СУД ҲАНУЗ МУСТАҚИЛ ЭМАСМИ?

Мамлакатимиз Раҳбарининг 2017 йил 30-ноябрида “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонга имзо чеккани шу кунга қадар худди трамвай сингари тергов органи қурган “темир из”дан чиқолмай келаётган судлар учун чин маънода мустақил бўлиш имконини берди. Айтиш жоизки, мазкур Фармондан сўнг қисқа муддатда яхши натижалар ҳам кўзга ташланиб қолди.
2017 йилнинг 10 ойидаёқ, судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Бундан ташқари, дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3511 та жиноят иши тугатилган. Очиқ айтадиган бўлсак, атиги икки-уч йил аввал бундай натижага эришиш учун, мамлакатимиз судьяларига юксак билим ва малакадан ҳам ташқари, отнинг калласидек юрак ҳам керак бўларди. Ваҳоланки охирги беш йилда атиги етти нафар шахс оқланганди.
Аммо, аллақандай нотаниш фуқарони деб ҳамкасблари билан муносабатларини совутмаслик истагидами, ё ҳали ҳам тафаккурларини эски давр мудроғи тарк этмаганиданми баъзи бир судьялар дастлабки тергов тўплаган жиноий иш ҳужжатларига таянибгина ҳукм чиқармоқдалар. Фикримиз исботи тариқасида юқорида келтирилган Фармон талабларига зид юритилган хом-хатала бир жиноят ишида йўл қўйилган қўпол қонун бузилишларга тўхталиб ўтамиз:
2017- йилнинг 2-мартида ЖИБ Денов туман суди судьяси Р.Қутибеков фуқаро Ўтаганов Фазлиддин Файзуллаевичга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 177-моддасининг 2-қисми, “б” банди билан айбли деб топди ва энг кам иш ҳақининг 150 баравари(йигирма икки миллион тўрт юз олтмиш олти минг икки юз эллик сўм) миқдорида жарима жазоси тайинлаш ҳақида ҳукм чиқарди. ЖИБ Сурхондарё вилоят суди апелляция инстанцияси(25.04.2017 й) ҳамда мазкур ишни назорат тартибида (27.08.2017 й)кўриб чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳукмни ўз кучида қолдиришди. Адвокатнинг фикрича, қуйида келтирилажак бир талай важларга кўра, олиб борилган тергов ва суд жараёнлари бирёқлама ҳамда асоссиздир.
Аввало ноқонуний валютафуруш Фазлиддин Ўтаганов Сурхондарёнинг Денов шаҳрида яшаса, ундан “жабр кўриш арафасида турган” деҳқонободлик жабрдийда Бош прокуратура ҳузуридаги(ИЖҚК) Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаментининг Денов тумани бўлимига ёки Сурхондарё вилоят бошқармасига эмас, нега айнан Бойсун туман бўлимига ёзма мурожаат қилган? Адвокатнинг уни Бойсун туман департаментининг бошлиғи Ғ.Иззаев билан ҳамшаҳар, эски қадрдон, бундай тадбирларнинг бир нечтасида “жабрдийда ролини ўйнаб юрган актёр” дея гумон қилиб, юқоридаги саволни берганида аризачи Рашид Эшмуродов изоҳ ўрнига: “Бу менинг хоҳишим, шахсий ишим!”дея қўрс жавоб қайтарди. Ростдан ҳам Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида яшайдиган, касал хотинини Ҳиндистонга олиб бориб даволатмоқчи бўлган бир бечора одам сўмни долларига алмаштираман деб, нега 250 километр олисдаги Деновга борган? Деҳқонободнинг ўзида ёки қўшни туманларда валютафурушлар йўқмиди?
Энди судланувчининг берган кўрсатмалари, илтимоснома ва шикоятларида келтирилган қонунбузилишларга тўхталиб ўтамиз :
1. Асл жабрдийдами ё, ёлланма гувоҳми Рашид Эшмуродовни ИЖҚК Бойсун туман департаменти бошлиғи Ғайрат Иззаев уни туҳмат ё ёлғон гувоҳлик берса, оқибати нима бўлиши ҳақида Жиноят процессуал кодексининг 324- моддасига асосланган ҳолда ЖКнинг 238-, 240 моддалари талаби билан огоҳлантирмаганининг ўзиёқ тадбирнинг вак дастлабки терговнинг қонун доирасида бўлганлигини гумон остида қолдирган.
2. Тадбир аслида Фазлиддин Ўтагановни эмас, унинг қайнукаси Бахтиёр Ярматовни тузоқ қўлга олиш мақсадида ташкил этилган. Бироқ, Бойсун, Олтинсой ва Шўрчи туман департаментлари ходимларидан иборат тезкор нўноқликлари боис, беш минг олти юз АҚШ долларига алмаштириш учун ажратилган ўттиз беш миллион саккиз юз қирқ минг сўм пул йўқолиб қолади. Гумонланувчини қочириб, боз устига “хўракни” ҳам йўқотиб қўйган Департамент ходимларини эса, табиийки юмшоқ жазо кутмасди!
3. Шундан сўнг, жиноят ишига: “Бахтиёр Ярматовни қўлга олиш пайтида воқеа жойида унинг поччаси Фазлиддин Ўтаганов ногоҳ пайдо бўлиб тадбирга халал берди ва пулни олиб қочди!..” деган қўшимча жумла киритилади. Агар шундай бўлганида қидирув эълон қилиниб, қўлга олиш учун тезкор чоралар кўрилган бўлур эди. Аммо, Фазлиддин ўша оқшом ўз уйида хотиржам ухлаган ва эртаси поездда Тошкент шаҳрига жўнаб кетган.
4. Бундан ташқари, жиноят иши билан номутаносиб бир талай ҳолатлар мавжуд. Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи мазкур тадбирни ўтказиш буйруғини имзолаётган бир пайтда “жабрдийда” Рашид Эшбоевнинг аризаси эндигина 120 километр олисдаги Бойсун туман бўлимида қайд этилган эди. Қолаверса, Бойсундан Шўрчи, Олтинсой, Денов туманларигача бўлган масофа ҳам бир кунлик йўл бўлса. Жабрдийда гувоҳ реактив самолёт тезлигида ҳаракат қилганда ҳам бир пайтнинг ўзида вилоятнинг учта туманида бўлишига ишониб бўлмайди.
5. Вилоят департаменти бошлиғининг буйруғи билан қайси банк муассасасидан қанча миқдорда ва қандай купюралардан иборат пул олиниши, бармоқ излари қолиши учун унга тегишли тартибда махсус кимёвий ишлов берилмоғи ва бу пуллар айнан кимнинг жавобгарлигига ўтказилиши тўғрисида баённома тузилиши шарт эди. Адвокат бундай ҳужжатларни семизгина жиноят иши жилдини титкилаб ҳам топа олмаганини таъкидламоқда. Агар топилса, бизларни маъзур тутгайсиз. Қолаверса, қўлга олиш тадбирида фойдаланилган аудиоёзувда Фазлиддин Ўтагановнинг бу ишга алоқадорлигини далилловчи ҳеч қандай гап-сўз йўқ.
6. “Тадбир ўтказилаётган пайтда мен воқеа жойида эмас, уч минг доллар қарзимни ундириш учун поездда Тошкент шаҳридаги эски танишим Мақсуд Абдуллаевнинг уйига бораётган эдим, – дейди судланувчи ўз аризасида. – “Пулни олиб қочганим учун” менга нисбатан жиноят иши очилганини, телефонда қариндошларимдан эшитдим. Улар иложи бўлса, Тошкентдан қайтиб келмаслигимни ва яширинишимни тайинлашди. Соппа-соғ бошимга оғриқ кирди. Нега яширинишим керак? Бу қайтанга кўпроқ айблашлари учун баҳона бўлмайдими? Тасодифни қарангки, қайнукамга тузоқ қўйган сохта каби Рашид Эшбоев каби, менга уч минг доллар қарзини бермай юрган мезбон Мақсуд Абдуллаев ҳам Бойсун туман департаменти бошлиғи Ғайрат Иззаевга қадрдон таниш чиқиб қолди. Мақсуд қарзимни қистамай турсам, орага тушиб мушкулимни осон қилишини айтди. Унинг хабари билан мени Тошкентда ҳибсга олишиб, Термиздаги тергов изоляторига жўнатишди. “Энди аҳволим нима бўлар экан?” деб ётган кунларимнинг бирида ҳибсхонага яна ўша қарздор танишим Мақсуд Абдуллаев билан кекса ва касал отамни эргаштирганча вилоят прокуратурасининг терговчиси Ш. Мамирқулов кириб келди.Отам мени кўриши билан бағрига босганча: “Болам, шу ўттиз беш миллион бошимиздан садақа бўлсин, иқрор бўлиб қўл қўйиб бер, акс ҳолда тўққиз йилга кесиб юборишар экан, ҳаммасини тўлай олмасанг, манови ўртоғинг ҳам ёрдам берар экан, сени кўрмай ўлиб кетмайин, қайсарлик қилма, болажоним…” дея ҳўнграб йиғлаб юборди. Адвокатимни чақиришларини сўрасам, “Ўз отанг адвокатчалик меҳрибон эмасми? Нима қиласанг ўша алдаб пулингни олиб, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган шайтонларни? Сенга адвокат керак бўлса, ўзим топиб бераман!” деб терговчи уришиб берди. Обдон алдаб, қўрқитилган шекилли, отам ҳам улар томонда туриб: “Ишқилиб, менга соғ-омон турмадан чиққанингди кўриш насиб этсин” дея йиғлаб, қистайверди. Ноилож пушаймонлик аризаси ҳамда хотинимнинг номига қариндош-уруғлардан қарзга пул йиғиб, вилоят прокуратурасига топширишни тайинлаб хат ёзиб бердим. Терговчи эса, орадан бир кун ўтиб, яна турмага қайтиб кирди-да, ўзи илгаридан компютерда ёзиб келган сўроқ протоколлари ва яна қандайдир қоғозларга имзо чектириб олди. Бу қоғозларда мен умримда кўрмаган ва эшитмаган “адвокат Р.Тошев” деган имзосиз ёзув ҳам бор эди…”
7. Бу гапларга ишонмайлик десак, қўлимизда Сурхондарё Сурхондарё вилояти ИИБ УЯ 64\8-тергов ҳибсхонаси бошлиғи Қ.Қ.Маҳматқуловнинг “…2016 йилнинг 19-,21- ноябрь кунлари вилоят прокуратураси терговчиси Ш.М. Мамирқулов Абдуллаев Масуд Бобохонович ҳамда Ўтаганов Файзулло Тоғаевич(Фазлиддиннинг отаси)лар иштирокида “Ноутбук” билан тергов ҳаракатлари олиб борганлиги”ни тасдиқловчи маълумотнома(14.02 2017й) мавжуд.
8. Терговчиси Ш.М.Мамирқуловнинг айбланувчини қамоқхонада эмас, балки, “…вилоят прокуратураси биносида, ўз хизмат хонамда қонун талабларига риоя қилган ҳолда, ҳимоячи Р.Тошев иштирокида сўроқ қилдим…” деган жумлаларига ишонайлик десак, Тергов ҳибсхонаси бошлиғи маълумотномасида маҳкумнинг турмадан олиб чиқиб кетилганлиги ҳақида ҳеч қандай гап-сўз акс этмаган.
9. Айбланувчи ва адвокат фикрича, Сурхондарё вилоят прокуратурасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Ш.М.Мамирқулов айбланувчига шу тариқа руҳий босим ўтказиб, мақсадига эришгач, ўзи аввалдан компютерда ёзиб келиб, айбланувчига имзолатиб олган сўроқ баённомасининг ҳар бир саҳифасига имзо чектиришни унутмайди-ю, аммо, негадир қўлга киритган ҳужжатларини махсус дафтарга қайд эттирган ҳолда ҳибсхона маъмуриятига топширишни унутиб қўяди. Негадир, ҳибсхона маъмурияти ҳам буни терговчидан талаб қилмаган. Мантиқан, бу ҳужжатлар ҳибсхона раҳбариятининг имзоси ва муҳри босилган хатжилд орқали жиноий иш материалларига бориб қўшилиши шарт эди. Ҳибсхонага терговчи билан бирга кирган ва сўроқ жараёнига бевосита гувоҳ бўлган айбланувчининг отаси Ўтаганов Файзулло ва Абдуллаев Масудларнинг исм-шарифлари баённоманинг ҳеч қаерида келтирилмаган. Улар гувоҳ тариқасида ЖПК талаблари доирасида огоҳлантирилмаган ҳам.
8. Оиласини катта қарзга ботириб тўловни амалга оширган Ф.Ўтаганов “судланган” тамғаси билан бўлса-да, қамоқдан чиқди. Аммо, англаб бораётганингиздек, кечаётган барча жараёнларда айбланувчи ва гумонланувчиларнинг ҳимояланиш ҳуқуқлари терговчилару судьялар томонидан бехосдан эмас, қасддан бузилаётганга ўхшайди. Айбланувчининг хоҳиши билан эмас, терговчи Мамирқуловнинг босими билан “орага тиқиштирилган” адвокат Р.Тошев деганлари тергов изоляторида бўлганми-йўқми, бу ҳам аниқ эмас. Сўроқ баённомасида имзоси ҳам, тергов ва суд мажлисларида ўзи ҳам кўринмаган. Ҳибсхонага кирган бўлса ҳам бир марта кўзга ташлангану қайта пайдо бўлмаган. Агар ўшанда ҳам терговчи найранг ишлатиб, бошқа бировни кўрсатмаган бўлса. Нега у сўроқ протоколига имзо чекмаган? Нега ўзи билан айбланувчининг отаси ва ундан қарздор гувоҳни олиб кириш учун қамоқхона раҳбариятидан рухсат сўраган терговчининг хатида ҳам, юқорида келтирилган Тергов ҳибсхонаси бошлиғининг маълумотномасида ҳам адвокат Р.Тошевнинг номи йўқ?
9. Қўрсроқ қилиб айтганда, Фазлиддин нега ўз-ўзини қарздорлик занжири боғлаш эвазига озод бўлди? Бунинг ўрнига “ўғирлаб қочган” тадбир пулини қайтарса бўлмасмиди? Гарчи, сўроқ баённомасида айбланувчининг олиб қочилган тадбир пулларини ўзи қарздор бўлган қандайдир Ориф деган танишига берганлиги келтирилган бўлса-да, ЖИБ Денов туман суди судьяси Р.Қ.Қутибеков эса, ҳукм матнига айбланувчи Ф.Ўтагановнинг хотини Дилфуза Ярматова қариндош-уруғларидан қарзга йиғиб келиб топширган пулни “…тадбир учун ажратилган пулларни ўз ихтиёри билан олиб келиб топширди…” деган жумлани киритиб ўтирибди.
Саволни Абдулла Қаҳҳорчасига қўядиган бўлсак: “Ола ҳўкиз йўқолмасдан олдин бормиди ўзи?”
10. Ҳақиқатни қарор топтиришга ўзида куч тополмайдиган одамларга Адолат тарозисини ишониб топширса нима бўлади? Бу тарозининг масъулияти оғир. Журъатсизлар унинг шаъйини қўлларида тенг тутолмайдилар. Адолатли судья судда қораловчи–прокуратура вакилига ҳам, оқловчи–адвокатга ҳам тенг шароит яратиб берилиши шарт! Мазкур жиноят ишини кўриб чиқишда эса, бундай бўлмаяпти.
11.Адвокатнинг фикрича, бу гувоҳлар дастлабки терговнинг босими остида ўзлари кўрмаган ҳолатга кўрсатма беришган. Негаки, улар фаолият юритаётган бозор билан учар долларфурушларнинг “қора бозори” бир-биридан анча олисда. Дастлабки терговда кўрсатма берган гувоҳлар уларни кўриб-кузатишлари учун ўзлари ҳам тез-тез ё ора-сирада ноқонуний равишда валюта олиб туришганида “Бундай ишнинг охири вой…” дея насиҳат қилишга имконлари бўларди. Агар уларнинг кўрсатмалари босим остида, ёки ғараз ният билан берилмаганида, барвақтроқ яъни, жиноят илдизлари чуқурлашиб кетмасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган бўлишарди. “Мен анчадан бери уларнинг доллар сотишидан хабардорман..” деган гувоҳлар орасида ҳатто милиция зобити – профилактика инспектори ҳам борлиги таажжубингизни бадтар оширади. Ҳолбуки, муайян жиноятни аввалдан била туриб ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бермасликнинг ўзи ҳам жиноий жавобгарликка олиб келади. У қандай осойишталик посбони бўлдики, ўзи масъул бўлган ҳудудда валютафурушлар йиллаб бемалол фаолият юритишса-ю, бу ишлардан хабардорлигини фақат терговдагина айтса?! Агар у ўз ишини виждонан бажарганида, бозор ҳудуди ва атрофи долларфурушларнинг “иш жойи”га айланмасди.
12. Судьяларга ҳукм ўқиш олдидан “Ўзбекистон Республикаси номидан…” иборасини айтиш ваколати берилган. Бошқа ҳуқуқ-тартибот тизими идораларининг мансабдорларида бундай ваколат йўқ. Қадимда ҳам, бугун ҳам судьялар зиммасида айтадиган ҳар бир сўзлари, чиқарадиган қарор ва ҳукмлари учун икки дунё жавобгарлиги юкланган деган юксак мантиқ бор… Валютафурушларнинг иши бозор ташқарисида, асосан кўчада кечса, “…уларнинг доимий равишда доллар сотаётганини кўриб-кузатиб келаман, ҳатто кўп марта бу ишлари жиноят эканини айтиб огоҳлантирганман…” дея кўрсатма бераётган паттачи-ю тарозибон куни билан бозор ичкарисида ишласалар, мантиқан уларнинг дастлабки терговдаги кўрсатмаларини асосли деб бўладими? Адвокатнинг “Бозор хизматчилари ва маҳбусхонада тузилган сўроқ протоколида номи бору имзоси йўқ “икс адвокат Р.Тошев”ни суд залига таклиф қилайлик, берадиган саволларимиз бор…” деган илтимосини судья Р.Қутибеков: “Аввалги кўрсатмаларнинг ўзи етарли” дея рад этмоқда.Қонунчилигимизда фақат суд терговида аниқланган қатъий далилларгина судланувчини айбли деб топишга асос бўла олиши қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳимоячининг воқеликка аниқлик киритиш мақсадида киритган барча илтимослари судья томонидан: “Дастлабки терговдаги кўрсатмаларнинг ўзи етарли” дея рад этилаверса,ҳақли савол туғилади: унда суд мажлисининг нима кераги бор?
13. Шу тариқа Судья Р.Қутибеков гувоҳларни чақиришни сўраб судланувчи ва адвокат киритган илтимосномалардан ташқари, ҳатто ўзига ишончсизлик билдириб ёзилган рад этиш аризасини ҳам ўзи раислигида муҳокама қилиб, рад этиш ажрими чиқармоқда. 2017 йилнинг 26 -февралида кечаётган суд мажлисида чиқарган иккита ажримни ҳам 2016 йил 27 февраль санаси билан имзоламоқда. Судья шунчалар бепарвоми ё у залда эски йил хаёли билан ўтирганми?
АЛҚИССА: Бизнингча, Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Сурхондарё вилоятидаги ўта тезкор ходимлари ўзларини гўё ўта фаол ишлаётган кўрсатиб, содда одамларга тасалли, юқори идораларига эса семиз папкали ҳисоботлар бериш учун ҳам мана шундай “ўйинлар”ни ўйлаб топишаётганга ўхшайдилар. Акс ҳолда шундай тезкор тадбирлардан сўнг жамоат жойларидаги ноқонуний валюта савдолари бадтар авж олмаган, аксинча таг-томири билан йўқ бўлиб кетган бўлур эди.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
“Адвокат” журналининг махсус мухбири.