Ўзбекистон сиёсий тизимининг иммунитетини ўйлаб

67955986_10219246170441495_8363045634554462208_o

Давлатлар ҳам инсонларга ўхшайди. Баъзиларини ижтимоий, иқтисодий, сиёсий бўҳронларга, инқирозларга бардошлилик даражаси юқори бўлса, бошқаларида паст бўлади. Давлатларнинг иммунитети – улардаги ҳукуматларнинг легитимлиги билан, аҳолининг вазиятдан рози/норозилиги билан ўлчанади.

Ўзбекистон кейинги уч йил ичида изчил ўзгаришлар оғушида эди. Лекин, тўсатда, ушбу коронавирус, биздаги вазиятни ҳам тубдан ўзгартирди. Иқтисодий жонланишни, ижтимоий фаолликни музлатди.

Ўзбекистон сиёсий тизими ҳам, бошқа давлатлар каби, ўзининг иммунитетини мустаҳкамлаш учун, ғоялар, лойиҳалар, ташаббуслар, ишлар амалга ошириши керак бўлади. Президент Мирзиёев шу пайтгача “келаётган йиллар қийин бўлади” деб, кўп марта айтди. Янги вазиятда, ушбу фикрни устига квадрат қўйилди, вазият бир неча баравар мураккаблашди. Кейинги ойларда, мен бу борадаги ўзимнинг фикр ва қарашларимни билдиришга ҳаракат қиламан.

Ҳозирча эса, битта оддий фикр хаёлимдан кетмаяпти. Бу тажриба бошқа давлатларда кузатилди. Ўзбекистон қамоқларидаги барча маҳбусларни қўйиб юбориш – жамият томонидан, маҳбусларнинг яқинлари томонидан ижобий қабул қилинар эди. Бу, давлатнинг ҳам катта ресурсларини бўшатиб, бўшаган куч-қувватни вирус билан курашишга сарфлаш имкониятини берар эди.

Уни устига, агар қамоқлар бу вирусни ташув ўчоғига айланса, ва маҳбуслар қамоқда нобут бўлишса – бу давлат учун ҳам, маҳбусларнинг яқинлари учун ҳам фожеа сифатида қабул қилинарди. Ҳозирги холат – жамият учун хавфли бўлмаган барча маҳбусларни қўйиб юборишга қулай вазият. Буни жамият олқишларди, дунё ҳамжамияти тўғри қабул қиларди. Балки, бу ҳақда ҳукумат ўйлаётгандир – агар шундай бўлса, бу жуда яхши қадам бўларди.

Камолиддин Раббимов