Шавкат Мирзиёев бирданига тўртта қонунни имзолади

Биринчи қонун – «Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини ратификация қилиш тўғрисида». Қонунда таъкидланишича, Ўзбекистон ислом давлатлари Стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини ратификация қилмоқда.
Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 7 августда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда маъқулланган. Институт Уставида аъзо давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасида мазкур соҳада ҳамкорлик қилишнинг тартиби, шунингдек ИМСМИга аъзо давлатларнинг фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар эътиборга олинган.
Иккинчи қонун билан Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти Уставига киритилган тузатишни ратификация қилмоқда.
Кейинги қонун билан республика 2015 йил 12 декабрдаги Париж битимини ратификация қилди. Битим 2016 йил 4 ноябрда кучга кирган ҳамда 2020 йилдан бошлаб амалга оширилади. Битимдан кўзланган асосий мақсад – 2020-2030 йилларда парник газларни камайтириш ва бу орқали глобал исиш даражасини қисқартиришдир.
Охирги қонунга мувофиқ 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати куни этиб белгиланди. Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 6 сентябрда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда маъқулланган.
Kun.uz