ҚУВГАН ҲАМ, ҚОЧГАН ҲАМ ХУДО ДЕЙДИ

adovat

Халқимиз бежизга “қувган ҳам, қочган ҳам худо дейди” деб айтмаган. Ҳақиқатдан ҳам, фуқаролик низосидаги ҳар икки тараф: даъвогар ҳам, жавобгар ҳам ўзича хақ. Низодаги ҳар иккала тараф ҳақ бўлиши мантиқан мумкин эмас, яъни хақиқат битта бўлади ва гап ана шу ҳақиқатни аниқлашда.

Бунинг устига низо юзага келган вақтда судья унинг устида турмайди. Амалдаги Фуқаролик процессуал қонунчилик талабига кўра, ҳар бир тараф очиқ суд мажлисида ўзининг талаби ва эътирозини исботлаб бериши лозим. Судьялар ишни кўриш жараёнида, бевосита суд мажлисида аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, амалдаги қонун нормаларига таянган ҳолда низо бўйича қарор қабул қилади.

Зулхумор Машарипова фуқаролик низосида-даъвогар, у судга мурожаатида жавобгарлар эр-хотин С.Тўраева ва Н.Худайбергановларга тегишли уйни сотиб олганлигини маълум қилиб, оғзаки тузилган уй олди-сотди битимини хақиқий деб топишни сўраган.

Жавобгар тараф уй мулкдори — С.Тўраева эса,  2008 йилда, яъни эри билан ўзаро ажрашиб кетгач, уй сотиб олганини, ушбу уйни сотиб олганидан эри Н.Худайбергановнинг хабари хам бўлмагани, 2009 йилда З.Машариповани уйига ижарага қўйиб, ўзи Россияга ишлаш учун кетгани, 2012 йилда З.Машарипова эри-Н.Худойберганов билан танишиб, у билан тил бириктириб, ушбу уй сотилгани хақида Н.Худайбергановдан тилхат олиб, уйини бўшатиб бермаётгани, эрининг ушбу уйни сотишга ҳуқуқи ва ваколати йўқ эканини билдирган.

Бундан ташқари уй олди-сотдиси нотариал тасдиқланмаган, оддий ёзма битим ҳам мавжуд эмас, З.Машарипова тилхатни йўқотиб қўйганини билдирган.

Тергов органи томонидан суриштирув олиб борилганида С.Тўраева уйини сотиб пул олгани ҳолати тасдиқланмаган, аксинча, тергов органи томонидан З.Машарипова ва Н.Худойбергенов юзлаштирилганда, Н.Худайберганов хотини билан ўзаро ажрашиб яшаётгани, хотини Россия Федерациясида ишлаб юрган вақтда З.Машарипова билан учрашиб, низоли уй турмуш ўртоғи С.Тўраевага 2008 йил 6 декабрдаги олди-сотди шартномасига асосан тегишли эканлигини билгани ва З.Машарипованинг илтимосига кўра, хотини Россияга кетиб қолганлиги учун унга аччиқ қилиб, унинг номидаги уйни сотиб, пулнинг бир қисмини олгани ҳақидаги тилхатни ёзиб бергани, аслида эса, З.Машариповага уйни сотмагани ва пул олмаганини билдирган.

Мазкур фуқаролик иши бўйича даъво талаби рад этилганидан норози бўлган З.Машарипова суд қарорларини янги очилган ҳолат бўйича кўриб чиқиш хақида  Олий судга  шикоят билан мурожат қилган. Унинг мурожаатига асосан суд қарорлари бекор қилиниб, 2018 йил 16 октябрда Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида иш кўрилиб, ҳар иккала тараф сўралиб, важлари текширилиб, З.Машарипованинг уй олди-сотди битимини ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъвоси рад этилган.

Ҳақиқатдан ҳам, З.Машарипова 2018 йил 24 октябрда Олий суд раиси ўринбосарининг (шикоятлар бошқармаси бошлиғи иштирокида) қабулида  бўлиб, Олий суднинг юқорида келтирилган унинг даъво талабини қаноатлантиришдан рад этиш ҳақидаги ажримига нисбатан назорат тартибида шикоятни топширган ва судлов ҳайъатининг 2018 йил 16 октябрдаги ажримининг ижросини тўхтатишни сўраган.

З.Машариповага Олий суд ажрими билан унинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилганлиги, уйдан кўчириш, уйга киритиш ёки бошқа ижро билан боғлиқ қарор қабул қилинмагани, яъни ижрони тўхтатишни талаб қиладиган масаланинг ўзи мавжуд эмаслиги, ижрога берилмайдиган қарорни тўхтатишнинг умуман хожати йўқлиги бир эмас, икки маротаба, хатто қабулга келган холис адвокатни ҳам чақириб тушунтирилди, шунингдек, унга назорат тартибида берган шикоятидаги барча важлари яна бир бор қонуний ўрганиб чиқилиши, агар шундан сўнг ҳам норози бўлса, Олий суд раисининг қабулига кириши мумкинлиги  ҳам тушунтирилди.

Ўрни келганда шуни қайд этиш жоизки, 2018 йил 1 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси талабларига кўра, ишдаги ҳар қандай тарафнинг шикояти асосида фуқаролик ишлари  назорат тартибида бевосита тарафлар иштирокида суд мажлисида кўрилиши йўлга қўйилган бўлиб, қабул қилинган суд қарорига назорат тартибида шикоят бериш ҳам тарафнинг процессуал ҳуқуқи ҳисобланади.

З.Машарипованинг суд қароридан норози бўлиб, 2018 йил 24 октябрда берган аризаси тегишли тартибда кўриб чиқиш учун қабул қилинган ва қонуний кўриб чиқилади.

Шунинг учун ҳам, иш ҳолатларига, яъни ким ким ҳақ, ким ноҳақ деган масалага тўхталишдан ўзимизни тийдик.

Аммо, З.Машарипованинг мурожатида:  Мен 24 октябрь куни Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровдан назорат тартибидаги шикоятим  кўрилгунга қадар ижрони тўхтатиб туришни сўраганимда, у  ҳеч бир асоссиз рад жавоби бериш орқали, мазкур иш қонуний ҳал бўлмаслигидан манфаатдор эканлигини олдиндан ошкор қилди?! Ушбу сохта низоли иш бўйича менинг ҳақ эканлигимдан Х.Ёдгоров шахсан  хабардор бўлатуриб: – мен умрбод сайланган, дахлсиз судьяман, мен ҳатто президентга ҳам бўйсунмайман., бу жойда менинг айтганим бўлади., дегач Сизга мурожаат этишга мажбур бўлмоқдаман!, деб, яъни айтилмаган гапни айтилди, деб туҳмат қилгинлигини ( қабулда шикоятлар бошқармаси бошлиғи, холис бошқа иш бўйича қабулга келган адвокат  иштирок этган, қабул жараёни кузатув камераси орқали видео тасвирга олинган) унинг виждонига ҳавола қилган ҳолда, унинг ушбу ҳаракатига, ишни қандай йўл билан бўлмасин ўз фойдасига ҳал этиш, судга таъсир этиш мақсадидаги хато уриниш деб,  халқ ибораси билан айтганда эса, “қўрқоқ олдин мушт кўтаради”, деб тушуниш жоиз.

Энг қизиғи, З.Машарипова негадир суд қарорини эмас, балки назорат тартибидаги шикоятини “Дунё ўзбеклари” сайтига юборган.

Гап 2018 йил 16 октябрдаги Олий суд ажрими ва унинг ижроси борасида бўлганлиги боис, биз қуйида ушбу суд ажрими кўчирма нусхасини келтириб ўтишни лозим топдик.

 

ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИ  ОЛИЙ  СУДИ

ФУҚАРОЛИК  ИШЛАРИ  БЎЙИЧА  СУДЛОВ  ҲАЙЪАТИНИНГ

А Ж Р И М И

2018 йил октябрь ойининг 16 кунида Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати очиқ суд мажлисида, ўз биносида видеоконференцалоқа режимида,

Раислик этувчи:  судья Н.Рахмонов,ҳайъат аъзолари: судьялар Ж.Тиркашев, М.Гуламовалардан иборат таркибда, Д.Бабаеванинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёрдамчиси Холияров, адвокат Х.Бобожонов, тарафлар З.Машарипова, С.Тўраева, ишончли вакилларнинг иштирокида, даъвогар Машарипова Зулхумор Рустамовнанинг жавобгарлар Тўраева Саломат Отахоновна ва Худайберганов Нуриддин Жобборовичларга нисбатан олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъвоси юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2016 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори ҳамда Хоразм вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 3 августдаги ажримига нисбатан Олий суд раиси ўринбосари томонидан келтирилган протестни фуқаролик иши асосида кўриб чиқиб, қуйидагиларни

А Н И Қ Л А Д И:

Баён этилганларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 375, 436-моддаларига қўлланиб, судлов ҳайъати

А Ж Р И М      Қ И Л А Д И :

Мазкур иш юзасидан чиқарилган фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2016 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди кассация инстанциясининг2017 йил 3 августдаги ажрими бекор қилинсин.

Иш бўйича қуйидаги мазмунда янги ҳал қилув қарори қабул қилинсин: -  Даъвогар З.Машарипованинг жавобгарлар С.Тўраева ва Н.Худайбергановга нисбатан хонадоннинг олди-сотди шартномасини ҳақиқий деб топиш ҳақидаги даъвоси рад қилинсин.

Раислик этувчи

Ҳайъат аъзолари

Мазкур суд ажрими билан танишган ўқувчида ҳақли савол туғилади: ушбу суд қарорининг қайси банди ижро билан боғлиқ ёки  унинг нимасини,  қандай тўхтатиш лозим?

Ёки йўқ ижрони тўхтатиш ҳақидаги ноқонуний талаб қаноатлантирилмаса, туҳмат қилиш ва бутун бир суд тизимининг обрўсига асоссиз путур етказиш мумкин деганими?

Олий суд матбуот хизмати

 

 

ПИЧОҚ ЎЗ СОПИНИ КЕСМАЙДИ…

Аввало, Олий суд матбуот хизмати., интернет тармоғидаги хабарга эътибор қаратгани таҳсинга сазовор.

Лекин, матбуот хизмати айнан суд тизими айби билан бу низо қарийб 10 йил давом этаётгани., мазкур суд ажрими бўйича протест кўриб чиқилиш жараёнида, суд ижрочилари  олий суднинг олдинги ажрими асосида З.Машариповани оиласи билан  мажбурий кўчиришининг ҳуқуқий оқибатларига юридик ва инспарварлик принципи асосида баҳо бермасдан, тўғрироғи била туриб мазкур иш олдинги суд инстанцияларида ФПК талабларига хилоф кўрилганлигини., хаспўшлаб., орқали Оммавий ахборот, Ахборотлаштириш, Матбуот тўғрисидаги қонун талабларига хилоф иш юритмоқда.

Олий суд томонидан ташкил этилиб, ундан маош олиб рўзғор тебратадиган ушбу матбуот хизматининг номини ошкор этмаган вакили келтирган: – қочган ҳам худо дейди, қувган ҳам., деган иддаосига: – пичоқ ўз сопини кесмайди., деган халқ ибораси тўла жавоб беради.

Матбуот хизматининг: – Ёки йўқ ижрони тўхтатиш ҳақидаги ноқонуний талаб қаноатлантирилмаса, туҳмат қилиш ва бутун бир суд тизимининг обрўсига асоссиз путур етказиш мумкин деганими., деган иддаолари билан ҳам келишиб бўлмайди. Чунки, Ўзбекистондаги суд тизими., ўз обрўсига ўзи тўлиқ путур етказиб бўлганлигига юзлаб мисоллар мавжуд.

Масалан, И.Каримов даврида санкциясиз қамоққа олиниб, мол – мулки талон – тарож этилган, мутлақа айбсиз 24 йил қамоқда ўтирган депутат Самандар Қўқонов, 17 йил қмоқда ўтирган истеъдодли ёзувчи  Мамадали Маҳмудов, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанов, тадбиркор Рустам Усмонов., каби миллатимизнинг юзлаб сара инсонлари ҳануз оқлангани йўқ?! Олий судга бир йил олдин оқланиш тўғрисида шикоят топширган С.Қўқоновга тегишли жиноят иши йўқ қилинган?! Ушбу ғайри қонуний ҳолнинг эҳтимолий сабабларидан бири С.Қўқоновнинг қамоққа олинишида бош ташкилотчи бўлган собиқ республика Бош прокурори, Адлия вазири, вафотидан олдини Олий суд раиси бўлган Бўритош Мустафоевнинг ўғли Шуҳрат Мустафоевнинг Бош прокуратурада бошқарма бошлиғи, унинг укаси Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасида., С.Қўқонов иши бўйича терговчи Халимовнинг Қорақалпоғистон Халқ қабулхонаси бошлиғи лавозимида ишлаётгани оқибатидир. З.Машарипова истеъфосини талаб этган Холмўмин Ёдгоров ҳам асли Б.Мустафоевнинг қавмдош шогирдидир.  “Эзгулик” ва Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотида турли фуқороларнинг Х.Ёдгоровнинг нохолис судь эканлигини исботловчи шикоятлар мавжуд.  Х.Ёдгоровдан “отписка” жавоб олган бу саргардон фуқороларни  Олий суд қабулида ҳар куни учратиш мумкин.

Аслида, ҳажман катта ушбу мухтасар маълумотлар Олий суд маҳкамаси тозаланиш ўрнига,  ўша “ахлат” даврдаги қилмишлар учун жавогарликга тортилиш лозим бўлган коорупцион кадрлар ҳисобига тўлирилаётганлигини яна бир бор таъкидлаш учун келтирилмоқда

Зотан З.Машарипованинг мурожаатида асосий гап, Урганч туманлараро судининг 2016 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарори ҳамда Хоразм вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 3 августдаги ажримларини бекор этиш тўғрисида (матбуот хизмати Олий суд раиси ўринбосари десада., негадир ажрим чиқарган судья номини келтирмаган) 2018 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан келтирилган протест ҳақида бормоқда.

Масалага қонуннинг барчага тенглиги асосида холис ва Ўз.Р.ЖПКнинг 11 – моддасида: – Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъий назар, жиноят процессида қонунийликни бузуш ҳисобланада ва белгиланган жавобгарликга сабаб бўлади., дейилган. Агар, масалага қонуннинг барчага тенглиги асосида холис ва ушбу қонунийлик принципи асосда баҳо берилса, нега Олий суд томонидан қонунга хилоф чиқарилган қарор ва ажримлари бекор бўлган судьялар жавобгарликга тортилмайди деган саволга жавоб берилиши лозим?!

Ахир, айнан ана шу бекор этилган ҳал қилув қарори ва ажримлари асосида фуқоро қарийб ўн йил сарсон бўлиб, моддий ва маънавий талофат кўрганлиги бадали ким томонидан қопланади?! Ўзбекистон Олий суди ҳали бу майда муаммолар ҳақида бирор марта бош қотиргани йўқ. Чунки, олдинги судда ишни кўрган судьянинг хатоси муҳокама этилмайди, у ҳар гал сувдан қуруқ чиқиб, то ДХБ пора билан қўлга олгунича қутулиб  кетаверади.

Зеро, жазосиз қолган ҳар қандай жиноий қилмиш ўзидан кейинги жиноятларга зинопоя бўлиб хизмат қилаверади. Ана шу қонунийликга итоатсизлик оқибатида президентимиз Шакат Мирзиёев рамзий тарзда 25 йил давомида тўпланиб қолган “ахлатлар” ғарами ҳануз суд, адлия, прокуратура, ички ишлар тизими аталмиш маҳкамаларда мустаҳкам жойлашиб олган ҳолди фуқороларнинг  конституцион ҳуқуқларини поймол этишда давом этмоқдалар.

Агар, хитой давлатида судья, прокурор ёки бирор амалдор бўлганида аллақачон осиб ўлдириладиган, Президент таърифлаган бу “ахлат” “бандалари” қонунбузарликга қарши содир этган қонунбузарликлари учун жавобгарликга тортилмас, Олий суд Президентимиз дастурига кирган жаҳон стандартлари даражотида фаолият кўрсатмас экан, З.Машарипова ва бошқа сансолорлик қурбонларининг норозилиги яна давом этаверади.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Олий суд маҳкамасини барча судьяларнинг қонуний принципига итоатини назорат этиш ва фуқороларнинг ҳуқуқларини Конститция талаблари асосида холис ҳимоя этишга чақиради.

 

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти.