БИЗ РОСТДАН ҲАМ БАҒРИКЕНГМИЗМИ?

“Энг қабиҳ ишлар аслида олижаноб шиорлар остида амалга оширилади” дейди адиб Сенека. Ҳақиқатан ким инсонпарварлик, бағрикенглик ва толерантлик ҳақида баралла сўзлаётган бўлса, албатта унинг ишини тафтиш қилмоқ зарур.
Буни эслашимга сабаб дунёга келган коронавирус туфайли Эрон ҳукуматининг 90 минг нафар маҳкумга авф эълон қилгани, ўзиинг бу инсонпарварлик амалиётини бошқаларга ўхшаб кўз-кўз қилмаётгани, жаҳон афкор оммаси наздида “очко” олишга уринмаётгани бўлди.
Бизда эса телевизорнинг қулоғини бурасангиз, бирор газетасимон нашрни варақласангиз, гап инсонпарварлик, бағрикенглик ҳақида кетади. Лекин амалда ҳали айби исботланмаган, жамият учун хавфи катта бўлмаган жиноятлар содир этишда гумонланаётганларнинг арзимас сабаблар билан шундай оғир кунларда ҳам бола-чақаси меҳридан мосуволиги кишининг дилини хуфтон қилади.
Биз бағрикенгмизми? Менимча, йўқ. Кеча бир таниш адвокат билан кўришдик, терговдан келаётган экан. Ажабланиб, бугун ҳам тергов бўладими, ишхоналар тақа-тақ бекилган бўлса, уйда ўтирмайсизми, деб сўрадим. Адвокат тергов ишларининг коронавирусга қарамай давом этаётгани, кишиларнинг сўроқ қилинаётгани ҳақида гапира кетди. Гап орасида юртимизда қонунбузарликларга риоя этилишининг мазмун-моҳияти кимнинг бўлса ҳам айбини бўрттириб кўрсатиш, уни жавобгарликка тортиш устивор эканини гаплашдик. Шу боисдан ҳам мамлакатда коронавирус пандемияси кечаётган ҳозирги ваҳимали кунларда ҳам Сенатимиз адвокатларнинг телефон сўзлашувларини эшитиш ҳақидги Бош прокуратура ташаббуси билан йўналтирилган қонунни тасдиқлади.
Аслида бу мамлакатдаги суд-ҳуқуқ ислоҳотларига берилган жуда катта зарба эканини ҳозир халқимиз тушунмаётгандир, аммо замонавий давлатчилик ва идора услубларидан хабардан теран одам тушуниб турибди.
Коронавирус штабидан олиб берилаётган махсус репортажлар доирасида Ички ишлар вазири ўринбосари Икромов жазони ўташ жойлари, тергов изоляторларида ҳақиқатан ҳам аҳволнинг жиддийлиги, у ерда, худо кўрсатмасин, коронавирус тарқайдиган бўлса, оғир оқибатлар бўлиши мумкинлигини айтди. Ҳар 4 соатда изолятор ва жазо колонияларининг дезинфекция қилинаётганини таъкидлади.
Бироқ шунинг ўзи етарлими? Маҳкумлар, ҳали айби исботланмаган, бунинг устига исботланмаслиги дастлабки суд маҳкамасида аён бўлиб колган гумондаорларни ушлаб туриш, уларни ота-онаси, болалари меҳридан маҳрум қилиш ҳақида кимдир ўйлайдими?
Эронлик адвокат Сафо Ҳаририй “Ал Жазира” телеканали орқали ҳукуматнинг минглаб маҳкумларнинг озод қилинганини олқишлаб, мазкур авф мсоҳиятини изоҳлагани интервьюси эфирга берилди. Адвокатнинг таъкидича, Эрон ҳукумати бундай амалиётдан жуда катта миқдорда молиявий, ташкилий фойда кўради. Қолаверса, мамлакат изоляция қилинган, ҳеч ким жонидан қўрқиб ҳатто кўчага чиқолмайдиган даврда нега маҳкумларни ушлаб ўтириш керак, дейди адвокат.
Унди бизниклар нимани ўйлашяпти, деган савол пайдо бўлади.ю Мамлакат Қуролли Кучларининг Олий бош қўмондони бўлган президент томонидан мамлакатда деярли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Кўзчага чиққан одам жаримага тортилади, карантин қоидасини бузсанг 10 йилга қамаласан. Унда ҳеч бўлмаганда ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган жиноятларни содир этишда гумонланганларни ушлаб туришдан нима мантиқ?
Юқорида айтганимиздек, аслида энг қабиҳ ишлар олижаноб шиорлар орқали амалга оширилади. Биз ҳар куни инсонпарварлик даъво қиляпмизми, аввало, уни амалда исботлашимиз керак. Аксинча, одамларни алдаяпмиз деб, ўзимитзни алдаб юраверамиз. Олий Мажлис Сенатидаги ақлли намоёндаларимиз, депутатларимиз ана шу ҳолатларни ўйлаб кўришса бўларди.
Беҳзод Саломов,
ҳуқуқшунос