Ўзбек қамоқхонасига COVID-19 оралади

photo_2020-07-29_08-56-18

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалдаги ҳолатни ўрганиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича давлат органлари ўртасида мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик етарли эмас, давлат органлари фаолиятининг институциявий асослари ва принципларининг замонавий талабларга мос эмаслиги мазкур мажбуриятлар сифатли бажарилишини таъминлашга имкон бермаяпти. Жазони ижро этиш тизимидаги интизомсизлик, раҳбар ва тезкор ходимлар маъсулиятсизлиги ва маҳкумларга совуққон муносабат шулар жумласидандир.

Парламент, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти тизимли ва ўзаро ҳамкорликда амалга оширилмаяпти. Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини лозим даражада бажариш устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш зарур. Жазони ижро этиш муассасаларига жамоатчилик вакилларининг монеъликсиз киришини, умуман, маҳкумларга нисбатан давлат сиёсатини тубдан ўзгартириш керак.

Судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиёти йўлга қўйилмаган, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилишнинг самарали тизими мавжуд эмас ҳамда шартномавий қўмиталарининг индивидуал хабарларни кўриб чиқиш юзасидан қарорларини бажаришнинг механизми ишлаб чиқилмаган.

Халқимиз бошидан оғир кунларни ўтказмоқда. Коронавирус пандемияси ва ҳали яқин келажакдаги унинг оқибатлари оғир синов бўлади. Ана шундай бир вазиятда Эрон ҳукумати минглаб маҳкумларни озод қилди, Арманистон ва Беларусда кўплаб маҳкумлар озодликка чиқарилди. Шунингдек, Чили ва Бразилия ҳукуматлари пандемия шароитида қамоқхоналарни тўла бўшатиш чораларини кўрмоқда. Буларнинг барчаси мазкур муасссасаларга инфекция кириб боришининг олдини олиш, маҳкумлоарни ҳимоя қилишга қаратилган. Бизда эса… ҳар диомгидек тескариси. Муассасаларга аллақачон вирус кириб бориб бўлди. Энди муассасалардан минглаб ўликларнинг чиқишини кутмоқдамиз.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Ички ишлшар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги муассасалар ходимларининг 40 фоиздан ортиғи хизмат таътили ёки коронавирус пандемияси муносабати билан касбий фаолиятини тўхтатиб туришибди. Айниқса, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторида аҳвол оғирлиги ҳақида хабарлар келмоқда.

Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББ ходимига кўра, коронавирус пандемияси муносабати билан 100 га яқин ходимга муддатсиз меҳнат таътили беришга мажбур бўлинган. Уларнинг 10 дан ортиғи Зангиота тумани ҳҳудудида жойлашган махсуслаштирилган тиббиёт марказида вирусдан даволанмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Марказий госпиталида ҳам Тоштурма, Зангота, Товоқсой, Шайхали, Навоий ва Зарафшон турмаларининг бир неча ўнлаб тезкор ходимларига ёрдам кўрсатилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларида эса аллақачон коронавирус инфекцияси тарқалиб бўлган ва бу маъмурият томонидан сир тутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторида ўнлаб гумондор ва ходимларда коронавирус инфекцияси аниқланган. Уларни стандартлар даражасида даволаш, керакли дори-дармонлар билан таъминлаш масаласи ҳал қилинмаган. Иситмаси бўлганларни изоляторларга тиқиш, касаллик ҳолатларини яшириш ҳолатлар кўпайган. Муассасада таҳликали вазият ҳукм сураркан, маҳкумлар хавотирдан невроз ҳолатига тушмоқда.

Айрим оғзига кучи етмаган опертив ходимлар: “Касал бўлса, қамоқларда ўлиб кетаверишсин. Керак бўлса қамоқхоналарни касаллари билан ёпиб ташлаймиз” дейишмоқдла.

“Ҳозирги кунда республикадаги коррупцияни ва қонунларнинг ишламаётганлигини инобатга олсак, қамоқхоналарда кўпчилик махбуслар туҳмат билан қамалганлар, порани беролмаганлар, боқувчисини йўқотганлар ётишибди. Уларнинг ичида озодликка чиқишга муддати яқин қолганлар, амнистияни кутганлар, оғир касаллар, ёши катта бўлганлар, инвалидлар ҳам бор. Бутун дуне хозирги синовли кунларда ўзининг махбусларини озодликка қўйвориб, еки муддатни шартли қилиб белгилаганда, Ўзбекистон хукумати мурувват кўрсатмаяпти” дейилади электрон почтамизга келган мактубда.

Маълумотларга кўра, кўпчилик маҳкумларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган чоралар кўриш ўрнига уларни яна-да оғирроқ аҳволга солиб қўйилмоқда. Ҳатто карантин даврида кишиларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқлари бирмунча чекланиб, ўз уйларига мажбуран қамаб, пулсиз, ишсиз, озиқ-овқатсиз, дорисиз қолдирмоқда. Инсон хуқуқлари шунчалик поймол бўладими? Махбуслар бу давлатнинг фуқароси эмасми? Халқаро инсон хуқуқини ҳимоя қиладиган ташкитлотлар бонг уришлари керак. Ахир бу нохақ, хукмсиз барча махбусга ўлим жазосини белгилаш эмасми?

Электрон хатқутимизга келаётган мактубларда айтилишича, қамоқхона ишчиларининг аксарият қисми турли сабабларга кўра иш фаолияти эмаслиги туфайли қамоқхона почтаси, озиқ-овқат, бандеролларни етказиб бериш хизматлари, тиббий пунктлар, санитария бўлимлари тўлақонли ишламаяпти. Масалан, бугун Тоштурмада соқчиларнинг кўпчилиги жойида эмас.

Миллий гвардия ходимларининг ҳам кўпчилиги бетоб, ярми ишдан бўшаган. Ўзбекистон ИИВ ЖИЭББдаги ходимнинг айтишича, барча турмалар, изоляторларга буйруқ берилган, касал бўлса, уни ошкор қилмасдан, телефон орқали қариндошлари билан боғланишга ҳам рухсат берилмасин, дейилган.

Бундан келиб чиқадики, ўлса, ичкарида ўлиб кетаверсин, қарамаларинг. Кўчага чиқиб кетмасин, энг муҳими.” Шунақа топшириқ берилибди тепадан . “Кароновирус бўлмаган, оддий касалларга ҳам тиббий ердам кўрсатилмаяпти, Укол, дори, капельницалар йуқ”, дейди Тоштурма ходими. Дорилар заҳираси бўшаб қолган. Қанчадан қанча маҳкумнинг чиқиш муддати ўтиб кетди, қанчасиники кечикмоқда.

Халқимизда пурмаъно ҳикмат бор: “Касални яширсанг — иситмаси ошкор қилади”. Биз бугун жазони ижро этиш тизимидаги аҳвол, умуман, маҳкумларга муносабатдаги муаммоларни яширарканмиз, ўз оёғимизга болта урган бўлмаймизми?  Дунё ҳамжамияти инсон ҳуқуқлари масаласида муттасил танқид қилиб келадиган мамлакатимизда наҳотки шундай оддий ечим ва ислоҳотларни ўйлайдиган раҳбарлар топилмаса?

Яқинда БМТнинг судьялар ва адвокатларнинг мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Ўзбекистонга берган тавсияномаларида айнан суд ҳуқуқ тизимининг силоҳотлари ҳақида айтилади. БМТ мулозими бу соҳадаги муаммолар ҳал этилмас экан, мамлакат жаҳо ҳамжамияти билан сиёсий ва иқтисодий интеграцияларга эриша олмаслигини баён қилади. Биз эса ойни этак билан ёпиб, соҳадаги муаммоларни яшириш билан овврамиз.

Ҳаким Абдусатторов, ҳуқуқшунос

fb