ХОРАЗМДА МАРҲУМА СУДДА ҚАТНАШДИ

Сарлавҳани ўқиб, “Журналист ҳам бор бўлсин, қаламим бор экан деб бўлар-бўлмас ёлғонни ёзаверар экан-да”, дейишингиз шубҳасиз. Биз-ку ёлғонни ёзмадик, ёзганлар бошқа.
Хоразм вилояти Янгибозор туманидан шикоят йўллаган фуқаро икки йилки, бошини учраган деворга уриб, ҳақиқат излаб юрибди. Уни ҳатто, ўликлар судда қатнашишига ҳам ишонтирмоқчи бўлишяпти. Тўғри-да, манаман деган катта-катта курсиларнинг катта-катта эгалари ишониб тургандан кейин у нега ҳам ишонмасин керак? Лекин, негадир ишонмаяпти.
Судьялар ва терговчиларнинг адолатсизликларидан зорланиб шикоят ёзган Ойбек Эсамуратов – зиёли инсон, моҳир шифокор, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали доценти, “беш дақиқаси кам” тиббиёт фанлари доктори, тўрт фарзанднинг отаси, (шундан икки нафари карате шарқ якка кураши бўйича республика чемпиони, хуллас, намунали бир оила соҳиби. У эрта-индин докторлик илмий ишини ҳимоя қилиш арафасида эди. Тақдир мана шундай ноёб неъматлар билан сийлаган бахтиёр банданинг қасддан, жиноят содир этмоғига одамнинг ишонгиси келмайди. Аммо бандасининг қисмат боғида ҳар доим ҳам ширин мевалар пишавермас экан. Бундан икки йил муқаддам – 2016 йилнинг 19 октябрь куни тахминан тунги соат 20.50-21.10 лар оралиғида биз тилга олган бахтиёр инсон “Ласетти” русумли машинасида автоҳалокатга йўлиқади. Айнан ўша куни, ўша кезларда ўзининг ва таниши Маҳбуба Қурёзованинг фарзандларини карате тўгарагидан олиб қайтаётганида унинг машинаси Урганч туманидаги “Янгишовот” ва “Жайхун” кўчалари кесишган чорраҳада катта тезликда келаётган Худойберганов Жасурбек бошқарувидаги “Каптива” билан қаттиқ тўқнашиб кетади. Иккала автоуловдагилар ҳам турли даражада тан жароҳати оладилар. Энг ёмони, бунинг оқибатида Маҳбуба Қурёзова ҳаётдан кўз юмади. Ўшандан буён икки йил вақт ўтибдики, бехосдан, эҳтиётсизлик туфайли содир этилган ушбу бахтсиз ҳодиса аниқ ва мукаммал ечимини топмаяпти. Томонлар бир-бирини айблашдан тўхтамаяптилар. “Каптива” ҳайдовчиси Жасурбек Худойберганов “Мен йўл қоидасини бузмагандим, чорраҳадан яшил чироқда ўтаётгандим, “Ласетти” эгаси қизил чироқда йўлимга кўндаланг чиқиб қолди” деса, Ойбек Эсамуратов: “Буларнинг ҳаммаси ғирром терговчилару судьялар томонидан тўқилган сохта айблов, “Каптива” ҳайдовчиси Жасурбек Худойберганов кучли маст ҳолатда юқори тезликда, қизил чироқда келиб машинамизни уриб юбориб, бизларга катта шикаст етказди. Автоҳалокат чизмасию, баённомаси ҳам, сохта гувоҳлар ҳам мен бир ярим ой шифохонада оғир аҳволда ётган пайтимда бирёқлама бўрттириб тузилган” дейди. Дарҳақиқат, ўтган икки йил мобайнида кечган барча суриштирув, терговлару бир неча босқич суд жараёнларининг барчаси (биргина ЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 24-июлдаги ажримини ҳисобга олмаганда Б.О) деярли ушбу низони Ойбек Эсамуратовнинг зарарига ҳал этган.
1. ЖИБ Янгиариқ туман суди (2017 йил, 13 апрель) Ойбек Ибрагимович Эсамуратовни Жиноят кодекси 266-моддасининг 2-қисми билан айбли деб топиб, икки йил муддатга транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда, унга иш ҳақи миқдорининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлайди. Шунингдек, ҳукмда Ойбек Эсамуратовдан “Каптива” ҳайдовчиси Жасурбек Худойберганов фойдасига 35 миллион 903 минг миқдорида етказилган мулкий зиённи ундириш ҳам белгиланади.
2. ЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 24-июлдаги ажримида биринчи инстанция судининг ҳукмида тасдиқланган айбловларнинг тамомила аксини кўрамиз. Яъни: а)“Жумладан, Ж.Худойберганов(“Каптива” ҳайдовчиси – Б.О) дастлабки тушунтириш хатида 2016 йил 19 октябрь куни соат 16.00да акаси Шавкатни кўришга келгани, ўша куни Россиядан келганини нишонлаш мақсадида иккаласи бир бутилка ароқ ичганликларини кўрсатган. Бироқ, кейинги кўрсатмасида бир шиша вино ичганликларини кўрсатган; б)…дастлабки тушунтириш хатида транспорт воситасини(“Каптива”ни Б.О) отаси бошқарганини, бироқ, ўтказилган тергов ва экспертизалар хулосасига кўра, рулда ўзи бўлганлиги исботлангач, аввалги кўрсатмасини ўзгартириб, автомашинани ўзи бошқарганлигини ароқ ичганлиги сабабли, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилишидан қўрқиб ёлғон кўрсатма берганини билдирган.
в) РШТЁИМ(Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази) Хоразм филиали навбатчи шифокори Я. Жуманиёзова воқеа жойига борганини, “Каптива” ҳайдовчиси Жасур Худойбергановдан қаери оғриётганини сўраганида “Рулнинг подушкаси қисиб қолганлигини айтгани, ўша пайтда ундан ароқ ҳиди анқиб турганини, ярим йўлга борганларида чанқаганини айтиб сув сўраганини, сув олмоқчи бўлиб тўхтаганларида эса, машинадан сакраб тушиб қочиб кетганини айтиб кўрсатма берган;
г) Суд-тиббий экспертизаси “Каптива” ҳайдовчиси Жасур Худойбергановнинг қонида 1,27%, сийдигида 1,55 фоиз миқдорда этил спирти мавжудлигини аниқлаб судга тақдим этади. Бу таҳлил натижаси автоавария содир этилган пайтдан ўн тўрт соатдан сўнг аниқланади. Бироқ, дастлабки суд уни тақдим этган экспертлардан нима учундир “Агар қонидаги алкогол миқдори 1,27% бўлганда ҳайдовчи енгил даражада маст ҳисобланса, ўн тўрт соат аввалги ҳолати қандай даража бўлиши мумкин эди?” деб сўрамайди;
д)Шунингдек, гувоҳларнинг дастлабки терговдаги бир-бирини инкор кўрсатмалари судьяда шубҳа уйғотиши ва атрофлича текширилиши керак эди. …гувоҳ О. Матёқубов икки кун ичида ўзининг кўрсатмаларини ўзгартирган (Яъни ўз-ўзини инкор қилган – Б.О) бўлса-да, бундан ташқари, уни олдинги сафар ҳам айнан шу терговчининг ўзи сўроқ қилган бўлса-да, бирор маротаба нима сабабдан бундай қилаётганини сўрамаган;
е) …иш юзасидан бир-бирига қарама-қарши кўрсатма бераётган барча гувоҳлар судда юзлаштириши лозим ва… у ёки бу ҳайдовчига ёрдам бериш мақсадида ёлғон гувоҳлик бериб, тергов ва судни чалғитишга ҳаракат қилганлиги аниқланса, уларнинг Ўз.РЖКнинг 238-моддасига асосан жиноий жавобгарлик масаласи муҳокама этилиши лозим…”
Хуллас, ЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанцияси ЖИБ Янгиариқ туман судининг 2017 йил 13-апрелдаги ҳукмида ўн саккиз ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят процецуал кодексининг 22-, 23-моддалари ҳамда Олий суд пленуми 2015 йил 26 июндаги “Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятлар билан боғлиқ ишлар юзасидан суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори талаблари бузилганлиги боис, Эсамуратов Ойбек Ибрагимовичга оид қисми бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан бошқа таркибда кўриш учун ЖИБ Хива туман судига юбориш ҳақида ажрим чиқаради.
3.Ушбу ажрим Ойбек Эсамуратовнинг кўнглига ёруғ умидлар олиб кирганди. Ажримдан кўзланган мақсад, биринчи инстанция суди йўл қўйган хатоларни тузатиш эди. Бироқ, мавҳум сабабларга кўра, тақдир тегирмони мутлақо тескари тарафга айланиб кетди. Гарчанд барча судьялар етарлича тажриба, билим ва малакага эга, боз устига фаолият бошлашларидан олдин: “Фақат қонунларга суянган ҳолда холис ва адолатли ишлайман!” дея қасамёд қабул қилган бўлсалар-да, Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди (2017 йил, 20 ноябрь) судьяси О. Машарипов Апелляция инстанцияси ажримида аниқ ва равшан далиллар билан кўрсатиб берилган ЖИБ Янгиариқ туман (2017 йил, 13 апрель. Биринчи инстанция) судида (Каптива русумли машина ҳайдовчиси Жасур Худойберганов фойдасига )йўл қўйилган хатоларни тузатиш ўрнига, ўзи чиқарган ҳукм(20.11.2017 й.)да “Сенинг гапинг–менинг парвойим, мана бўлмаса!” дегандек, аввалги хатоларни янада мустаҳкамлаб “қотириб”, дастлабки суд тайинлаган жазо устига “беш дақиқаси кам фан доктори”ни беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ҳам қўшиб қўйди. “Қани, энди ҳам бош кўтариб кўрсин-чи?”
4. Бироқ, шунча адабини эса ҳам ҳануз омадли, бахтиёр бандалик даъвосидан кечмаган қайсар Эсамуратовнинг “эси кирмади”. Тағин апелляция шикояти ёзди. Унга кўра, атай чигаллаштирилган бу ғалвали иш 2018 йилнинг 15 февралида тағин ЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясиЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Натижа 2017 йил 24-июлдаги ажримдагидек умидбахш бўлмаса-да, ҳарҳолда Худонинг раҳми келибми, бир пайтлардаги бахтиёр банда – Ойбек Эсамуратов елкасидан нафас ола бошлади. Ажримга кўра, Жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди (2017 йил, 20 ноябрь) ҳукмининг Эсамуратов Ойбекга оид қисми ўзгартирилиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартлиликка алмаштирилиб, икки йил синов муддатига белгиланди. Ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди.
5. Ҳануз омади чопмаётганига қарамай, аввалги бахтиёрлик дамларига қайтиш орзусидан кечмаётган Эсамуратов Ойбекнинг Ўзбекистон Республикаси Олий судига ёзган шикояти ҳам ЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 24-июлдаги ажрими каби умидбахш мевалар бермади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди ЖИБ судлов ҳайъатининг ажрими(21.06. 2018й)га кўра, ЖИБ Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йилнинг 15-февралидаги ажрими ўзгаришсиз қолдирилди.
***
– Луғатимизда тақдир, қисмат деган сўзлар ҳам бор-ку, нега тақдирга тан бергингиз келмайди? – сўрадик то ҳануз бахтиёр банда бўлишга қайтиш орзусида ҳаллослаб юрган Ойбек Эсамуратовдан.
– Ўзингиз ўйлаб кўринг, ғирт маст ҳолда катта тезликда машина бошқариб авария содир этган ўғли “Тез ёрдам” машинасидан сакраб тушиб қочиб қолсаю, ўрнига мўйсафид отаси ўзини ёлғондакам ярадор қилиб, рулга ўтирволиб: “Машинани мен ҳайдаб келаётган эдим” деб, тергов органларини, экспертиза мутахассисларини алдаса-ю, минг бир овворагарчиликлардан кейин ёлғони фош бўлгач, “Фарзандимни жавобгарликдан қутқариш учун Сизларни алдаган эдим, рулда ўғлим эди…” деса, қанча ёлланган гувоҳлар икки кун-уч кун аввалги кўрсатмаларини кейинги терговда ва судда мутлақо тескарисини айтиб ўтирсалар ҳам на судьялар, на терговчилар бунга қарши бирор қонуний чора қўлламасалар… Инсоф билан айтинг-чи, агар мана шундай ўйинларни бир орқаси йўқ, ҳимоясиз одам қилганида бошига не кунлар тушган бўларди? Худайбергановларга эса ҳамма нарса мумкин. Улар дастлабки терговлару судлар томонидан нега бунчалар кўп эркалатилди? Ўзларини калака қилишса ҳам терговчи, криминалистлар уларни жавобгарлик вазиятидан олиб чиқиш йўлини ўйлаб топаверишади. Ҳалол ва холис фаолият олиб боришга қасам ичган Хива шаҳар суди раиси О.Машариповдек малакали одам “Каптива” ҳайдовчиси Жасур Худойбергановни гарчи алкоголли ичимликдан маст ҳолда светофорнинг қизил чироғида катта тезликда чорраҳага кириб келган тақдирда ҳам бу ҳолат менга қизил чироқда машинасини учириб келаётган ғирт маст ҳайдовчини ўтказиб юбормасдан қайрилиш ҳуқуқини бермаслиги”ни суд ҳукмида(20.11.2017) очиқдан-очиқ ёзиб қўйган, ҳатто матнда қайта такрорлаган бўлса, нима мен оёқлари боғланиб қассобнинг тиззаси остида олинган қўймидимки, “Тақдирим шуларнинг қўлида экан, иложим қанча” деб ётаверсам?! Жиноят процецуал кодексининг 77-, 78-моддаларига кўра, судланмаган ҳисобланишимни яхши билсалар-да, асл мақсадлари шаънимни ерга уриш бўлган судьялар бир замонлар ишим терговга тушиб, аммо жиноий жавобгарлик масалам кўрилмасдан тугатиб юборилган айбловларни архивдан олиб барча ҳукм ва ажримлар матнларига тиқиштириб, гўё менга “Биринчи марта судлаётганинг йўқ” дегандек, исм-шарифим аввалида келтирмоқдаларки, булар бари ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас. Ҳатто мени бир айбим учун Учтепа туман судида ҳам “сўроқ” қилишганмиш. Аммо мен Учтепа тумани қаерда эканини шу пайтгача билмас эдим. Суриштириб билдимки, бу ҳозирда номи ўзгарган собиқ Акмал Икромов тумани экан. Бу туман суди қаерда жойлашганини эса, ҳатто тушимда ҳам кўрмаганман. Мақсадлари қандай қилиб бўлса-да мени панжара ортига жойлаш бўлган судьяларнинг биттаси: “Сени пачоқлаган ҳайдовчи маст бўлса ҳам, қизил чироқда ҳаракат қилган бўлса ҳам сен айбдорсан!” деса, айблаганда ҳам бадном қилиб айблаш учун яна биттаси икки ҳафта аввал ўлган аёлни суд залига “олиб келиб” эри билан ажрашиш ҳақидаги аризасини муҳокама қилиб ўтирса-ю, мамлакат миқёсида уларни инсофу адолатга чақиришга ярайдиган бирор-бир бир мард топилмаса…
– Нима, адашмадингизми, марҳумани ҳам суд қилишибдими?
– Э нимасини айтасиз, бизнинг Хоразм томонларда марҳумаларни судда қатнаштириб, хоҳласа эри билан ажратиб, хоҳласа яраштириб қўядиган аломат судьялар ҳам бор. Мана, исботи…
Суҳбатдошимиз тутқазган, судья Ж.Султанова раислигида 2016 йилнинг 3-ноябрида бўлиб ўтган Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг ажримини ўқиб қўлимиз ёқамизга етмай қолди. Унга кўра, даъвогар Маҳбуба Қурязованинг эри Болтаев Фурқатга нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси кўриб чиқилган… ва бугунги кунда эри билан ярашиб олганлиги боис, аёл даъвосидан воз кечган эмиш. “Савобталаб” судья хоним ҳам уни эри Болтаев Фурқат билан “яраштириб” қўймоқда. Ваҳоланки, 3 ноябрдаги суд мажлисида судья хоним “эри билан яраштириб қўйган аёл” 19 октябрь кечаси биз юқорида келтирган автоҳалокатда вафот этган ва мурдаси 20 октябрда Хоразм вилоят суд-тиббий экспертизаси томонидан ўрганилаётганди. Орадан ўн олти кун ўтиб эса, ФИБ Шовот туманлараро суди судьяси Ж.Султанова марҳумани суд курсисига “ўтирғизиб” никоҳини сақлаб қолиш билан оввора бўлаётир. Очиғи, бундай адолатпеша қозиларнинг тунни тун, кунни кун демай фидойиларча ишлайвериб, чалкашиб кетганларини кузатаётиб биз ҳам чалкашиб кетаёздик. Эҳтимол, бу чигалликларни ёзиб, низоларнинг адолатли ечимини топа олишга қодир судьялар ҳам топилиб қолар.
Аксариятимиз (миллатдошларимиз назарда тутилмоқда. Б.О.) мўмин-қобил оила муҳитида туғилиб вояга етганмиз. Қадимда юртимизни қудратли ёвлар босиб олиб, ғорат қилганида аждодларимиз қаттиқ қўрқитилган. Айниқса, ўз эрки учун Чор Россиясига зулмига қарши бош кўтарган боболаримиз қатл этилганда, “Бу жараёнларни кўрсин, бизлардан янада кўпроқ қўрқсин” дея босқинчи генераллар, зобиту аскарлар ҳатто ҳомилали аёллару норасида болаларни ҳам қатлгоҳга ҳайдаб келишган. Ўша қўрқув, ўша таҳликалар боболаримизнинг қону ҳужайраларидан вужудимизга, руҳимизга мерос каби сингиб қолгани ҳам рост. Яна ҳам очиғини айтадиган бўлсак, ўтган яқин чорак асрда ҳам бу ярамас туйғу етмиш икки томиримизда ўрнашиб қолди. Шундан буён мелиса, прокурор, терговчию судья каби кучишлатар соҳа ходимларини узоқдан кўрсак ҳам кўнглимизга ваҳима оралайдиган бўлиб қолган. Сони қанчалар кўп бўлса ҳам қалбида қўрқув ҳисси бор миллат чинакам миллат бўла олмайди. Миллат, халқ жонкуяри сифатида буни қалбан теран англайдиган Президентимиз Шавкат Мирзиёев икки йилдирки, қўрқитиш ва қўрқиш каби ана шу ярамас иллатларни халқ юрагидан таг-томири билан суғуриб ташлаш ташаббусини илгари сураётир. Бироқ, бу борада ҳали-ҳануз оқсашлар кўзга ташланмоқда. Бизнинг-ча, бунинг асосий сабаби, айрим маъмурий идораларда, айниқса, кучишлатар тизим мансабдорлари орасида қонхўр Чоризмдан мерос қолган ана шу ярамас иллатларнинг сақланиб қолишини ич-ичидан истайдиганлар ҳали анчагина..
Аммо, бир жиҳатдан Ойбек Эсамуратовга ўхшаш арбоблар билан ўйнашмаслик учун бир неча бор боплаб қўрқитилганига қарамасдан, то ҳануз бахтиёр банда бўлиш умиди сўнмаётганларнинг борлиги ҳам дилга таскин беради.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
“Муштум” журнали мухбири.