

Термиз шаҳри