ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ОҚЛАМАГАН ДЕПУТАТ

олимжон

Порахўрлик инсоният танасига асосан “нафс” кўринишида кириб унга зулукдек ёпишади. Бу жирканч иллат, яъни коррупция илдиз отган жойда адолатсизлик, иймонсизлик, қонунга ҳурматсизлик ҳукмронлик қилади.

Инсоният бу иллатнинг пайини қирқиш учун қонунларга таяниб курашади. Мамлакатимизда ҳам мазкур иллатга қарши бир қатор қонун ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.  Аммо кейинги пайтларда халқимиз ва Президентимиз ишонч билдирган айрим амалдорларнинг порахўрлик қилиб жиноят содир этаётгани ташвишланарлидир. Жамиятда бир нафар порахўр ё коррупция қулига айланган амалдорнинг пайдо бўлиши халқнинг давлатга, ҳукуматга, раҳбарларга бўлган ишончини сусайтиради. Агар ўша бебурд амалдорнинг кўксида депутат ёки сенатор нишони бўлса-чи? Бундан оғир, мудҳиш манзара бўлмаса керак.

Наманган вилояти халқ депутатлари кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаров ана шундай нафс қулига айланган, халқимиз, Президентимиз ишончини сув истеъмол қилган нокаслардан биридир.

Олимжон Тўхтаназаров – 1969 йилда Наманган вилояти Поп туманида туғилган. Миллати – ўзбек. Тошкент шаҳри Олмазор тумани А.Ҳидоятов кўчасида истиқомат қилади. Тошкент телеканалида режиссёр бўлиб ишлайди.  Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда туриб яшаётган Олимжон Тўхтаназаров 2014 йилда Наманган вилояти Поп туманидан вилоят халқ депутатлари кенгаши депутати этиб сайланади.

О.Тўхтаназаров депутатлик мавқеидан фойдаланиб халқнинг эмас балким ўзининг манфаатларини кўзлаб иш юритади. Кўза кунига эмас кунида синади деганларидай, Олимжон  2015 йилда Поп туманида фирибгарлик йўли билан 1000 АҚШ доллари олаётганда қўлга тушади. Бироқ депутатлик мавқеи, казо-казо танишларини ишга солиб ишни бости-бости қилдиради. Иш юзасидан аризачиларни муросаю мадорага келтириб, хамирдан қил суғургандай осонгина қутилиб қолади. Бироқ ўз моддий манфаати йўлида ҳар қандай ишни бажаришга киришишда давом этади. Кимнидир ишга жойлашми, мансабга қўйишми ёки ишдан бўшаганларни қайта тиклашми, унга фарқи йўқ. Чунки у депутат, қўлини қаерга узатса, етади.

Тошкентга келиб у ўзини Президент қабулхонаси ходимиман, деб таништириб кўпгина ижтимоий масалалар, жумладан, уй-жой билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш эвазига кўпчиликдан пора олади. Шунинг орқасидан турмуш ўртоғи Сайёра Халимова номига Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур ва Бектемир туманларидаги кўп қавватли «элитний» уйлардан учта квартира олади.

Жорий йилнинг август ойида фуқаро томонидан қилинган мурожаат Олимжон Тўхтаназаровга жуда ёқиб тушади. Депутат мавқеидан ўз манфаати йўлида фойдаланишни касб қилган бу кимса мурожаат орқасидан мўмай пул ишлашни кўзлайди. Хусусан, жорий йилнинг август ойида Наманган вилояти Поп туманида яшовчи Муҳаббат Инсопова Олимжон Тўхтаназаровга ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Муҳаббат Инсопова 1972 йилда Поп туманида тугилган. Миллати  – ўзбек. 2011-2017 йилларда Поп туманидаги 1-умумтаълим мактабида директор бўлиб ишлаган. 2017 йилда ЖК-167 ва 209 моддалари билан бюджет маблағларини талон-тарож қилишда айбдор деб топилган.

М.Инсопова депутат Олимжон Тўхтаназаровга ишини ижобий ҳал қилиб бериш, директорлик лавозимига тиклаб беришни сўраб мурожаат қилган. О.Тўхтаназаров эса жорий йилнинг сентябр ойида интернетдаги электрон почтасига  фуқаро М.Инсоповадан мурожаат келиб тушганини рўкач қилиб, бу иш юзасидан депутатлик текширувини олиб боришини ҳамда иш юзасидан материал тайёрлаб интернет тармоқларида тарқатишини айтиб вилоят халқ таълими бошқармаси ва 1-умумтаълим мактаби раҳбарларидан  М.Инсоповани ишга қайта тиклашни талаб қилган.

Жорий йилнинг 14 сентябр куни М.Инсоповага ишлари тез орада битиши, қайта ловозимига тикланиши ва моддий конпенсация ҳам ундириб беришини айтиб ҳамда Тошкентдаги адвокатга пул бериши кераклигини баҳона қилиб 500 АҚШ доллари пора талаб қилган.

М.Инсопова эса «халқ ишониб сайлаган депутат»нинг фирибгарлик ва таъмагирлик қилаётганини тушуниб етади.

ДХХ вилоят бошқармаси ва Наманган вилояти прокуратурасининг биргаликдаги сайъ-ҳаракатлари билан жорий йилнинг 22 сентябр куни фирибгар, порахўр депутат Чуст тумани ҳудудида 500 АҚШ доллари олаётганда қўлга олинади. Мазкур иш юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан О.Тўхтаназаровга нисбатан ЖК 168-моддаси 3-қисми ва 211 ҳамда 28 моддалари билан  жиноий иш қўзғатилгани муносабати билан унинг депутатлик дахлсизлигини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритилади. Айни пайтда мазкур иш юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, Олимжон Тўхтаназаров ҳам манзилига етиб келди. Нафс балосига учиб, гулдай умрини хазон қилди..

Абдували Умрзоқов