ЖЎРАБЕК НЕГА ҚЎЛИГА ПИЧОҚ ОЛДИ?

Ушбу саволга аниқ жавоб ўрнига судьялар ҳам терговнинг туҳматли айбловини тасдиқлаб, маишатни хизмат вазифаси деб баҳолашди.
Аксарият оналар ҳақми-ноҳақми фарзанди тарафда бўлади. Боласининг айбларини яшириб, сифатларини ошириб мақтаб юради. Бу оналарга хос хусусият. Аммо, сариосиёлик Назокат Исмоилова нақд ўн олти йилга озодликдан маҳрум этилган ўғли Жўрабек Исмоиловни бутунлай оқламаяпти. Балки дастлабки, тергов унга қўйган айбловни ва суд ўқиган ҳукмни ўта даражада адолатсизлик деб, боласига енгиллик беришларини сўраб, муштипар бошини дуч келган маҳкама деворига уриб йиғлаб юрибди. Хўш, аслида нима бўлганди? 27 яшар норғул йигит нима жиноят қилгандики, унга нисбатан бунчалар қаттиқ жазо (ЖКнинг25, 97-моддаси, 2-қисми “а,г, л”бандлари билан )тайинланди?
***
2016 йилнинг 15 июнь тунги соат 21.00да Сариосиё тумани “Гулобод” маҳалласидаги “Афсона” кафесида икки аёл билан еб-ичиб, кайф қилиб ўтиришган ҳарбий кийимдаги тўрт нафар алпкелбат йигит–Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига қарашли “Хонжиза” конининг идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати ходимлари Маҳмуд Саидов, Абдукарим Рўзиқулов, Азамат Джаббаров ҳамда Мансур Примовлар бўлиб бу пайтда улар ўз хизмат жойларида бўлишлари лозим эди. Улар кетмоқчи бўлганларида кафеда пайдо бўлиб қолган Ҳусниддин Акрамов: “Ҳарбий либосда, хизмат пайтида ҳам ичиб юриш мумкинми?”деб гап ташлайди. Бунга ўзларига қаттиқ ишонган йигитлардан бири: “Сенга нима, кимсан ўзинг?” дея “муносиб жавоб” қайтаради. “Мен МХХда ишлайман, сенларга кўрсатиб қўяман?” дея Ҳусниддин ҳарбий либосдаги йигитлар билан гап талашиб қолади. Тез орада даҳанаки жанжал қўл жангига айланиб кетади. Аввалига Ҳусниддин ҳеч бир имкон қолдирмай, Азамат Джаббаровнинг бош қисмига кетма-кет зарба беради. Бироқ, муштлашувга касб тақазосига кўра муштлашувнинг устаси бўлган бошқа шериклар ҳам аралашганини кўрган Жўрабек ҳам таниши Ҳусниддинни ажратиб олиш учун ўзини муштлашаётганлар орасига уради. Муштлари бақувват тўртовлоннинг кучли зарбалари “таъмини таътиб кўрган” Жўрабек М.Саидов ва А.Рўзиқуловларнинг қорнига бир мартадан пичоқ санчиб, шериги билан бундай кучли қуршовдан қочиб қутилиб кетади. Пичоқдан жароҳат олган икки йигит маҳаллий шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий муолажалар натижасида тузалиб кетадилар. ЖИБ Сурхондарё вилоят суди судьяси А.Расулов ўша давр тақазосига кўра, мазкур жиноят ишини Миллий Хавфсизлик хизмати идорасининг босими остида бирёқлама, юзаки кўриб чиқиб, Жўрабек Исмоиловга қўйилган қасддан қотилликка уриниш айбловини тасдиқлаб, юқорида келтирилган 16 йиллик жазо муддати тайинлашга ҳукм чиқаради. Нотантиликни кўрингки, тергов органи ҳам, ҳукм ўқиган судья ҳам айбланувчилар олган жароҳатларга баҳо беришни унутиб, ҳатто жабрланувчилар хизмат пайти, жамоат жойида ароқ ичиб, маишат қилиб ўтирган бўлишса-да, Жўрабек Исмоилов уларни ўлдириш мақсадида қасддан пичоқ санчиб, хизмат вазифасини ўтаётган пайтда, ҳаётлари учун ўта оғир жароҳат етказган бўлиши мумкин? Ахир жаноб судьяларнинг ўзлари уларнинг хизмат жойларида эмас, балки “Афсона”кафесида аёллар билан еб-ичиб ўтиришганини ҳукм матнида такрор ва такрор келтиряпти-ку! Хизмат вазифаси билан маишатнинг фаҳмига бормайдиларми? Қолаверса, Жўрабек Исмоилов уларни ўлдиришни қасд қилиб эмас, шеригини улардан ажратиб оламан деган мақсадда жанжалга аралашиб қолмоқда. Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади:Ж.Я.Исмоиловнинг ҳаракати 97-модданинг 2-қисми “а,г,л”-бандларига тўғри келадими ?Жиноятнинг келиб чиқиш мотивлари қасддан чалкаштирилган эмасми?
Уяли телефонда Саидов Махмуд ва Рўзиқулов Абдукаримларнинг “Судда даъвомиздан воз кечамиз” деб Жўрабекнинг онаси Назокат Исмоиловадан 1000 АҚШ доллар олишганини исботловчи ёзув мавжуд. Улар ҳатто “Бу пулни кетган харажатимизни қоплаш учун ишлатдик” деб тан ҳам олишган. Иш Олий судда кўрилаётганда даъволари йўқлиги ҳақида ариза бериш учун яна катта миқдорда пул талаб қилишган.Шундай ҳолатларни била туриб судьялар нега тайинланган оғир жазони босқичма-босқич тасдиқлаб келишмоқда? Ахир, биринчи босқич суди ва кассация инстанцияси Ж. Исмоиловнинг жиноий харакатида қасддан ўлдириш мақсади борлигини далиллар билан исботлаб бера олмаяпти-ку. Аксинча, ҳукмга жабранувчиларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким тасдиқлай олмаган кўрсатмаларигина асос қилиб олинган. Безорилик оқибатида қасддан одам ўлдириш жиноятини ўзаро жанжал ёки уришиш оқибатида содир этилган қотилликдан (ЖК 97-моддаси биринчи қисми) фарқлаш учун уруш-жанжал ташаббускори ким эканлигини, низо одам ўлдиришда баҳона сифатида фойдаланиш мақсадида айбдор томонидан атайлаб уюштирилган-уюштирилмаганлигини аниқлаш лозим. Агар уруш-жанжал жабрланувчи томонидан бошланган бўлса, ёки низога унинг ғайриҳуқуқий хулқ-атвори сабаб бўлган бўлса, айбдор безорилик оқибатида одам ўлдириш жинояти учун жавобгар бўлмайди.
Биринчи босқич ва кассация судлари Ж.Исмоиловнинг ҳаракатига баҳо беришда юқорида келтирилган раҳбарий кўрсатмага асосланишмаган. Балки, жабрланувчилар МХХ тизимида ишлашларини ҳисобга олиб, битта ҳимоясиз, етим йигитни имконлари борича оғирроқ айблашни маъқул кўришган. Акс ҳолда, “…агар қилмишда Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган квалификация белгилари, шунингдек, мазкур Кодекснинг 98-101-моддаларида назарда тутилган жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмаса, масалан, қотиллик безорилик туйғулари билан эмас, балки ўзаро жанжал ёки уришиш натижасида, рашк туфайли, ўч олиш, ҳасад, адоват, нафрат оқибатида содир этилган бўлса, қасддан одам ўлдириш жинояти ЖК 97-моддасининг биринчи қисми бўйича квалификация қилиниши…”ни етарли билим ва малакага эга судьялар албатта эътиборга олишлари, баданга қасддан етказилган ва жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир шикастни эҳтиётсизлик орқасида содир этишликни қасд туфайли одам ўлдиришдан фарқлашлари лозим эди. Ҳолбуки, жабрланувчилар ҳозирги кунда ҳаёт ва соғлом, улар даъводан кечиш лафзи билан бева аёлдан таъма қилиб олган пулларини еб, ҳазм қилиб юборишган.
Жаноби пайғамбаримиз муборак ҳадисларида жазо беришда адашгандан кечиришда адашган афзал эканини кўп бора таъкидлаганлар. Икки йилдирки, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўлақонли ҳимоя қилиш учун чин маънода адолат ва бағрикенглик эпкинлари эса бошлади. То ҳануз эски давр қолипидан чиқиб фаолият бошлай олмаётган айрим судьялар эса, ҳақиқий адолат ҳимоячисига айланиш ўрнига ҳамон бир пайтлардагидек кўнгилга қўрқув соладиган миллий хавфсизлик хизмати ва бошқа кучишлатар идоралар буровидан қутила олмаяптилар. ЖПКнинг 498-,511-ҳамда 512-моддаларига кўра, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурор
барча инстанция судларининг ҳукмлари ва ажримлари (қарорлари) устидан Протест киритишга ҳақлидирлар. Адлу инсофни эса бозордан харид қилиб бўлмайди. Бу туйғулар фақат ана шу залворли юкни елкага олган софдил инсонлар фитратидагина мувжуддир.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД.