СУДЬЯЛАР НЕГА ДАЪВО АРИЗАНИ РАД ЭТДИ?

3

Шаҳрихон тумани “Найнаво” ҚФЙ, Қўрғонча қўчаси 91-уйни 2020 йилнинг 23 сентябрида Ш.П. нотариал идорадан олди-сотди қилиб, ўзининг номига расмийлаштирди. Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан ўтган йили уй сотиб олган Ш.П.нинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Қайтанга Тошкент билан Шаҳрихоннинг ўртасида сарсон бўлди.


Бу уйда рўйхатда турганлар 10 кун ичидаёқ рўйхатдан чиқиб кетишди. Бироқ бу уйнинг собиқ эгасининг акаси Ш.Каримов ва Н.Каримова ҳамда иккита фарзандлари ҳеч қандай ҳужжатларсиз яшаб келишмоқда.
Аслида бу уйда ҳеч ким рўйхатда турмайди. Уйнинг собиқ эгаси З.Қўчқорова уйни Жононхон Собировага сотган. Ж.Собирова эса Ш.П.га сотган.
Ш.П. бугунги кунда ўзи сотиб олган уйга бегона бўлиб ўтирибди. Уйида яшаётганларни чиқартириб юбориш учун Ш.П. фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди, Андижон вилоят суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига даъво аризалари берган. Афсуски қўлида шунча ҳужжат бўлсада, жаноб судьялар қаерга қараб даъво аризасини рад этганига тушунолмадим.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2001 йил 14 сентябрдаги “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги № 22-сонли қарорининг “Хусусий уй-жой фондидан фойдаланиш, тасарруф этиш, эгалик қилиш билан боғлиқ низолар” деб номланган бўлими 5 бандининг 6 қисмида “…судларга тушунтирилсинки, нотариал тартибда тузилган уй-жой шартномасида сотувчи ва унинг оила аъзоларининг турар-жой рўйхатидан чиқиб кетиш муддати кўрсатилган бўлса, шу муддат тугаган кундан, муддат кўрсатилмаган бўлса шартнома тузилган кундан эътиборан улар турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб ҳисобланади” деб тушунтириш берилган. Аммо судлар буни заррача эътиборга олишмаган ёки исташмаган.
Апелляция ва кассация инстанция судларида ҳам иш бир томонлама юзаки кўриб чиқилган.
Энди Ш.П. сотиб олган уйида “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ хирмонда ҳозир” деганларидек бегона одамлар яшайверадими? Нега уларни ҳеч ким қонун орқали чиқариб юборолмаяпти? Қўлида уйнинг барча ҳужжатлари бўла туриб, сотиб олган Ш.П. уйига куйиб қолаверадими?
Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро суди ҳал қилув қарорида “…Жавобгар томонидан судга тақдим қилинган Шаҳрихон туман ИИБ Мва ФРБ бошлиғи томонидан тасдиқланиб 30.10.2020 йилда берилган 43/27-545-сонли маълумотномада, Ш.Каримов ҳамда Н.Каримовалар Шаҳрихон тумани, Тўлқин МФЙ, Қўрғонча кўчасида жойлашган 91 рақамли уйга белгиланган тартибда доимий прпопискадан ўтганликлари қайд этилган”.
Андижон вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр” давлат корхонаси Шаҳрихон тумани филиалининг маълумотномасига кўра Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ-3961-сон қарорини ижро этиш ва кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантириш ва юритишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасини қарорига асосан Тўлқин МФЙ Қўрғонча кўчаси 91 уйда яшовчи фуқаро Шуҳрат Каримов Солиевичга 17:13:11:01:03:0192 тартиб рақами қўйилган. Уй-жой кадастр ҳужжатлари давлат рўйхатидан ўтказилган кадастр рақами 17:13:11:01:03:0736 тартиб рақами бўлиб ушбу кадастр рақами тўғрилигини маълум қиламиз” дейилган.
Яна “Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги ПҚ-3961-сон қарорини ижро этиш ва кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрини шакллантиришда МФЙлар томонидан берилган маълумотномаларга кўра ушбу фуқаро Ш.Каримовга 17:13:11:01:03:0192 тартиб рақами берилган бўлиб, ушбу кадастр рақами кейинчалик нотўғрилиги сабабли ушбу рақам филиал кўчмас мулк-3 дастурий таъминот базасидан ўчирилганлигини маълум қиламиз” дея тушунтириш берилган.
2020 йилнинг 12 декабрида Шаҳрихон туман ИИБ Мва ФРБнинг маълумотномасида эса “Шаҳрихон туман ИИБ Мва ФРБ сизнинг 14.12.2020 йил №1067 сонли алоқа хатингизга жавобан, № 17:13:11:01:03:0192 кадастр рақами Андижон вилояти “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр” давлат корхонаси Шаҳрихон тумани филиали томонидан ўчириб ташланганлиги учун бизнинг манзил дастуримизда кўринмаяпти” дея маълумот берган.

Бундан кўринадики, № 17:13:11:01:03:0192 кадастр рақами бекор қилинганлиги учун Шаҳрихон туман ИИБ Мва ФРБ томонидан 30.10.2020 йилда берилган Ш.Каримов ва Н.Каримовалар 91 уйда белгиланган тартибда доимий пропискадан ўтганлиги ҳақидаги маълумотнома ўз кучини йўқотади.
Шаҳрихон тумани Тўлқин МФЙ раиси Х.Усмонов “2006 йил 3 июлда Солижон Каримовга тегишли 91 уй қизи Зилола Қўчқоровага ҳадя шартномасига асосан берилган. 2015 йил 25 сентябрда З.Қўчқорова уйни Ж.Собировага сотган. 2020 йил 23 сентябрда уй Ж.Собировадан Ш.П.га нотариус томонидан расмийлаштирилган. Айни дамда уй Ш.П.га тегишли. Солижон Каримов уйни қизига ҳадя қилганидан сўнг ўғли Шуҳрат Каримов ота-онасини қизи Зилоланикига ҳайдаб юбориб, ўзи шу уйда яшаб келмоқда. Отаси вафот этган. Онаси З.Қўчқорованикида яшаб келмоқда” дея бу уй кимга тегишли эканлигига аниқлик киритиб маълумотнома берган.
Қўрғонтепа тумани Янгиқўрғон МФЙнинг далолатномасида “…Янгиқўрғон МФЙ раиси, раис ўринбосарлари, З.Қўчқорованинг турмуш ўртоғи ва қўшнилари шу ҳақда далолатнома туздикки, ҳақиқатдан ҳам З.Қўчқоровани ота-онаси Шаҳрихон туманида яшарди. Солижон Каримов қизи З.Қўчқоровага уйини ҳадя қилиб берган. Кейин ўғли Ш.Каримов ота-онасини Қўрғонтепа туманида яшовчи қизи З.Қўчқорованинг уйига ҳайдаб юборган. Отаси бугунги кунда вафот этиб, Қўрғонтепага “Бўйдоқ” қишлоқ қабристонига дафн қилинган. Онаси узоқ йиллардан шу кунга қадар куёвини қарамоғида яшаб келмоқда” дея маълум қилишган.
Зилола Қўчқорова эса акаси Шуҳрат Каримов ёшлигидан меҳрсиз бўлиб, икки маротаба Қирғизистондан уйланиб, ажрашганини, сўнгра яна биринчи аёли билан ярашиб 1998 йилда Сирдарё вилоятига кетиб қолганини, ота-онасидан умуман хабар олмаганини ёзиб берган. Яна унинг ёзишича, отаси ўз машинасини ва мол, қўйларини сотиб Сирдарёдан ўғли Шуҳратга уй олиб берганини ҳам таъкидлаган. 2013 йилда Шуҳрат Сирдарёдан қайтиб келиб ота уйига кириб олган. Уйни тортиб олиш мақсадида отаси ва синглисини қайта қайта судга берган. Зилола суддан безиб уйни сотишга мажбур бўлганини қайд этган. Отасини инсулт қилганини ҳам ёзган. Зилола уйни сотиб, пулини дори дармонга сарфлаган. Уйни сотиб олган Ж.Собирова ҳам бу уйда яшолмаганидан сотишга мажбур бўлган.
Бундан кўринадики судья жаноблари ишга юзаки қараб даъвони рад этган. Уйнинг қонуний эгаси Ш.П. бўлсада ўз уйига эгалик қилолмаётганини қандай тушуниш мумкин?
Судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари нормаларининг устунлиги тан олинмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?
Аппелляция ва кассация инстанция судларида ҳам юқорида қайд этилган ҳолатларга эътибор берилмасдан иш бир томонлама ва юзаки кўриб чиқилишининг сабаби нимада?
Қачонгача айрим судьялар Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган суд ҳуқуқ ислоҳотларига путур етказувчи қарорларни қабул қилишади?
Юқоридагилардан келиб чиқиб мутасаддилардан саволларимизга жавоб кутиб қоламиз.
С.ЖЎРАЕВА,
Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти аъзоси