Терговчи фирибгарга ён босмоқда

Муҳтарам президентимиз юксак минбардан туриб, бор-йўғи 2 та иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман, дегандилар. Бу гап тадбиркорларга қанот бўлди, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи институт ва тизим яратилди. Бизнес-Омбудсман, прокуратура идораларининг тадбиркорлик субъектларига бириктирилиши кўплаб ишбилармонларнинг жонига оро кирди. Афсуски, замоннинг шиддати, сиёсатнинг йўналиши қаёққа қараб кетаётганини билмайдиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳам кўп шекилли.
Пойтахтнинг Сергели туманида истиқомат қилувчи 33 яшар Фахриддин Хушвақтов ҳам фирибгарларнинг тузоғига тушган, бу ҳам етмагандек терговчилар ҳам унинг бошини силамаяпти. Ҳам молига куйиб, ҳам жони оғриган тадбиркорнинг жонига оро кирадиган биров йўқ. Аксинча, унинг ўзини жиноятчига чиқаришмоқчи.
Фахриддин 2019 йил февраль ойидан бери “DE REON” МЧЖ таъсисчиси. Ширкат улгуржи савдо фаолиятини юритиш учун очилган. У 2019 йилнинг март ойида фуқаро Зебо Собирова билан танишади, Зебо эса унинг тадбиркорлигини билиб, ўзининг меҳмонхона бизнеси билан шуғулланишини, уларнинг бирини ижарага бермоқчилигини айтади.
Кейинчалик фирибгарлик бўйича жиноят иши фигурантига айланган Собирова Яккасарой тумани Катта Миробод 1-тор 18-уй манзилида жойлашган меҳмонхонага мўлжалланган қурилиши тугалланмаган бинони кўрсатади. У бинони тўлиқ таъмирлаб, ишга тушириш учун маблағи йўқлигини, ҳозир уни ижарага бериши мумикнлигини гап орасида қистириб ўтади. Таъмир учун атиги 12 200 доллар етмаётганини, шу бинони ишга туширса, унга фойдаланиш учун беришини айтиб, тадбиркорни ишонтиради.
“2019 йил март ойинин
г охиридан бошлаб, 4 апрель кунига қадар Зебога жами 12200 АҚШ доллар миқдоридаги пулларни бердим. Собирова Зебога 9 июль куни Миробод тумани 1-тор кўча 4-уйни ижрага бераман дегани учун 9000 АКШ доллари, 12 июль куни яна 9000 АКШ долларини қизини тўйига пул керак, ижара билан суришиб кетамиз деб олган” дейди тадбиркор.
Хуллас, содда тадбиркор баракали бизнес иштиёқида шу аёлга 23 май куни яна 3000 АҚШ доллари, Ҳаж зиёратига бориб келиши учун яна 6000 АҚШ доллари миқдорида пул беради. Бу ҳолатлар “Минг бир кеча” асарида фирибгар савдогар Маъруфнинг “Карвоним келгач, ҳаққингни оласан” дея бутун шаҳарга фириб берганини эслатади.
Хуллас, бизнес юришиб, ижара шартномаси имзоланади. Тадбиркор меҳмонхона ижараси учун «DЕ REON» ширкатидан “Сафия Шайх” МЧЖ ҳисоб рақамига 2 500 000 сўмдан икки марта — 5 миллион сўм ўтказади. Кейинчалик билса, ушбу меҳмонхона ҳатто “Сафия Шайх” МЧЖ балансига киритилмаган экан. Аслида меҳмонхона эгаси Собирова Зебонинг қизи Сафия Шайх Назими экан.
Худо ҳалолидан берсин, деб тадбиркор меҳмонхонани эпақага келтириш учун жами 54 000 АҚШ доллари сарфлади. Кўрпа-тўшакдан тортиб, ҳаммасини нолдан яратди. Ора сирада Зебонинг усталари ҳам ичкари қисмларга ёрдам берган бўлди, аммол буларнинг барчасининг пулини тадбиркор тўлади. Бунинг ҳаммасига ҳужжатлар бор.
“Меҳмонхона бизнесига лицензия олганимдан сўнг 2019 йилнинг 23 майдан 4 июль кунига қадар меҳмонхонада иш юритдим. Июнь ойининг бошларида Сафо Исмоил исмли Германия фуқароси келиб, меҳмонхонани кўрди. Уни юксак даражада таърифлаб, инвестор бўлмоқчилигини айтди. Расмларга тушириб, шерикларига жўнатган бўлди. Мен содда уни ҳақиқатан пулининг ҳидига чидай олмаётган инвестор деб ўйлабман. Мулозамат қилдим, қарз сўраса бердим. Пулларимни икки-уч марта ўз вақтида қайтариб, ишончимга кирди” дейди тадбиркор.
Ойнинг охирларида Исмоил Сафо Аймал исмли Афғонистон фуқаросини бошлаб келади ва тадбиркорга ҳаммасини кўтарасига сотиб олмоқчси эканини айтади. “Харажатингни айт ва фирмадаги улушингни бизга сот!” дея таклиф киритади. Содда тадбиркор ҳозиргача меҳмонхонага 76 190 АКШ доллари ва 63 680 000 сўм харажат қилганини чўтга ташлаб, ҳисоблаб чиқариб беради.
Меҳмонхонадаги қўшимча қўшимча жиҳозлар ва ўзига тегишли қисми билан 84 000 АҚШ доллари санаб беришса, уларга фирманининг ўзига тенишли улушини беришини айтди. Ҳатто меҳмонхонанинг ҳақиқий эгалари билан таништириб қўйишини айтиб, меҳмонхона соҳибаларини чақиради. Иш пишади, нотариус куни белгиланади ва 2019 йил 3 июль куни Аймал билан Сафо Исмоил уни Бобур паркининг олдидаги Шерзод исмли маклернинг офисига чақиришди.
Ажнабийлар битим ҳисобидан икки марта 20 000 АҚШ долларидан, жами 40 000 АҚШ доллари беришади. Сўнг айниб қолиб, пулларини қайтариб олишади, аммо ўзларининг номига ўтган мулкни қайтариб беришга шошилмайди. Сафо Исмоил ҳар куни бир нарсаларни баҳона қилиб, тадбиркорнинг олдига серқатнов бўлиб қолади. Меҳмонхонани ўз номига қайта расмийлаштириб беришини талаб қилганида, ишни пайсалга сола бошлашади. Орада Зебо Собирова ишга аралашиб: “Жиҳозларнинг бир қисми меники эди” деб хархашага тушади.
Буюк изқувар Эркюл Фуаррони ҳам чалғитиб қўядиган бу ишкалли масаладан боши гангига тадбиркор нобоп шерикларига 700-800 миллион сўм атрофида кроедит олмоқчи бўлаётганини айтиб қўяди. Жонкуяр Сафо Исмоил кредитнинг ноҳаллоллиги ва бебаракалигини айтиб, Аймалдан қарз олиб беришга кўндиради.
“2019 йил 12 июль куни Сафо Исмоилнинг таклифига асосан биз Яккасарой туман 1 -сонли давлат нотариал идорасига бордик нотариус олдига киришимиздан олдин Сафо Исмоил менга Аймал ўзи билан 120.000.000. сум ва 17.000 AKШ доллари олиб келганлиги, ҳозирча шу пулни олиб туришимни Аймал менга жами 714.000.000.сум беришини, ва 714 000 000 сўмга қарз шартномаси тузиб қўяверишимиз лозимлиги, чунки Аймал Афгонистонга кетаётганлиги сабабли Тошкентга қайтиб келиши қийинлиги, қолган пулларни Аймал Афгонистондан туриб банк орқали жўнатиб туришини айтди. Мен бунга розилигимни берганимдан сўнг Аймал менга 17.000 АКШ долларини берди, берилган пулдан шу ернинг ўзида Сафо Исмоил 4000 АКШ доллари, Шерзод маклер 4000 АКШ доллари санаб олишди 9000 АКШ долларини мен узим олдим ва нотариус олдига кириб 714.000.000 сўмга қарз шартномаси тузган бўлсак-да нотариус олдида Аймал менга 120 000 000 сўм берди. Хуллас, жами бўлиб 110 000 долларга чув тушдим” дейди тадбиркор.
Хуллас, бунақа калаванинг учун қаергадир ғойиб бўлган ўйинда тадбиркор ютқазди. Тадбиркор ақлли одамларнинг гапига кириб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят қилди. Ҳали мелисага иши тушмаган, прокурорнинг совунига кир ювмаган йигитнинг шундан сўнг ташвиши бошланди.
“Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан иш қўзғатилди, хурсанд бўлдим. Ташвишларимнинг ниҳояси кўринди деб ўйладим, аммо гап терговга келганида тергов фирибгардан ёмон экан. Яқинда интернетдан ўқиб қолдим: иш менга нисбатан очилган экан! Мен кимнингдир шахсий кафиллиги билан тоза ҳаводан нафас олиб турган эканман! Мени гувоҳ сифатида сўрашган эди. Шахсий кафиллик, жиноят ишида гумондор… бу етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди” дейди тадбиркор.
Хуллас, Бектемир тумани ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари терговчиси Феруз Очилов канцелария ходими Ҳусан Бойматов орқали тадбиркорнинг ҳақлиги, фақат ундириладиган пулодан фоиз олиб берсагина, уни қамоқдан олиб қолишини айтади. Тадбиркор гўё рози бўлади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига хабар беради. Канцелярия ходимини пора устида ушлашиб, 10 йилга қамашади, терговчи эса ишдан бўшаш билангина қутилиб қолади. Энди уни бутун шаҳар “ходим”лари ёмон кўриб қолишган, фақат қамаш билан қўрқитишмоқда.
Тадбиркорнинг фирибгарлар тўдасига чув тушишининг қисқача тарихи шу. Тошкентда уни ҳимоя қиладиган, ишни очиб берадиган тероовчи топилмаяпти. Эркюл Фуқарро ёки Шэрлок Холмсни ёллашнинг имкони йўқ, улар китобларда. Тадбиркорни бошига кўтаришни ваъда берганларга минг бир тўсиқ оша етиб бориб бўлмайди…
Беҳруз Ҳаким