Калта пайпоғим ва йиртиқ шимим – ҳамма нарсанинг ўз ери ва мавриди борми?

_114186141_118692719_797682341038355_6862912440006725764_n

Эсимда, 14-15 ёшларда эдим, юқори синфда ўқиб юрган кезларимда янги йил олди мактабда уюштириладиган байрамга ясаниб боришим учун акам дўконга олиб борган эди. Ҳали мустақил кийиниш услуби менда шаклланмаганлиги учун турли-туман кийимлар орасидан танлов қила олмаганман.

Ўшанда бошдан-оёқ кийимларни акам танлаб берган. Чиройли Levi’s жинси шим, камтарона оқ блуза ва Chanel услубидаги башангина қора пиджак — орадан кўп йиллар ўтган бўлса ҳам, бу кийимлар ҳозиргача менда бор, услубий актуаллигини йўқотмаган. Байрамдан кейин бу образ кундалик кийимга айланган эди.

Кунларнинг бирида маҳалламиз оралаб уйга қайтаётганимда тўрт-беш нафар маҳалладош йигитларнинг гап-сўзлари қулоғимга чалинди. — Ким бу қиз? — сўради бири, иккинчиси жавоб берди, — фалончининг синглиси, — акалари бундай кийиниб юрганини билса оёғини синдиради — қўшимча қилди ҳалигиси. Устимдан совуқ сув қўйилгандек бўлди. Қадамимни тезлаштириб юришда давом этдим, диалогнинг қолган қисми қулоғимга кирмади, овозларни қабул қиладиган ҳолда ҳам эмас эдим.

Уйга келиб ҳам анча пайт эшитганларимдан ўзимга кела олмадим. Акаларим жудаям сезгир. Нимадир бўлганини фаҳмлашди. Бўлган воқеани айтиб бердим.

— Кийиб чиқ ўша кийимингни — деди акам. Ака-сингил ўша уйнинг олдига бордик. Йигитни чақириб, у орқали сал аввал бирга турган ўртоқлариниям чақиртирдик. Ҳамма йиғилганидан кейин, «Синглимнинг бошида уни нима кийиб киймаслигини назорат қиладиган акалари бор, ишончинг комил бўлсинки, кимнидир оёғи синиши керак бўлса, у синглимники эмас, уни гап-сўз қиладиган одамники бўлади”, — деб гапни қисқа қилди акам. Йигитлар узр сўрашди.

Бу менинг кийиниш борасида жамиятда дуч келган биринчи зарбам эди. Акамнинг ҳимояси остида уни ўшанда осон енгиб ўтдим. Кейинчалик яна бир неча бор кийимим нотўғри фикр уйғотганини сезиб панд едим, лекин энди муаммоларимни ўзим мустақил ҳал қиладиган ёшдалигим учун қаерда қандай кўринишда бўлиш кераклиги ҳақида ўзим учун хулоса чиқардим.

 

СУРАТ МАНБАСИ,”O’ZBEKISTON” TELEKANALI

 

Сурат тагсўзи,«Муносабат» кўрсатувида Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркахи бўлим бошлиғи Мансур Мусаевнинг ёшларнинг йиртиқ шими ва калта пайпоқларини танқид қилди

Умуман олганда, мен эркин дунёқараш, эркин кийиниш услуби тарафдориман. Дресскодлар инсонни чегаралаб ноқулайликлар туғдиради деб ҳисоблайман. Ҳар бир инсон ўз шахсига мос услубни танлаш жараёнида хатоларга йўл қўяди, ва алалоқибат ўзига мос, қулай, табиатини ифодалайдиганини топади. Бу табиий жараён. Уни бўғиш, чегаралаш керак эмас.

Куни кеча давлат телеканалларидан бирида шу мавзуда тайёрланган кўрсатув ижтимоий тармоқларда кўп сонли кузатувчиларнинг салбий фикрларини уйғотиб, кун мавзусига айланди. Оммавий ахборот воситалари жамиятда қанчалаб ечими долзарб муаммолар турган бир пайтда калта пайпоқ каби «унсур»ларни таҳлил қилиб анъанавий сексуал ориентацияга эга инсонларнинг ҳам жинсий қарашларини шубҳа остига олиши одамларнинг матбуотга нисбатан ҳурматсизлик кайфияти уйғотишини назардан қочирмаслиги керак.

Кийиниш борасида муаммолар мавжуд, буни инкор қилиб бўлмайди, албатта. Профессионал журналистика оммавий кийиниш маданиятини шакллантиришга оид фойдали материаллар тайёрлаб мавзуга эҳтиёткор ёндашиши керакмиди – бу асосланмаган тарихий мишмишларни тарқатувчи консерватив ёндашувдан кўра маъқул муқобил вариант.

Яқинда Фарғонада калта шортикда сайрга чиққан қизнинг маҳаллий ўзбек йигит томонидан калтакланиши кўпларни ларзага солди. Мен менталитет жиҳатдан бутунлай фарқли икки хил манзилда яшайман: бири – мегаполис, иккинчиси эса – вилоятлардан биридаги ҳали замонавий руҳ тўлиқ шаклланмаган шаҳарча. У манзилдан бунисига ўтганимда ўзим билан ортиқча кийим-кечак олиб юрмайман. Ҳар икки манзилнинг турмуш шароитига мос тушадиган гардеробим бор. Назаримда маҳаллий менталитет билан ҳисоблашиш шарт. Бу, алал-оқибат, ўз хавфсизлигинг учун ҳам муҳим.

Кўп сонли инсонларнинг маҳаллий тушунча ва қадриятларга кескин қаршилик кўрсатиши яхши якун топмаслигига гувоҳ ҳам бўлдик. Маҳалла-кўй, яқинларни гап-сўзга қўядиган кўринишдан қочиш ҳам ички маданият ва ҳурматнинг бир кўриниши деб биламан. Бу билан катта шаҳарларда истаганча кийиниб юриш мумкин деган фикрдан ҳам узоқман. Кийим энг аввало инсоннинг руҳияти, феъл-атворини ифодалаши керак, лекин истисноли ҳолатлар ҳам бор.

Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда кўп сонли кузатувчиларига эга, жамиятда ўз ўрнини топган бир аёлнинг ўз қоматига мос бўлмаган, (менинг назаримда) ижтимоий мавқеига номутаносиб кийимдаги суратларига кўзим тушди. Уни кўриб мен уялиб кетдим. Қанчалаб инсонлар ҳавас билан тақлид қиладиган бундай шахсларни бу аҳволда кўришни истамас эдим. Бундай мисоллар бир талай – машҳурларнинг тунги кийимлардаги видеоблоглари, блогерларнинг уй ичи кийимларида қилган тўғридан-тўғри эфирларига ҳам кўзим тушган. Бундай одамлар кузатувчилари олдидаги масулиятни ҳам унутмаслиги керак, чунки айнан уларнинг ҳар бир ҳаракатини қолип деб биладиган, такрорлайдиганлар бор.

Ҳар ким ўз ташқи кўриниши ва услубини ҳаёт тарзи ва дунёқарашидан келиб чиқиб танлайди. Агар сизнинг калта пайпоғингиз кимнингдир маънавиятига ёмон таъсир қилмаётганига ишончингиз комил бўлса уни бемалол кияверишингиз мумкинми? Пайпоқ-ку майли, йиртиқ жинси шим-чи? Кимнингдир маънавияти билан ҳисоблашиш яхшидир, лекин у маънавият эгаси ҳам қачон ва қаерда яшаётганини унутмаслиги керакдир? Мен эса ҳали ёшим, хоҳишим ва манзилимга мос келар экан, кўп сонли шортларимдан воз кечиш ниятим йуқ.

BBC