Адолат қилинг, жаноб қози!

61978

Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқ́уқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди, деган эди президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида.

Ана шу чақириқларга мутаносиб равишда бугунги ЖИБ Сергели тумани суди судьяси Баҳодир Юсупов раислигида тадбиркор ака-укалар Ойбек ва Элдор Миралиевлар устидан ўтаётган суд жараёнининг навбатдаги мажлиси адвокатларнинг суд таркибига “отвот” беришига қарамай давом эттирилишини кузатарканман, хаёлимдан ўтган фикрларни қоғозга туширишга тўғри келди.

Афсуски, шунинг ўзи судьянинг ишни бир томонлама олиб бораётганидан, Бош прокуратура томонидан илгари сурилган сохта айбномаларни қонунлаштиришига ҳаракат қилаётгандек гумон уйғотади кишида. Ҳолбуки, шу йилнинг 25, 26 июнь кунлари Тоштурмада ўтказилган суд жараёнларида суднинг ҳимоя тараф илтимосномаларини асоссиз равишда рад этаётгани, одил судлов принципларига амал қилмаётгани боис суднинг бутун таркибига рад берилганди. Бугунги судда эса судья ўзига берилган радни рад қилди.

Судья ўзига берилган отвотни рад қиларкан, суд мажлисларини ҳали бери тугатмаслиги, шунингдек, гувоҳларнинг барчасини тўла сўроқ қилишини таъкидлаБ процесс иштирокчиларини юпатгандек бўлди. Аммо суд мажлиси очиқ ташкил этилмаётгани, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг мажлисга киритилмаслиги унинг хатти-ҳаракатларини шубҳа остида қолдириши табиий.

Камина мазкур ишни анчадан бери кузатиб келмоқдаман. Тан олиш керак, аввалги суд мажлислари очиқ, ошкора ўтган. Суд мажлисларига журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва судланувчиларнинг қариндошларининг иштироки таъминланган. Бироқ ўшанда ҳам суд судланувчи Элдор Миралиевга қўйилган айбловнинг абсурд экани борасидаги адвокатларнинг фикрини қувватламаган, унинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришни рад қилганди. Ҳолбуки, Элдор Миралиевга қўйилган айбларнинг сохта экани гувоҳларнинг илк кўрсатмалариданоқ ўз исботини топган эди.

Юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ карантин қоидалари амал қиларкан, оиласининг ёлғиз боқувчиси бўлган Элдор Миралиевнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш суд ишининг моҳиятини ўзгартирмас эди. Мен судни мониторинг қилувчи бир ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида амалиётда судларнинг инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб, судланувчиларга енгилликлар бериш ҳолатларин кўп кузатганман. Афсуски, Эрон ҳукумати бундай шароитда 76 минг маҳкумга авф эълон қилгани ҳолда бизнинг судларимиз оддийгина енгиллик яратишни ҳам эп кўришмади.

Кузатувчилар билан мулоқотда бўларкансиз, бу йигитларнинг қонунбузарлик деб аталаётган жиноят иши Ғафурбой томонидан уюштирилган провакация эмасми, деган гаплари тез-тез қулоққа чалинади. Афсуски, бу гапларда жон борга ўхшайди. Аксинча, суд гуманизм ва одамийлик принцияларидан келиб чиқиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган бу каби жиноятларни кўришда эҳтиёт чоралари ўзгартириши мумкин эди.

Энди бугунги судга қайтсак, жиноят ишида асосий гувоҳ бўлиб ўтган, судда сўроқ қилиниши шарт бўлган Ғафур Раҳимов учун Ўзбекистон оқнунлари, суднинг уни сўроқ қилиш ҳақидаги ажрими имконқадар бажарилиши лозим эди. Боиси, яна такрор айтаман, карантин шароитида судланувчиларнинг қамоқда ўтириши ва болаларнинг қаровсизлиги кишида ғамгин таассуротлар уйғотади.

Нега Бош прокуратура Раҳимов жанобларига айнан дам олиш ва сайлов куни бўлган 2019 йилнинг 22 декабрида узундан узоқ кўрсатмалар беришига шароит яратади-ю, суд айби исботланмаган Элдор Миралиевнинг эҳтиёт чорасини ўзгартиришга қолганида оқсайди?! Бу ерда қани ижтимоий адолат, қани инсонпарварлик ва гуманизм тамойиллари?

Бундан ташқари адвокатларнинг Бош прокуратура терговчиларини гувоҳ сифатида сўраш борасидаги илтимосномалари қаноатлантириладими-йўқми, буниси ҳам шубҳа остида. Ҳолбуки, суд мажлислари давомида исботини топмаётган иддаоларга муҳтарам терговчиларимиз жавоб бериши лозим бўлади.

Назаримда, суд давомида адвокатлар томонидан келтирилаётган рад қилиб бўлмас далилларга суд ўз вақтида ҳуқуий баҳо бериши лозим эди. Аксинча, суд уларга ҳуқуқий баҳо беришни ортга қолдириб, судланувчилар, уларнинг яқинлари ва жамоатчиликда ишга нисбатан етарли даражада хавотирлар уйғотмоқда.

Муҳтарам президентимизнинг чиқишларида мамлакатда суд-ҳуқуқ тизимини яна-да такомиллаштириш ва судьяларнинг оиллигини таъминлаш юзасидан кўп яхши муждалар айтилмоқда. Аммо карантин қоидалари баҳона судларнинг тўлиқ ёпиқ шаклга ўтиши “… арпа уни баҳона” деган ҳолатларни кўз олдингизга келтиришингизга асос бўлади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторида ўтказилган суд мажлисларида фуқаро Зиёвуддин Ҳожиниёзов ва Наталья Шоназароваларнинг берган кўрсатмалари судланувчиларнинг нақадар қабиҳ ва сохта айбловлар билан ўтарганини яна бир марта исботлади. Гувоҳ Фарруҳ Бахтиёровнинг судга тақдим қилган ака-ука Миралиевларни қаматиш “план”и акс этган аудио ёзувлар эса ишнинг аввалдан уюштирилгани ва тадбиркорларнинг қамалиши қабиҳ режа эканини фош этди.

Судланувчи Ойбек Миралиевнинг май ойи бошида Тоштурмада юрак хуружига учраб, Кардиология марказида юракка сунъий стенд қўйдирганини эшитиб даҳшатга тушдим. Бундан ташқари уни сурункали қандли диабет безовта қилаётгани унга нисбатан ҳам эҳтиёт чорасини ўйлаб кўриш кераклигини кўрсатмоқда.

Инглиз адиби Адам Смидт: “Одамлар адолатни севишлари учун уларга муқаррар адолатсизликларнинг оқибатларини кўрсатиб турмоқ зарур” дейди. Адиб ўз фикри билан суд бўладими, бошқа маҳкама бўладими, унда жамоатчилик, кишиларга асл ҳолатни кўрсатиб турадиган журналистлар иштирокини таъминлашни айтади. Аммо Ўзбекистон Олий суди Раёсати коноравирус пандемияси туфайли жамоатчилик учун судларнинг очиқ ва ошкоралигини йўққа чиқарувчи норматив акт қабул қилибди. Афсуски, бу жамиятимизда тузатиб бўлмас маънавий жароҳатлар қолдиради.

Жамиятнинг маънавий соғломлиги ундаги адолат ва тенглик мезонлари билан ўлчанаркан, саволни яна қайта ўртага қўяман: нега Бош прокуратуранинг эшиги дам олиш куни ҳам ҳашаматли машиналарда юрадиган авторитетларга очилади-ю, президент олқишлаган тадбиркор ва халқ фарзанди юрак хуружига учраган кўксини қамоқнинг зах деворига бериб ётишга маҳкум?

Ўйлаб кўрайлик, азизлар, ислоҳотлар ура-урачилик, ялтироқ чақириқлар билан кетмайди. Қачонки, юзлаб, минглаб Элдорларнинг, Ойбекларнинг юрагида адолатга ишонч, мамлакат тузумига ишонч уруғларини қадай олсаккина, ислоҳотларнинг рўёбига эришамиз.

Энди бунақаси кетмайди, жаноб қози!

Бек Сафо, ҳуқуқ ҳимоячиси