АНДИЖОНДА ЗАМОНА ЗЎРНИКИМИ?

photo_2020-03-17_20-49-48

Андижон вилояти адлия органлари кўмагида 2000 йилда Джабборов Шуҳрат Маҳмудович бошчилик қилган жиноий гуруҳ аъзолари амалга оширган ҳужжатларни қалбакилаштиришдек жиноятни фош қилдик. Яъни, жавобгарларнинг жиноятлари Марҳамат туман прокуратураси томонидан олиб борилган тергов-суриштирув жараёнларида яна бир бор ўз исботини топди.

 

Бироқ айбдорларга жазо бериш муддати ўтиб кетганлиги сабабли ҳамда собиқ нотариус Рўзиохунова Улфатхоннинг ҳужжатларни қалбакилаштирганини ўзи тан олганлиги учун амнистия акти асосида жазодан озод қилиндилар. Натижада фуқаролик ишлари бўйича Асака ҳамда Андижон вилояти судлари мулкни қонунан менга тегишли эканлигини тасдиқлаб ҳукм ўқидилар. Бироқ ҳар сафар ҳукм ижросига навбат етиб келганда Олий суддаги судьялар адолатсизларча ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириб уни тўхтатиб қўйишмоқда.

Олий суддаги жаноб судьяларнинг топиб олган битта-ю битта важлари бор, у ҳам бўлса, айбдорларга жазо бериш муддати ўтиб кетганлиги сабабли мулк уларники бўлиб қолаверармиш. Бу яна қанақанги аҳмоқликки, айбдорлар жазодан қочиб қутилгани билан, бироқ уларнинг ноҳақдан ўзлаштириб олган, лекин ўзгага тегишли бўлган мол-мулки нега ўз эгасига қайтарилмаслиги керак экан энди?! Аввало, мен Олий Суднинг адолатсиз ва саводсиз судьяларидан Джаборов Шуҳрат Маҳмудович ҳамда собиқ нотариус Рўзиохунова Улфатхонни жиноий жавобгарликка тортиб беришни талаб қилмаяпман. Бу ишларни керак бўлса, жиноят ишлари бўйича мутасадди суд идораси кўради. Мен у ерга ариза берганим ҳам йўқ. Аксинча, мен фуқаролик ишлари бўйича суд идорасига мурожаат қилмоқдаман.

Ҳолбуки, мен юқоридаги сабабларга кўра, Андижон вилояти Марҳамат шаҳарининг собиқ Деҳқон бозори ҳудудида жойлашган 5 (беш) хонадан иборат икки қаватли «Омад» деб номланувчи (ҳозирда Andijon region AVIA МЧЖ қарашли «Миллий ва парҳез таомлари» Милано ошхонаси) савдо дўкони ва ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқимни тиклаш ҳамда ўз мулкимга ўзим истаган ҳолда эгалик қилишим учун амалдаги қонунлар асосида ёрдам сўрадим.

Джаборов Шуҳрат Маҳмудович ҳеч бир асоси бўлмаган ҳолда менинг шахсий мулкимни сохталаштириб ўз номига ҳужжатлаштириб олган. Умуман олганда Бош Қомусимизнинг ёки бошқа қонунларимизнинг қайси бандида амал қилиш муддати ўтса, жиноятдан озод бўлиб яна ўша жиноят орқасидан қўлга киритган ўзганинг мол-мулки унинг қўлида қолавериши керак, деб кўрсатилган?!

Биринчидан, мен мол-мулким ноқонуний тарзда ўзлаштирилиб олинганлигидан бехабар қолганман. Акс ҳолда ўз вақтида керакли давлат органларига мурожаат қилган бўлар эдим. Хуллас, турмуш ўртоғимнинг вафотидан сўнг унинг қариндошлари у кишига, жумладан, менга ҳам тегишли бўлган хусусий мулкимизни ноқонуний равишда, яъни ҳужжатдаги менинг имзоимни нотариал идора бошлиғи билан жиноий тил бириктирган ҳолда қалбакиллаштириб ўзиники қилиб олган. Бу ишдан менинг хабарим бўлмаган. Сабаби жиноятчилар ўз қилимшларини мендан узоқ вақт мобайнида сир тутиб келганлар. Мен шу сабабли муаммони ижобий ҳал қилиш мақсадида охири Республика Прокуратураси ҳамда Олий Судга икки ярим йил давомида чексиз маротаба мурожаат қилдим.

Бироқ бу борада ҳеч қандай ижобий натижа йўқ. Масалан, мен охирги марта 12. 12. 2017 йил куни Бош Прокуратуранинг биринчи ўринбосарига ҳамда  ундан жавоб бўлмагач 30. 01. 2018 йил куни Бош Прокуратурага қайта ариза билан мурожаат қилдим. Бироқ мана орадан икки йил ўтса ҳам унга жавоб берилмаяпти. Буни қандай тушуниш мумкин, зеро, адлия органлари фуқаронинг мурожаатига ўз вақтида жавоб бермай ўзлари давлат қонуни бузсалар?

Иккинчидан, ҳозирги кундаги менинг мақсадим, ўша мол-мулкимни қайтариб олиш холос. Жиноятчиларга қарши бошқа ҳеч қандай даъвойим йўқ. Шунингдек, Джабборов Шуҳрат Маҳмудович қўлида ҳеч бир асос-ҳужжатсиз бинони қайта қурганлигини даъво қилиб 5 (беш) хонадан иборат «Омад» деб номланувчи савдо дўкони ва ер участкаси унга тегишли эканлигини қалбаки ҳужжатлар асосида амалиётга тадбиқ қилиб келмоқда.

Аслидачи, у прокуратура суриштируви ва қатор суд жараёнларида бу борада ўзини ҳақ эканлигини исботловчи бирор бир далил-ҳужжатни тақдим қила олмаган: -Гарчи, жавобгарлар савдо дўконини сотилганлигини Қ. Қорабоева 2000 йилда билган ва билиши лозим бўлган эди деб даъво муддатини қўллашни сўраган бўлсада, жавобгарлар (Джабборов Шуҳрат Маҳмудович) кўрсатмаларидан ташқари Қ. Қорабоевани 2000 йилда олди-сотди шартномаси тузилганлигини, сотилганлигидан хабардор бўлганлигини тасдиқловчи ишончли далилларни судга тақдим қила олмади. (Фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилояти апеллация инстанция судининг ажрими 3-302-17. 28. 06. 2017 йил. 9-бет).

Шунинг учун у фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро ва Андижон вилояти ҳамда Фарғона вилоят судларида чин маънода ютқазди. Натижада уч марта қайта-қайта суд менинг фойдамга ижрога рухсат берди. Лекин Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг адолатсиз судьяларининг қўллаб-қувватлашлари билан қонуний ижролар ҳар сафар бекор қилинди. Ҳануз у менинг мулкимга эгалик қилиб келмоқда. Ҳолбуки, Марҳамат шаҳарининг собиқ Деҳқон бозори ҳудудида жойлашган 5 (беш) хонадан иборат «Омад» деб номланувчи савдо дўкони ва ер участкаси расмий ҳужжатлар асосида менга тегишли бўлганлиги учун ҳам бошқаларга ҳисобот бермасдан фойдаланишим мумкинлиги Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 24.09.2004 йилдаги «Якка тартибда қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги» қарорнинг 7-бандида «иморат солувчига унинг оила аъзолари ёки қариндошларининг уй қуришда ёрдам берганлиги фактининг ўзи уларнинг уйнинг бир қисмига бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантириш учун асос бўла олмаслиги» амалиётга тадбиқ қилиниши белгиланган.

Адолатсизликка чек қўядиган кимса Ўзбекистонда борми ўзи? Наҳотки, биз яна адолатсизлик олдида ўзимиз ёлғиз қолган бўлсак. Президент олиб бораётган суд ислоҳатларини адлия органлари, хусусан, суд органлари масъуллари ҳазм қила олмаяптилар.

Учинчидан, Андижон вилояти ва Марҳамат туман прокуратуралари томонидан Джаборов Шуҳрат Маҳмудович бош бўлган жиноий гуруҳ аъзолари ўз айбларини тан олганлари расмий ҳужжатларда ўз аксини топган. Буни 19. 01. 2017 йил кунги Андижон вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Ш. Ж. Тўхтабоевнинг қуйидаги расмий билдиришномасидаги қуйидаги маълумот ҳам тасдиқлаб турибди: -Марҳамат туман прокуратураси терговчисининг 04. 08. 2016 йилдаги (шунингдек, 18. 04. 2017 йилги 15/22-2016 сонли хати) қарори билан Марҳамат туман нотариал идораси собиқ нотариуси Рўзиохунова Улфатхон, Қорабоев Мадамин ҳамда Джаборов Шуҳратбек Маҳмудовичларнинг жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги боис, айблилик масаласи ҳал қилинмасдан туриб Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 64-моддаси 1-қисми, ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этилган.

Мен тилга олган юқоридаги 3 (уч)та важ ўз мол-мулкимни улардан қайтиб олишим учун наҳотки етарли бўлмаса?!

Нима мен бекордан бекор куйиб-ёниб шунча сарсон бўлиб қолавераманми? Қани бу жойда адолат? Қани ҳақиқат ўзи? Бировнинг ҳақи деган муқаддас тушунча қани?! Юртимиздаги туб ўзгаришлар юз бермоқда. Зеро, ижобий томонга кескин ўзгариш вақти бўлган бир вақтда менингдек бир муштипар она ўз мулкимни ноҳақ олдириб қўйиб сарсон саргардонликда ҳақиқатни излаб юрибман. Мен адолатсизлик қурбони бўлмоқдаман!

Андижон вилояти Марҳамат тумани Қорабоғиш ҚФЙ Тошлоқ МФЙ ҳудудида яшовчи Қорабоева Қаноатхондан

тел: +998994771500.