МАШМАШАЛАР ҚАЧОН ТУГАЙДИ?

школа

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари  мустақил ташкилотига Самарқанд шаҳридаги  6-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг дутор ўқитувчиси Инобат Махамовадан директор Х.Ниязқулов ва унинг турмуш ўртоғи Р.Фармонованинг ноқонуний хатти-ҳаракати ҳақда шикоят ариза келди.

Ташкилот ходимлари 2021 йил 13 март куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги Маданият бошқармаси тасарруфидаги 6-сон болалар мусиқа ва санъат мактабига 30 йиллик иш тажрибасига эга бўлган дутор ўқитувчиси Инобат Махамованинг шикоят аризасини ўрганиш учун Маданият бошқармасининг раҳбари Хўжақул Муҳаммадиевга учрашдик.

Шикоят ариза билан танишиб чиққан раҳбар, бизларга юристи Абдуалим Эшназаров ва мутахассис Ойбек Раҳимовни ҳамроҳ қилди. 6-сон БМСМ директори Хайрулло Ниязқулов билан учрашдик. У бухгалтер ва кадрлар нозири Аҳмаджон Тошбоевни чақиртириб, бизларга керакли бўлган ҳужжатларни тақдим этди.

2021 йил январь ойида дутор ўқитувчиси И.Махамованинг шогирди, олий маълумотли қиз мактабга дутор ўқитувчиси вазифасига иш сўраб келганида директор Х.Ниязқулов томонидан рад этилган. Директор “Бизда иш ўрни йўқ” деган важни кўрсатган. Аммо ундан кейин келган, 2020 йилда ихтисослаштирилган санъат мактаби чолғу йўналиши бўйича тугатган Маҳлиё Ҳақбердиевани ишга олган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Мутахассис Ойбек Раҳимовнинг таъкидлашича М.Ҳақбердиевани вақтинчалик ишга олиш мумкин экан холос…

Директорнинг турмуш ўртоғи Раҳима Фармонова А.Расулов номидаги Самарқанд давлат санъат билим юртини “Ашула” ихтисослиги бўйича 1983 йилда тамомлаган.

Р.Фармонова мактабда эстрада ва солфеджиодан дарс берган. Кўриниб турибдики, Р.Фармонова директорнинг турмуш ўртоғи бўлганлиги учун 2 ставка ишлашга имконият яратиб берилган.

Мутахассис Ойбек Раҳимовнинг таъкидлашича “Солфеджио” ўқитувчилигига уни вақтинчалик олиш мумкин экан. Бироқ директорнинг турмуш ўртоғи 10 йилдан буён ҳам эстрада, ҳам “Солфеджио” ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқда.

Директорнинг турмуш ўртоғи мактабга ишга келганидан сўнг директорнинг ваколати Р.Фармоновага ўтганга ўхшайди. Мактаб томонидан кўрсатиладиган моддий рағбатлантиришларни Р.Фармонованинг розилиги асосида  директор имзолайди.

Шикоят аризани ўрганиш давомида мактаб жамоасини чақиртириб, мутасаддилар билан биргаликда 61 нафар ходимнинг ишга келиб-кетиш дафтарини ва ходимлар рўйхатини номма-ном ўқидик.  Маълум бўлишича, директорнинг ўғли Фаёзжон Файзуллаев (электрик), Азиз Нуруллаев (ўқитувчи), Амритдин Алиқулов (ўқитувчи), Доно Аминова (кийим-кечак мутасаддиси) “ўлик жон” бўлиб чиқишди.

Жамоадагилар ҳам бир-бирига қараб, уларни таниш-танимаслигини айтиб бера олишмади. Бир ёқадан бош чиқариб улар  мактабнинг қўштирноқ ичидаги раҳбари  Р.Фармоновага юзланишди.

Келди-кетди дафтарида ҳам, дарс жадвалида ҳам “ўлик жон”ларнинг номлари мутлақо қайд этилмаган! Яна масалага ойдинлик киритиш мақсадида директорга камерани кўрсатишимизни сўраганимизда, камера ишламаслигини важ қилиб, бизга айнан ўша ходимларни келиб кетганлигини кўрсатиб беролмади. Ваҳоланки шу пайтгача камера ишлаб турган экан.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Ходимларнинг келиб кетишини яширишдан мақсад нима бўлган? Бундан кўринадики, “ўлик жон”лар эвазига давлат пули талон-тарож қилинмоқда.

Биз  ишга оид ҳужжатларни бирма-бир варақладик. Шу вақтда моддий рағбатлантиришга эътибор қаратганимизда 2014-2015-2018-2020 йилларда “1 октябрь Устоз ва мураббийлар куни”, 2015 йил  “8 март байрами” муносабати билан бериладиган совғаларда 30 йилдан буён ишлаётган тажрибали ўқитувчи И.Махамова эмас, 10 йилдан буён ишлаётган директорнинг турмуш ўртоғи Р.Фармоновага ёзилиб келаётганлиги маълум бўлди.  Таажжуб!..

Бундан ташқари жорий йилнинг 8 март байрамида ҳам фақатгина директорнинг хотини Р.Фармоновани сийлаганини қандай тушуниш мумкин? Мактабда ундан бошқа хотин-қизлар йўқмиди? Аслида жамоани 60 фоизини хотин-қизлар ташкил қилса…

И.Махамова 30 йилдан буён шу мактабда фаолият юритиб, фидойилик қилиб, ишлаб, дуторчи қизларини Халқаро танловларга, “Янги авлод” фестивалларига олиб чиққан бўлсада мактаб томонидан рағбатлантириш тугул  битта гулни ҳам раво кўришмаган. Кўришмагани ачинарли ҳолатдир. Биронта тадбирига чақиртирилмаган. Қачон, қаерда тадбир бўлса Инобат Махамова томонидан тайинланган дуторчи қизлари иштирок этиб келган. Лекин устозга эътибор қилинмаган.

Кўп йиллардан буён фидойилик қилиб келган устоз ўқитувчига нисбатан бўлган ҳурмат эътибор шуми?

Биз иккала томонни ҳам тинглаб, муаммоларни ўрганиб, томонлар келишувига асосан  жамоада соғлом муҳит яратишга, устоз шогирд анъаналари йўлга қўйилиши бўйича  директор Хайрулло Ниязқуловнинг ваъдасига асосан келишилди.

Афсуски икки уч кун ўтмасдан яна мактабда ўқитувчи Инобат Махамовага босим бўлаётганлиги ҳақда хабар келди. Раҳима Фармонова устоз ўқитувчи И.Махамовани жамоага қўшмаслиги, яккалаб қўйганлиги, устоз қадр қимматини жойига қўйиш ўрнига уни менсимаслиги бу эса жамоани ўз йўриғида бошқараётганлигини билдирмайдими?

И.Махамова камситилиши натижасида ҳақ ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги хусусида ёрдам сўраб Самарқанд вилояти ҳокимлиги Маданият бошқармаси  юристи А.Эшназаровга бир неча бор  мурожаат қилсада, ҳар бир қилган мурожаатлари очиқ қолиб, ҳар бир қилган мурожаатидан кейин мактаб томонидан яна яккаланиши кучайган. Бу борада қуйидаги саволар туғилади:

6-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби Хайрулло Ниязқуловникими?

Хайрулло Ниязқулов бугунги кунда ишсизликни баратараф этиш бўйича чора-тадбирлар олиб борилаётган бир паллада таниш билишчилик, мактабни оилавий бошқаришини қандай тушуниш мумкин?

“Ўлик жон”лар эвазига давлат пули талон-тарож бўлмаяптими экан?

Бу кетишда жамоада соғлом муҳит кандай шаклланади?

Юқоридаги саволларга мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.

 

Шукрулло ПАРПИЕВ,

Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти журналисти